Узбек O'zbek
Осиё Кубоги Ўзбекистонда учта канал орқали намойиш қилинади
Шанба, 29 Декабр
13574

2019 йилнинг 5 январь - 1 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликларида Осиё Кубоги мусобақаси бўлиб ўтади. 

Унда Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам иштирок этади. 

ЎФА хабарига кўра, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси барча ўйинларни намойиш қилишни режалаштирган. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизматига «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов маълум қилган. 

«Спорт» телеканалининг яқин ҳамкори бўлган Франциянинг «Lagardère» компанияси орқали Осиё Кубоги мусобақасини трансляция қилиш ҳуқуқи қўлга киритилди. Айни пайтда мазкур мусобақани тўлиқ равишда мухлислар эътиборига ҳавола қилиш учун катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Юртимиздаги мухлислар Осиё Кубогидан ўрин олган барча 51та ўйинни жонли эфирда томоша қилиш имкониятига эга бўлишади. Гуруҳ босқичининг 3-туридан ўрин олган параллел равишда кечадиган ўйинлар эса Миллий телерадиокомпания таркибига кирувчи «UzHD» ёки «Маҳалла» телеканали орқали намойиш қилинади. «Спорт» телеканали шарҳловчилари мазкур турнирдан ўрин олган ўйинларни бевосита стадиондан туриб шарҳлаб боришлари режалаштирилган. Фақатгина мазкур масаланинг техник ечимини кутяпмиз.

Мухлисларга қулайлик туғдириш мақсадида, жонли эфирда намойиш қилинган ўйинлар эртаси куни соат 08:00дан бошлаб яна такроран намойиш қилинади. Бундан ташқари, ҳар куни «Осиё Кубоги кундалиги» бериб борилади. Ушбу дастурда барча ўйинларда урилган голлар ва эътиборга молик вазиятлар эфирга узатиб борилади. Шунингдек, «Спорт» телеканали студиясида Осиё Кубоги мусобақасига бағишланган дастурлар ташкил қилиниб, унда мутахассислар ўз фикрлари билан ўртоқлашишади. Хуллас, Ўзбекистондаги мухлисларни Осиё Кубоги мусобақаси муҳитига олиб кириш учун қўлдан келганча ҳаракат қиламиз», - деди Зоҳид Каримов.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз