Узбек O'zbek
«Гипноз». Терма жамоа ўйини ҳақида
Пайшанба, 10 Январ
19850

Мавзуга ҳар томондан келиш мумкин. Масалан, турнирдаги илк учрашув босими, Уммон деярли ўз майдонида тўп сураётгандек қўллаб-қувватлашларга эга бўлгани-ю, уларнинг голи офсайддан урилганини айтиш ва қўлга киритилган уч очкодан хурсанд бўлиш мумкин.

Ахир бу дегани деярли плей-офф йўлланмаси қўлга киритилди дегани, шундай эмасми? Ёки ўйиннинг ғариблиги, яратилган вазиятлар ва комбинацияларнинг деярли бўлмагани, аксинча, фақат омад ва Нестеровнинг маҳоратигина Уммонни очкодан маҳрум қилганини айтса бўлади. Яъни, бу фикрларнинг барисини айтган одамларни кўрдим, ўқидим, ҳар икки томон позициясига ўтиб ҳам аҳмоқ кўринмасликнинг иложи бор, ишонаверинг.

Мантиқан тўғри. Аммо гўёки савия жиҳатидан биздан кучсизлиги айтилиб келинган Уммонга бунча устунликни тақдим этган Купердан мантиқ топиш қийиндек.

«Рақиб ўзи учун мантиқан тўғри услубда ҳаракат қилди. Ҳисобда олдинга чиқиб олгач, ҳимояга эътибор қарата бошлади», – биз бақрайиб қараб турганимиз билан Пим Вербек ҳамкасбининг ҳаракатларини табиий қабул қилди.

«Бизда профессионаллик етишмади, рақиб футболчилари натижа учун барча нарсага, ҳатто қизил карточкага ҳам тайёр эканини намойиш қилди», – бу ҳам Вербекнинг фикрлари ва у ерда пичинг йўқ.

Бу ўйиндан сўнг, тан олиш мумкин бўлган ижобий эътирозлардан бири. Яна Нестеров, Аҳмедовнинг маҳоратига тан бериб, Шомуродовнинг совуққонлигига қойил қолиш керак, аммо биз учун янгилик эмас. Янгиликни биз аслида Купер шакллантирган ўйиндан қидирдик. Мухлислар жамоадан ҳужумкор, комбинацион футбол ва бешта голни кутишган, гўёки Рашидов, Машарипов, Сидиқов каби футболчилар билан, келиб келиб Уммон билан бошқача футбол мумкин эмасдек эди. Нима бўлди ўзи?

Устувор футбол ва унинг талаблари

Ҳар бир даврнинг, мусобақанинг, қитъанинг ўзига яраша устувор футболи бўлади. Мисол учун, Гвардиоланинг «Барселона»си, Зиданнинг «Реал»и сўнгги ўн йилликдаги Европада энг устувор футболни намойиш этган жамоалар ҳисобланади. Гап фақат натижада эмас, ўзи кўрсатадиган футбол услубининг урфга айланиши, ҳар қандай рақибдан қатъи назар ўз футболини намойиш этиши лозим бўлади. Мураббий учун энг марказий вазифа рақиб устунликларини йўққа чиқариш эмас, ўз устунликлари майдонда акс этишини таъминлаш бўлади. Сезиб турганингиздек, бундай футболнинг жуда муҳим талаби бор – бу жамоа ўша давр, ўша мусобақа ёки ўша қитъадаги энг зўр ижрочиларига эга бўлиши керак. Бир мураббий бундайроқ футболчилар билан, «Лестер» сингари, нимадир яратиш, турнирда ғолиб чиқиши мумкин, аммо бу билан ўша жамоа устувор футбол соҳибига айланмайди. Таркиб сифати жуда муҳим, Пеп Гвардиола ҳар қанча кучли мураббий бўлмасин, урфга айланиши мумкин бўлган футболни қуриши учун энг юқори малакадаги ижрочиларга эҳтиёж сезади. Умуман, тарихдаги ҳар қандай даврдаги модага айланган жамоаларни кўринг – аср бошларидаги «Милан» ёки «Реал», ўтган аср охирларидаги «Ювентус» ёки «Манчестер Юнайтед»: бу жамоалар урфга айланган футбол намойиш этиш билан биргаликда, ўша даврнинг энг яхши футболчиларини таркибга йиғиб ҳам олганди. Бусиз масалан, «Атлетико» ёки «Челси» сингари, яхши, кучли, баъзида совринлар ҳам юта оладиган жамоа бўлиш мумкин холос.  

Қисқаси, ҳеч қайси мураббий ўша даврда энг зўр бўлмаган ижрочилар билан устувор футбол жамоасини туза олмайди. Фақат тактика, фалсафа, схемаларнинг ўзи бунинг учун етарли эмас.

Италия феномени

Менимча, дунё футболида энг муваффақиятли терма жамоа – Италия. Ҳа, Бразилия кўпроқ чемпион бўлган, лекин у ердаги юлдузлар билан аслида икки баробар кўпроқ чемпион бўлиш керак эди. Ҳа, Германия барқарорроқ, аммо бой берилган бунча финал билан энг муваффақиятли дейишга тил айланмайди. Италия ўз салоҳияти ва ўзига хос футболи билан максималдан кўпроқ совринларга эга бўлган терма жамоадир, фикримча. Италияликлар чемпион бўлган жаҳон ёки Европа чемпионатларида турнирнинг энг кучли жамоаси бўлмаган ҳам.  Мана шу ҳақиқий муваффақиятдир.

Яна Италия терма жамоасини ҳаддан зиёд ҳимоявий ўйнашда айблашади. Тўғри, Бразилия, Германия ёки Нидерландия кўпинча таркиб борасида италияликлардан устун бўлади, табиийки, Италияда ҳимоявийроқ тўп суришдан бошқа имкон ҳам қолмайди. Аммо бу ерда бошқа жиҳат ҳам бор. Италия нафақат топ-ўйинларда, балки ўзидан кучсизроқ бўлган рақиблар билан ҳам ҳимоявий ўйнашни ихтиёр қилади. Эътибор берсангиз, кўпинча, италияликлар гуруҳ баҳсларидан жуда қийналиб ўтишади. Терма жамоа услуби ва фалсафаси асосан ўзидан кучлироқ саналган рақиблар билан қўл келади. Савол туғилади, хўп, ўша Бразилия билан тенг ўйнай оладиган Италия масалан, Норвегия, Швеция ёки Словакия билан ҳужумкор ўйнаши, йирик ҳисобда ғалаба қозониши мумкинку? Қаердан келади шунча муаммо?

Мусобақанинг финал ёки камида ярим финалда иштирок этишни мақсад қилган Италия доим биладики, бу йўлда айниқса, сўнгги босқичларда уларга ижрочилар маҳорати борасида кучлироқ рақиблар рўпара келади. Хўш, энди тайёргарлик стратегияси ўша кучли рақибларга қаратиладими ёки гуруҳдаги кучсизроқ рақибларгами? Албатта, Италия турнирга олиб борадиган асосий таркиб Бразилия ёки Испания каби рақибларга қаршилик қилиш нуқтаи назаридан танланади. Шунинг учун ҳам мураббийлар нуқул «Баджоми ёки Дел Пьеро?» мазмунидаги саволга жавоб излашга мажбур бўлишган.

Ҳайрон қолардим, рақиб – Камерунку? Ёки Эквадор. Кучсиз жамоаларга қарши мураббий ҳам Баджони, ҳам Дел Пьерони туширса бўлмайдими? Йўқ, қаранг, гуруҳда бу жамоаларга қарши ҳужумкор тактика танлаб, осонроқ ғалаба қозониши мумкин, аммо қисқа турнирда бу ўйинлар сўнгги босқичдаги ҳал қилувчи баҳсларга пойдевор бўла оладими?  Албатта, бўла олмайди.

Мураббий атайлаб, рақиб кучсиз бўлса ҳам, охирида Бразилияга қарши ўйнайдиган таркибни майдонга туширади. Рақиб – Камерун, лекин Италия уч нафар таянч ярим ҳимоячиси ва бир нафар ҳужумчи билан ўйнайди. Баджо ва Дель Пьеродан бири захирада ўтираверади. Бу таркиб ҳал қилувчи паллагача чархланиб бориши, тонусга кириши шарт. Ахир кучсизлар билан ҳужумкор таркиб ва бошқа фалсафа, эртага бошқа, кучлироқ рақиб чиққанда, энди ҳимоявийроқ ўйинга суяниш хавфли – жамоа бирданига бир неча хил йўналишларга урғу қарата олмайди. 

Ёрқин мисол – Португалия. Улар йирик турнирларда доим стратегиясиз жамоа сифатида назарга тушишарди. Чиройли ва ҳужумкор футбол, лекин натижасиз. Чунки, Шимолий Кореяга қарши танланадиган тактика билан Германияга қарши тўп суришга ижрочилар маҳорати етмай қолади. Ниҳоят, Евро-2016 турнирида португалияликлар бутун турнирни яхлит услуб ва фалсафа билан ўтказди, натижада, чемпионлик ҳам бўлди.

Агар таркибингизда турнирнинг устувор футболини намойиш эта оладиган даражадаги энг зўр ижрочилар бўлмаса, лекин узоққа боришни истасангиз, яхлит ва ўзгармас услубга таянишга мажбурсиз.

Ўзбекистон урф бўла оладими?

2011 йилги Осиё Кубогида Ўзбекистон терма жамоаси турнир учун трендни аниқлай оладиган даражадаги устувор футболни намойиш қилишга уринганди. Бу гуруҳ босқичида, кучсизроқ жамоаларга қарши ўхшаган, аммо биргина номинал ҳимоячи билан тўпни назорат қилиш ва ташаббус билан ўйнашга интилиш Иордания ёки Кувайт билан мосдир, аммо Австралия билан эмас. Абрамовнинг ташаббускор фалсафаси футболчиларга сингиб улгурган, энди навбат Австралия ва Кореяга келганда, уларни бутунлай бошқа жамоага айлантиришнинг иложи йўқ эди.

Энди савол: Ўзбекистон терма жамоаси бу сафарги Осиё Кубогида устувор бўлган футбол намойиш этишга қодирми? Бунга жавоб бериш учун терма жамоамиз таркиби қитъада энг кучли футболчилардан тузилганми ёки йўқ, шуни аниқлашимиз керак. Жавоб – йўқ ундай эмас, Осиёдаги турнирларда Япония, Корея ёки Эрон каби терма жамоалар устувор футбол кўрсатишлари мумкин холос. Биз уларга қарши ўйинларда биринчи рақам остида ҳаракат қила олмаймиз.

Биз нисбатан чекланган имкониятларга эга бўлган таркибимиз билан топ-рақибларни фақат уларнинг устунликларини чеклаш орқали ғалаба қозонишимиз мумкин. Яъни, Япония билан позицион ўйин кўрсата олмаймиз, ташаббускор бўла олмаймиз, фақат ҳимоявий футбол ёрдамида енга оламиз.

Уммон билан ўйинда ҳужумкор тактика қўллаш керак эди, Рашидов ва Машарипов каби креатив футболчилар билан ҳимоявий ўйнаб бўлмайди, дейиш мумкин, аммо агар кўрсатилган ўша ҳужумкор ўйин биз билан бутун турнир давомида ҳамроҳ бўлмаса, ҳужумкор ўйин кўрсатиш имконияти бизнинг пешқадам жамоалар билан ўйинларда бўлмаса, фойдаси нима? Менимча, Уммон ва Туркманистонга қарши ўйинларда бизга энг муҳими, уч очкодир. Ўйин сифатида, ташаббускорлик ва голлар сони бизни қизиқтирмаслиги лозим. Уммон билан ўйинда худди биз Япония билан ўйнаётгандек, эҳтиёткор тактика танланишида мантиқ бор – биз шу орқали айнан шу услубни чархлаб борамиз, эртага кучли рақибга қарши бутунлай тескари футбол кўрсатиш, янги кўникмалар ва юкламалар режимига ўтиш эҳтиёжи бўлмайди. Тўғри, кечаги кўрсатган ўйинимиз билан Японияга қаршилик қила олмасдик, аммо унгача, вакилларимиз ҳам тажриба тўплаб, ўйинда ўсишга эришишлари табиий. Фақат бир хил услубда ҳаракат қилиш орқали, ўйиндан ўйинга такомиллашиб, ўсиб бориш мумкин, деб ўйлайман.

Шунинг учун, кечаги ўйин сифати, кучсизроқ рақиб устидан зўрға ғалаба қозонганимиз учун у қадар хафа бўлмаслик керак деб ўйлайман. Уммон аслида ўзига яраша қийин жамоа экани (шу билан бирга ноқулай рақиб, шу вақтгача ўтказилган 5та ўзаро ўйинда уммонликлар 4 бор ғалаба қозонишган), илк ўйин ҳаяжонлари ва хатолари билан ҳам уч очкони қўлга киритганимиз, аслида, жуда яхши якун бўлди. Ҳамма жуда яхши ўйнаган ўйинда дуранг ўйнагандан кўра, кўп футболчиларнинг ўйини чиқмаган пайтда ҳам ғалаба қозонишимиз умидлироқ, чунки бу ҳолда жамоамизда ҳали потенциал борлигини, унинг ўсиш имкониятига эга эканини кўрсатади.

Юқорида Италия ва Португалия мисолида айтилганидек, бизда икки хил танлов бор эди: ҳамма билан ҳужумкор ва очиқ футбол ўйнаш ёки ҳамма билан ёпиқ, ҳимоявий тактикани танлаш. Биринчи вариантда бизда кучли жамоалар билан ўйинда натижага эришиш имкони йўқ экан, биз иккинчи вариантни танлашга мажбурмиз. Энг асосийси, биз ҳамма ўйинда бир хил услубни танлашимиз лозим, кучсизлар билан бошқача, кучлилар билан бутунлай бошқача, яъни ҳимоявий ўйнашга ҳаракат қилиш, жамоадаги йўналишни ва такомиллашиш хусусиятини йўққа чиқаради.

Барчаси назорат остидами?

Йўқ албатта. Биз атайлаб шундай тактика танладик, ҳаммаси биз ўйлагандек кечди, дейиш нотўғри. Худди шу сценарийдаги ўйин рақибнинг ғалабаси билан ҳам, дуранг билан ҳам якунланиши мумкин эди. Биз Уммонга керагидан кўп вазият бердик. Ҳужум чизиғида ўйланган режалар ишламади. Шораҳмедов, Машарипов, Бикмаев, Рашидов каби футболчилар ўз имкониятларидан жуда паст ўйин кўрсатишди. Жамоада ўйин амалиёти бўлмагани сезилди, турнир олдидан ўртоқлик учрашувлари ташкил қилинмагани хато бўлиб чиқди. Бу ҳақида яна гаплашамиз.

Лекин айнан ўйин учун ўйланган режа ва стратегия борасида эътироз йўқ. Худди шундай муносабат кутилганди, шукрки, ҳаммаси биз учун ижобий тугади. Ҳозирча, Дубайда ҳаммаёқ тинч.

Қ.Асланов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз