Узбек O'zbek
Игуаиннинг АПЛдаги дебюти даҳшатга айланди, Сарри футболчиларни кийим алмаштириш хонасида қамаб қўйди
Пайшанба, 31 Январ
11642

АПЛнинг 24-турида «Челси» «Борнмут»га 0:4 ҳисобида мағлуб бўлди ва кучли тўртликни тарк этди.

Бу лондонликлар жамоаси премьер-лига тарихида иккинчи марта 4та тўп фарқи билан ютқазиши бўлди, биринчи марта бундай кўрсаткич 1996 йил сентябрида «Ливерпуль»га қарши ўйинда қайд этилган (1:5). Ўшанда мерсисайдликлар сафида Патрик Бергер, Жон Барнс ва Робби Фаулер гол уришган, 23 ёшли Жейми Реднапп захирада ўтирган, яна бир захира футболчиси, 16 ёшли Майкл Оуэнни ҳеч ким танимасди. «Челси» сафида Марк Хьюз, Жанлука Виалли, Деннис Уайз ва Роберто Ди Маттео тўп суришган.

Ўйиндан кейин Маурисио 50 дақиқа кийим алмаштириш хонасида ушлаб турди. Жанфранко Зола ва бошқа ёрдамчи мураббийлар бу ёпиқ суҳбатга киритилмади, улар шунчаки эшик ортида кутиб туришди.

«Муаммомиз, биринчи навбатда, психология билан боғлиқ. Биз муайян ўйин услубини ўзлаштириб олдик, деб ҳисоблагандик; лекин аслида бундай бўлиб чиқмади ва ҳозир бунинг учун тўлов қиляпмиз. Биринчи таймни ҳақиқатан ҳам яхши ўтказдик, аммо танаффусдан кейин дарҳол гол ўтказиб юбордик, шундан сўнг жамоавий ўйинимиз йўқолиб қолди. Биз ҳужум уюштирмай қўйдик, жамоа сифатида ҳимояланганимиз ҳам йўқ: барча индивидуал ҳаракат қилишга ўтиб кетди. Нега бундай бўлганини тушуна олмаяпман. Олдимизда ҳали 45 дақиқа бор эди. Агар диққатни жамлай олсак, вазиятни ўнглаш имконимиз бор эди. Ҳозирча ўйин услубимнинг энг асосий элементларини ҳам ўзлаштириб ололганимиз йўқ», – деди у кутиб турган журналистларга интервью берар экан.

Бу «Челси»нинг кейинги 6 ўйиндаги учинчи мағлубияти бўлди. Сарри жамоаси «Борнмут»ни тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи бўйича ортда қолдирди (68%-32%). Лекин жамоа зарба бериш борасида ортда қолди: 11 (7таси аниқ) - 12 (7таси аниқ).

Ўйиннинг асосий қаҳрамони - Дэвид Брукс бўлди. 21 ёшли уэльслик футболчи гол урди, голли узатма муаллифи бўлди, ўйин давомида Жоржиньони қўриқлади. 

Натижада Жоржиньо ўйин давомида атиги 59та пас амалга оширди (аниқлик - 86,4 фоиз). АПЛнинг жорий мавсумида у фақат икки топ-клубга қарши ўйинларда бундан пастроқ кўрсаткич қайд этганди («Тоттенҳэм» билан ўйинда 51, «Сити» билан ўйинда 50), у шунингдек, «Эвертон»га қарши ўйинда фақат 64 дақиқа ўйнагани учун бундан камроқ пас берганди.

«Борнмут»нинг норвегиялик ҳужумчиси Жошуа Кинг 2та гол урди ва бир голга узатма берди, энди у АПЛдаги голлари сонини 38тага етказди, энди бу борада у Жон Карью ҳамда Торе-Андре Флу билан тенглашиб олди. АПЛда фақат икки норвегиялик ундан кўпроқ гол урган, бири Стеффен Иверсен (40та, Кинг уни тез орада қувиб ўтиши тайин), иккинчиси Оле-Гуннер Сульшер (91та, Кинг учун бу қийин иш).

«Челси» билан шартнома имзолаганида Гонсало Игуаин Маурисио Сарри билан яна бирга ишлаш имкониятидан хурсандлигини, мураббий эса лондонликларга айнан шундай ҳужумчи кераклигини айтганди. У аввалига Англия Кубоги ўйинида, уч кун ўтиб АПЛ ўйинида майдонга чиқди. Натижа таассуротли эмас.

Гонсало Игуаиннинг АПЛдаги илк ўйини: 0 зарба, зарба бериш учун 0 пас, 64-дақиқадаёқ алмаштириш. У ўзи учун ҳам, жамоадошлари учун ҳам вазият яратолмади, икки марта офсайдда қолди. «Ҳозир у яхши спорт формасидамас, бу балки трансфер туфайли ўйин амалиётига эга бўлмагани учундир, қолаверса унинг белида оғриқ бор. Яқин вақтлар ичида у аввалги ҳолатига қайтади», – деди Сарри бу бўйича.

Энди «Челси» 24 ўйиндан кейин 47 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалида бешинчи ўринга тушиб кетган. Сарри жамоаси тўртинчи ўринни «Арсенал»га бўшатиб берган (Эмери шогирдларида ҳам 47 очко, лекин тўплар нисбати яхшироқ). Олтинчи ўриндаги «МЮ» лондонликларни 2 очколик фарқ билан таъқиб қилиб келмоқда. 10 февраль куни «Челси» «Манчестер Сити»га қарши ўйнайди.

Борнмут – Челси 4:0 (0:0, 4:0)
Голлар:
1:0 – 47 Кинг, 2:0 – 63 Брукс, 3:0 – 74 Кинг, 4:0 – 90 Дэниэлс.
Борнмут – Боруц, Клайн, Кук, Аке, Смит, Станислас (Мифем, 90), Гослинг, Серман, Фрэйзер (Дэниэлс, 90), Брукс (Айб, 68), Кинг.
Челси – Аррисабалага, Аспиликуэта, Рюдигер, Давид Луиз, Эмерсон, Канте, Жоржиньо, Ковачич (Лофтус-Чик, 77), Педро (Виллиан, 61), Игуаин (Жиру, 65), Азар.
Огоҳлантириш: Серман (72).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз