Узбек O'zbek
Осиё Кубоги. Бугун Япония тахтга қайтиш, Қатар эса илк марта тож кийиш учун майдонга чиқади
Жума, 01 Феврал
4438

Бугун БАА мезбонлигидаги иккинчи Осиё Кубогига якун ясалади. Абу-Дабидаги финал учрашувида Япония ва Қатар терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.

Учрашув Тошкент вақти билан соат 19:00да ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматовнинг ҳуштаги билан старт олади.

Қуйида ҳал қилувчи баҳс атрофидаги баъзи фактлар келтириб ўтилади.

Терма жамоалар
– Япония Осиё Кубогидаги 9-иштирокида 5-марта финалга чиқди. Бу терма жамоа аввалги тўртта финалнинг барчасида ғалаба қозонган. Япония қитъанинг энг кўп карра чемпиони ҳисобланади.

– Қатар 10-иштирокида биринчи марта финалга чиқди. Бундан аввал қатарликлар чорак финалдан ўта олмай келишган.

– Жами 17та Осиё Кубогида 10та терма жамоа финалда ўйнаган. Қатардан аввалги 9та дебютант финалчидан 4таси чемпионликка эришган.

– Қатар финалга қадар ўз дарвозасидан бирорта гол ўтказиб юбормади. Япония 3 маротаба (Туркманистон ва Ўзбекистон билан баҳсларда) ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди.

– Юқоридаги фактнинг давоми сифатида, Қатар битта чемпионат доирасида қайд этилган тўплар нисбати (+16) бўйича Осиё Кубоги рекордини ўрнатди.

– Қатар зарбаларни голга айлантириш борасида (34%) мусобақанинг энг яхши жамоаси бўлиб турибди. 20 фоиз самарадорлик қайд этган Япония ва Ўзбекистон терма жамоалари бу борада юқори учликка кирган.

– Дарвоза дахлсизлигини сақлаш бўйича Япониянинг ҳам кўрсаткичлари ёмон эмас: японлар турнирдаги охирги 11та ўйинидан 8тасида гол ўтказиб юборишмаган.

– Япония ва Қатар ҳозирга қадар Осиё Кубоги доирасида 4 маротаба тўқнаш келган. 1998 йилга тўғри келган биринчи ўйинда Қатар, кейинги 2та ўйинда дуранг, 2011 йилдаги охирги учрашувда Япониянинг ғалабаси кузатилган. Тўплар нисбати 7:5, Қатар фойдасига.

Футболчилар
– Қатарнинг 22 ёшли ҳужумчиси Али Алмаъиз 8та гол билан битта Осиё Кубогида энг кўп гол уриш бўйича рекордни янгилаши мумкин. 1996 йилги мусобақада эронлик Али Даи ҳам шунча тўп киритганди. Эътиборлиси, мусобақа давомида Алмаъизнинг 9та аниқ зарбасидан 8таси голга айланди.

– Қатарнинг яна бир 22 ёшли ҳужумчиси Акром Ҳассан Афиф икки йўналишда энг яхши соҳиби бўлиб турибди: у 8та голли пас узатди ва 20та хавфли вазият яратди.

– Япония ҳужумчиси Юя Осаконинг дарвоза томон аниқ йўллаган охирги 6та зарбасининг барчаси гол билан якун топди.

Финал йўлидаги 6 ўйиннинг умумий статистикаси:
Япония – Қатар

Голлар: 11 – 16
Зарбалар: 69 – 63
Дарвоза соҳасига зарбалар: 31 – 28
Зарбаларни голга айлантириш: 16% – 25%
Узатмалар: 2809 – 2477
Узатмалар аниқлиги: 82% – 80%
Майдоннинг учинчи қисмига узатмалар: 780 – 562
Майдоннинг учинчи қисмига узатмалар аниқлиги: 66% – 65%
Яқин/узоқ масофага паслар: 87/13% – 87/13%
Ўтказиб юборилган голлар: 3 – 0
Қабул қилинган зарбалар: 63 – 55
Дарвоза соҳасига қабул қилинган зарбалар: 15 – 10
Фоллар: 93 – 74
Сариқ/қизил карточкалар: 9/0 – 11/0

Финалга йўл
Япония: Туркманистон – 3:2, Уммон – 1:0, Ўзбекистон – 2:1, Саудия Арабистони – 1:0, Вьетнам – 1:0, Эрон – 3:0
Бош мураббий: Ҳадзиме Мориясу
Қатар: Ливан – 2:0, КХДР – 6:0, Саудия Арабистони – 2:0, Ироқ – 1:0, Жанубий Корея – 1:0, БАА – 4:0.
Бош мураббий: Феликс Санчес

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматов бугун иккинчи маротаба Осиё Кубоги финалини бошқаради. У Қатар мезбонлик қилган 2011 йилги мусобақада ҳам ҳал қилувчи ўйинга тайинланган эди. Абу-Даби финалида Эрматовга ҳамюртлари Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов қанотларда ёрдам беради.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз