Узбек O'zbek
Бугун Осиё Кубогида ҳали ютқазмаган учта терма жамоа майдонга тушади
Сешанба, 22 Январ
3782

20-21 январь кунлари Осиё Кубоги чорак финалининг учта жуфтлиги маълум бўлди. Тўртинчи баҳс иштирокчиларига бугун, 22 январда бўлиб ўтадиган иккита ўйин аниқлик киритиб беради.

18:00. Жанубий Корея – Баҳрайн

Куннинг илк баҳси Дубайда Жанубий Корея ва Баҳрайн терма жамоалари ўртасида кечади. Корейслар, шубҳасиз, жуфтлик фаворити. Паулу Бенту қўл остидаги жамоа гуруҳ босқичининг учала ўйинида ҳам ғалаба қозониб, ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди. Сон Ҳён Минг 3-турдаги Хитой билан ўйинга етиб келиб, гарчи гол урмаган бўлса-да, 7 марта голли вазият яратди.

Таркибида асосан маҳаллий чемпионат вакиллари жамланган Баҳрайн эса «А» гуруҳидан учинчи ўрин билан плей-оффга чиқди. Баҳрайнликлар очилиш ўйинида БАА билан дуранг қайд этиб, сўнг Таиландга ютқазишди, охирги турда Ҳиндистонни 90+1-дақиқада пенальтидан урилган ягона гол эвазига мағлуб этишди. Жамоа охирги 6та Осиё Кубогида 2-марта гуруҳдан чиқа олди. 2004 йилда Баҳрайн яримфиналгача етиб бориб, Японияга ютқазган эди (1:2).

21:00. Қатар – Ироқ

Ҳар иккала жамоа гуруҳ босқичини мағлубиятсиз ўтказди. Сўнгги турда Қатар Саудия Арабистонини мағлуб этиб (2:0), биринчи ўрин билан плей-оффга чиққан бўлса, Ироқ Эрон билан голсиз дуранг ўйнади.

Таъкидлаш керак, Қатар гуруҳ босқичида энг кўп (10та) гол урган жамоа бўлди, Али Алмаъиз 7та гол билан тўпурарлар рўйхатини бошқармоқда. У мусобақа бомбардири бўлиш эҳтимоли юқори, чунки энг яхши таъқибчиси – тўртта гол муаллифи Элдор Шомуродов турнирни тарк этди. Шунингдек, Қатарнинг 22 ёшли ҳужумчиси Акром Ҳасан Афиф учта ўйинда 10та хавфли вазият яратиб, 4та голга ассистентлик қилди ва бу икки кўрсаткич бўйича гуруҳ босқичида энг яхши натижани қайд этди.

Ушбу голлар самараси ўлароқ, бу сафар қатарликлар ўз тарихида илк марта Осиё Кубогида гуруҳ ғолиби бўлишди. Бундан аввалги икки плей-оффда жамоа биринчи ўйиндаёқ ютқазган: 2000 йилда Хитой, 2011 йилда Япония Қатарни чорак финалда қолдириб кетган.

Ироқ гуруҳда тўплар нисбати туфайли Эрондан кейин иккинчи ўринни олди. Сречко Катанец шогирдлари биринчи турда Вьетнамни 90-дақиқадаги гол билан мағлуб этган (3:2), кейин Яман дарвозасига жавобсиз учта тўп йўллаган эди. Илк раунднинг энг марказий ўйинларидан бири бўлган Эронга қарши ўйинда эса, юқорида таъкидланганидек, 0:0 ҳисоби қайд этилди. Эътиборлиси, ироқликлар 2007 йилги Осиё Кубогида чемпионлик бўлганларидан буён ҳали мусобақа плей-оффининг бирон ўйинини ғалаба билан якунлай олишмаган. Учта мағлубият ва фақат бир ўйинда дуранг натижа қайд этилиб, 2015 йилда пенальтилар сериясига кўра Эронни ортда қолдирганди.

Ушбу икки жуфтлик ғолиби ярим финал йўлланмаси учун баҳсда ўзаро рўбарў келади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирга қадар чорак финалнинг қуйидаги учта жуфтлиги ойдинлашган:
24 январь: Хитой – Эрон, Вьетнам – Япония
25 январь. Бугун аниқланадиган жуфтлик, БАА – Австралия

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз