Узбек O'zbek
Қишнинг энг йирик трансфери. «Барса» Неймар учун «ПСЖ»дан қасос олди
Пайшанба, 24 Январ
27715

Европа футболидаги энг асосий талантлардан бири фаолиятини «Камп Ноу»да давом эттиради. Шу йилнинг ёзида «Аякс»нинг 21 ёшли яримҳимоячиси Френки де Йонг «Барселона»га ўтади.

Анъаналарнинг давом этиши
Ўтмишда ҳам кўплаб нидерландиялик футболчилар «Аякс»дан «Барселона»га келишган. Йохан Кройф бошлаб берган анъана кейинчалик Роналд Куман, Франк Райкард, Уинстон Богард, Рууд Хесп, ака-ука Франк де Бур ва Рональд де Бур, Филипп Коку, Микаэль Райцигер, Будевейн Зенден, Марк Овермарс, Патрик Клюйверт, Жованни ван Бронхорст каби футболчилар томонидан давом эттирилган. Энди улар сафига 21 ёшли Френки де Йонг ҳам қўшилади.

23 январь куни кечқурун «Барса» унинг трансфери ҳақида расман эълон қилди, де Йонг 2019 йилнинг 1 июлида кўк-анорранглилар сафига бориб қўшилади. У билан 5 йиллик шартнома тузилди, унинг трансфери учун «Аякс» 75 миллион евро оладиган бўлди, яна 11 миллион евро қўшимча бонуслар сифатида тўланиши мумкин.

У тарихдаги энг қимматбаҳо голланд эмас
Френки тарихдаги энг қиммат голланд футболчисига айланиши ҳам мумкин эди, «Барселона», «Манчестер Сити», «ПСЖ» ва «Ювентус» каби пулдор жамоалар сўраб турган вақтда «Аякс» уни 90 миллиондан камига сотмаслиги ҳам мумкин эди. Футбол журналистлари у Нидерландия футболи учун рекорд қийматда трансфер қилинишини кутишаётганди, бу ҳолда у бир йил муқаддам «Саутҳемптон»дан «Ливерпуль»га 78,8 миллион евро эвазига ўтган Виржийл ван Дейкнинг рекордини янгилаши мумкин эди. Аммо футболчининг ўзи нисбатан камхаржроқ «Барселона»ни танлади, «Аякс» ҳам уни қистовга олиб ўтирмади ва нархни туширишга рози бўлди.

У «Аякс» тарихидаги энг қимматбаҳо сотув
Шу билан биргаликда, унинг трансфери амстердамликлар клуби тарихидаги энг қиммат келишув бўлди, у клубнинг аввалги рекордини қарийб икки баробарга яхшилади. «Аякс»нинг бунгача энг қимматбаҳо футболчиси бир ярим йил муқаддам «Тоттенҳэм»га 40 миллион еврога сотилган колумбиялик ҳимоячи Дэвинсон Санчес бўлганди. Санчеснинг ўзи «Атлетико Насьонал»дан 5 миллион еврога сотиб олингани ҳисобга олинса, унинг трансферидан жамоа 35 миллион евро ишлаган бўлади, бу ҳолда де Йонгнинг трансфери клуб учун супермуваффақиятдир. Френки 2015 йилда амстердамликлар жамоасининг ўринбосарлар таркибига «Виллем II»нинг ёшлар жамоасидан 300 минг евро эвазига келиб қўшилганди.

Олдиндан келишув
«Барса» аввалдан ушбу футболчини кузатиб келарди. Ўтган йилнинг апрелидаёқ кўк-анорранглилар жамоасининг собиқ спорт директори Роберт Фернандес футболчининг отаси ва агенти билан учрашган, томонлар бир-бирлари билан яхши муносабат ўрнатишганди. 2018 йилнинг декабрида футболчининг отаси Voetbal Premium нашри мухбирига берган интервьюсида гапнинг бир учини чиқарганди: «Қарор баҳорда қабул қилинади. Френки «Аякс»дан кетиши 95 фоизга ҳал бўлган. Унинг учун энг яхши вариант «Барселона»дир».

Маҳбубанинг иқрори
Бугунга келиб де Йонг болаликдан «Барса»га ўтишни орзу қилгани маълум бўлмоқда. Унинг маҳбубаси Микки Кимени буни тасдиқлайди. У кўк-анорранглилар стадионида уч йил муқаддам олинган суратни ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштирди: «Шунчалик фахрланаманки! 2015 йилнинг 30 декабри, 3 йил олдин. Биз «Камп Ноу»га мухлис сифатида боргандик ва сенинг орзуингдаги жамоа ўйинини томоша қилгандик. 2019 йилнинг 23 январи, сен бутун дунёга бу жамоа учун ўйнашингни очиқ айтишинг мумкин, сен улкан орзуингга эришдинг».

2015 йилнинг 30 декабрида «Барселона» чемпионат ўйинида «Бетис»ни йирик ҳисобда мағлуб этганди (4:0).

Париждан таҳдид
Барча орзулар ва чиройли сўзларга қарамасдан Френки бошқа клубга ўтиб кетиши ҳам мумкин эди. Каталонияликларга энг жиддий рақобат «ПСЖ» томонидан бўлди. Французлар клуби ёш футболчини қўлга киритиш учун охиригача боришга қарор қилганди. Парижликлар де Йонга босим ўтказишда баҳслашиб бўлмайдиган масала - дўстликдан ҳам фойдаланишга уринишди.

Гап шундаки, «Аякс»нинг ҳозирги авлодидаги яна бир талант учун Европа клублари «овга чиққан». Бу жамоанинг 19 ёшли марказий ҳимоячиси, амстердамликлар сардори Маттайс де Лигтдир. У Френкининг яқин дўсти бўлиб, бу футболчилар битта клуб сафига ўтиш истагида эди. Бундай вариант «Барселона» билан рўй бериши амримаҳол эди, чунки Маттейснинг агенти бўлмиш Мино Райола каталонияликлардан комиссия пули сифатида қўшимча 10 миллион евро, шунингдек, ёш мижози учун йилига 12 миллион евро маош талаб қилганди. Шу билан бирга, каталонияликлар футболчи трансфери учун «Аякс»га 75 миллион тўлаши лозим бўларди.

Райола билан яхши муносабатлар ўрнатган «ПСЖ» эса унинг талабларини қондира оларди ва клуб «Аякс»га икки футболчи учун 150 миллион евролик таклиф жўнатди. Де Йонг орзуси ва дўстлик танловида қолганди, лекин айрилиқдан қочиб қутулиб бўлмади.

Президент бошчилигидаги делегация

Қолаверса уни узил-кесил кўндириш учун Амстердамга улкан делегация етиб келди - каталонлар клуби президенти Жозеп Бартомеунинг ўзи бу гуруҳга бошчилик қилди. У Френки иккилана бошлаганини, унинг агенти Али Дурсун ҳам Париж танловини маъқул кўраётганини билганида «темирни қизиғида босиш» учун ҳал қилувчи музокараларга ўзи боришга қарор қилди. Якунда эса томонлар табассум билан суратга тушишди, қоғозларга қўл қўйишди, «ПСЖ» спорт директори Антеро Энрике эса доғда қолди.

Миш-мишларга кўра, «Барселона»нинг бунчалик қатъиятига Неймарнинг «ПСЖ»га кетиб қолиши воқеаси учун жавоб қайтариш истаги сабаб бўлди. Шу тариқа, каталонияликлар рақобатчининг бурни остидаги «ўлжани илиб кетишди».

Де Йонг қаерда ўйнайди?
Ёзда каталонлар жамоасининг яримҳимояси марказида бошқа ўзгариш бўлишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бу чизиқ учун футболчилар керагидан ортиқ йиғилди. Де Йонгнинг сотиб олиниши шуни англатадики, Денис Суаресга жамоада жой йўқ. Шунингдек, ўринбосарлар жамоасидаги Карлес Аленья ва Рикки Пучу учун ҳам асосий жамоа учун йўллар берк. Ҳатто, Серхио Бускетс ва Иван Ракитич 31 ёшни қоралагани ҳисобга олинса ҳам, улар ротациялар вақтида Аленья ва Пучуга ўринларини бериб қўйишмайди.

Бускетс ҳали пенсияга чиқишни хаёлига келтирмаётган бўлсада, аъло даражада дриблингга эга ва пас бериш маҳорати юксак бўлган де Йонг аста-секин унинг ўрнини эгаллаб боради. Френки майдон марказида ҳам, таянч яримҳимоясида ҳам ўзини тиниқ сувдаги балиқдек эркин ҳис қилади. У иккала қанотда ҳам бирдек ҳаракатланиши мумкин. У универсал. У бехато ўйнайди. У ҳужумларни бошлаб беришни яхши кўради, «Аякс»да у кўпинча чуқур ҳимоядан жой олиб, де Лигт билан ёнма-ён туриб тўпни рақибдан олиб қўярди ва ҳужумларни бошларди. Ўтган мавсумда у Эредивизияда 8та голли пас берганди, жорий мавсумда у 4 гол уриб, 4 голга ҳаммуаллифлик қилди.

Ҳозирча қоғозда ҳаммаси шундай кўринмоқда. Афсонавий Кройф шундай издоши «Камп Ноу»га келганидан мағрурланиши мумкин эди. Де Йонг «Аякс» тарихида қисқа вақт ичида ўзидан из қолдирди, энди у бемалол Каталония пойтахтида ҳам ўз ўрнини топа олади. Буюк анъана давом этади, уни бузиб бўлмайди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз