Узбек O'zbek
«Барселона»даги навбатдаги жангари: Боатенгни ўйнатишдан қандай мақсад кўзланмоқда?
Сешанба, 22 Январ
7697

«Барселона» келиб чиқишига кўра ганалик бўлган, Германия фуқаролигига эга марказий яримҳимоячи — Кевин Принс Боатенгни қишки трансферлар дарчаси мобайнида ўз сафига ижара асосида қўшиб олгани «кўк-анорранглилар»нинг азалий мухлисларини ҳам бироз ҳайрон қолдирди.

Чунки бунгача «Барселона» учун кўпроқ соф «тўққизлик»да ўйнайдиганлар номзоди саналаётганди. Улар — «Жирона»нинг уругвайлик ҳужумчиси Кристиан Стуани, «Сельта»даги яна бир уругвайлик — Максимилиано Гомес, ҳаттоки «Челси»дан Оливье Жиру ва Альваро Мората, Американинг «Лос Анжелес»ида юрган Карлос Вела кўроқ тилга олинаётган эди, лекин Боатенг бунгача бирор марта эсланмаганди.

Италиянинг «Сассуоло» клуби сафида тўп суриб келаётган 31 ёшли ҳавбек шу йилнинг охиригача «Барса»га ижара асосида ўтди. Агар «Барселона»дагиларга унинг ўйини маъқул бўлса, тузилган шартнома бўйича 8 миллион евро эвазига уни харид қилиб олишлари ҳам мумкин.

Ўз карьераси давомида «Ҳерта» (2005-07), «Тоттенҳэм» (2007-09), «Боруссия» Дортмунд (2009), «Портсмут» (2009-10), «Милан» (2010-13), «Шальке» (2013-15), «Милан» (2016), «Лас-Пальмас» (2016-2017) ва «Айнтрахт» Франкфурт (2017-18) каби клублар сафида майдонга тушган мазкур футболчини «Барселона»га ўтишидан қандай мақсадлар кўзланмоқда?

Кевин Принс Боатенгнинг олиниши шунчаки «кўк-анорранглилар» ҳужумидаги вариантларни ошириш учунга ўхшамоқда. Ундан Луис Суаресга дам берилган ўйинларда унинг ўрнида рақиб ҳимоясини босимда ушлаб туриш учун фойдаланилса керак кўпроқ.

Чунки, Боатенг топ-футболчи саналмаса-да, лекин Суаресга ўхшаб жангари. Шу сабаб бўлса керак, мухлислар Луис Суарес, Артуро Видал, Кевин Принс Боатенг тасвирланган мэмлар ҳам ясашга улгуришди.

Боатенг аввал ўйнаган аввалги жамоаларда кўпроқ ҳужум ортида ўйнаган, «Барселона»да у ҳужум марказига қўйилса керак. Унинг орқароққа қайтиб ўйнаши ҳисобга олинган. Вальверде услуби бўйича ўйнаётган «Барселона»да шундай футболчига эҳтиёж бор, қанотларда Месси ва Дембеле доим ҳам ҳимояга ёрдамга қайтавермайди. Боатенгдан мана шу камчиликни компенсация қилиш талаб этилади.

Боз устига, Боатенг Испания Ла-Лигасида ўйнашга улгурган: «Лас-Пальмас» тўпни назорат қиладиган услубда ўйнарди, Боатенг шу клубга келиб, кўпроқ тоза ҳужум позициясида ўйнаган. Унгача, «Милан»да юрганида ҳужумкор ярим ҳимоячи эди.

Футболчининг минус тарафи — Боатенг ҳеч қачон тўпурар бўлмаган. «Барселона» уни ҳужумда ўйнатиб, ундан Луис Суарес каби голеадор ясай олмаслиги аниқ.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз