Узбек O'zbek
Миллий терма жамоа Дубай полиция офицерлари стадионида машғулот ўтказди — фоторепортаж
Жума, 11 Январ
5636

Осиё Кубогининг «F» гуруҳида иштирокини бошлаган Ўзбекистон миллий жамоаси 11 январь куни маҳаллий вақт билан соат 17:00да навбатдаги машғулотларга киришди.

Kun.uz мухбирининг Дубайдан хабар қилишича, бош мураббий Эктор Купер кечаги машғулот бўлиб ўтган майдоннинг ёритиш тизимидан қониқмаган, шу боис Туркманистон билан баҳсга тайёргарликни бошқа ўйингоҳда давом эттиришни талаб қилган. Шу тариқа бугун «Dubai Police Officers Club» стадионида машғулот олиб борилди.

Кечаги тайёргарликда асосий эътибор тикланиш машқларига қаратилган эди; бугунги машғулотлар тўла ҳажмда бўлиб ўтди, асосан тўп билан ишлашга аҳамият берилди. Хусусан, стандарт вазиятлар устида кўпроқ машқ қилинди. Қуйида жараённи кузатиб борган фотомухбиримиз юборган суратларни тақдим этамиз.

Эртага, 12 январь куни маҳаллий вақт билан соат 17:15да Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари иштирокида Туркманистонга қарши ўйинолди матбуот анжумани бўлиб ўтади. Соат 18:00да Эктор Купер жамоаси ушбу баҳс олдидан расмий машғулотларда қатнашади. Қўшни мамлакатларнинг 2-турдаги ўзаро тўқнашувига мезбонлик қиладиган «Rashid Stadium»да шанба куни кечқурун, шунингдек, Туркманистон миллий жамоаси бош мураббийи ва футболчиларидан бири иштирокида матбуот анжумани (19:15) ва жамоа расмий машғулоти (20:00) ҳам бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Осиё кубогининг «F» гуруҳида якшанба куни Тошкент вақти билан соат 18:30да Уммон – Япония, соат 21:00да Туркманистон – Ўзбекистон учрашувлари бўлиб ўтади.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз