Узбек O'zbek
«Анжи-Арена»даги газоннинг кўчирилишини клуб бош мураббийи ва расмий сайти икки хил изоҳлади
Чоршанба, 30 Январ
2673

«Анжи» ўз расмий сайтида «Анжи Арена» газони билан боғлиқ вазият бўйича баёнот билан чиқди.

«Бугун қатор ОАВда клубнинг қарздорлиги сабаб «Анжи Арена» стадионидаги газоннинг олиб кетилаётгани ҳақидаги нотўғри ахборот пайдо бўлди. Стадионда режавий ишлар амалга оширилмоқда. Майдоннинг суратда тасвирланган қисмида коллектор жойлашган. Майдонни иситиш тизимида носозлик рўй берган ва тизимнинг бир ёки бир нечта трубаларидан сув оқаётгани борасида тахмин бор эди.

Стадион ходимлари профилактика ишларини ўтказишмоқда ва 20 кундан кейин газон ўсишини яхшилаш ва «Анжи Арена»ни мавсумнинг иккинчи қисмига тайёрлаш учун иситиш тизими ёқилади.

«Анжи»нинг ҳақиқатан ҳам стадион олдида қарздорлиги бор, аммо бу Премьер-лига ўйинларини ўтказиш учун лицензияга эга республикадаги ягона майдонни вайрон қилиш учун асос ҳисобланмайди», –дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Чемпионат.com» нашри Махачқальа клуби тўловларни амалга оширмагани учун стадиони газони кўчириб кетилаётгани, майдон ўрнига концерт майдони қуриш режалаштирилгани ҳақида хабар берган эди.

Шу билан бирга, «Анжи» бош мураббийи Магомед Адиев ТАСС нашрига стадион газони қарздорлик сабабли кўчирила бошлагани ҳақида маълум қилган.

«Анжи» молиявий муаммоларни бошдан кечирмоқда. Мавсум бошида клуб раҳбарияти Доғистон ҳукуматига қўллаб-қувватлашларини сўраб мурожаат қилган эди, аммо ёрдам бўлгани йўқ.

Клубда молиявий ҳолат кундан кунга ёмонлашиб бормоқда. Бугун стадиондан газонни ажратиб олиш бошланди, аммо биз бундан тушкунликка тушмаймиз. Вазифам – жамоани чемпионатга тайёрлаш, мен бу вазифани бажаришга ҳаракат қиламан», – деган Адиев.

«Профессионал мажбуриятларимдан ташқари, менга премьер-лига клубини ишониб топширган раҳбарият олдида маънавий бурчим ҳам бор. Албатта, улар мени тайинлашганида таваккалга қўл уришди, аммо ҳозир мен учун ҳаммасини ташлаб кетишдан осон йўл йўқ», – дея қўшимча қилган «Анжи» бош мураббийи.

Эслатиб ўтамиз, «Анжи» биринчи даврани 16 жамоа орасидан 15-ўринда якунлади. «Сариқ-яшиллар» 5 февралдан икки ҳафталик иккинчи йиғин учун Туркияга жўнаб кетишади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз