Узбек O'zbek
Чусовитина: «Саккизинчи Олимпиада? Бу ҳақда 2019 йил охирида билиб оламиз»
Шанба, 29 Декабр
2447

Кеча бўлиб ўтган «Миллий спорт мукофоти-2018» маросимида «Халқаро майдонларда ўзбек спортини тарғиб қилгани учун» йўналишида жаҳон гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитина ғолиб бўлди. Спортчи МОҚ матбуот ва медиа департаменти вакилларига берган интервьюсида ортда қолаётган йил якунлари ва режаси билан ўртоқлашди.

«Спортчи доимо «бунданда яхшироқ натижа кўрсатишим мумкин эди» деган фикрда бўлади. Умуман олганда, йил ёмон ўтмади. Менга овоз берган, қўллаб-қувватлаган мухлисларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шуни айтишни истардимки, ўз ҳаракати ва хизматлари сабаб ҳар бир спортчи эътирофга лойиқ. Бу сафар омад менга кулиб боқди.

Муваффақиятларингни қадрлаб, мукофот беришлари жуда ёқимли. Биз аёллар совғаларни жуда яхши кўрамиз. Совға биз учун байрам. Ушбу эсдалик соврини кубок ва медалларим жамланмасини безаб туради. Ҳар бир ғалаба мени олдинга чорлайди.

Худо хоҳласа, кейинги йил бунданда яхшироқ ҳаракат қиламан ва 2019 йил охирига бориб ўзим учун саккизинчи бўлган Олимпия ўйинларида иштирок этишим ҳақидаги саволга жавоб оламиз. Аввалдан хеч нарса дея олмайман. Барчани яқинлашиб келаётган байрам билан муборакбод этаман», – деди Оксана Чусовитина.

43 ёшли спортчи 7та Олимпия ўйинларида иштирок этган ягона аёл гимнастикачи ҳисобланади. У 2018 йилда дастлаб Жаҳон кубоги олтин медалини қўлга киритди (март, Боку), Осиё ўйинларида кумуш медаль олди (сентябрь, Жакарта) ва Жаҳон чемпионатида тўртинчи ўрин соҳибаси бўлди (ноябрь, Доҳа).

Аввалроқ Чусовитина 2019 йилда Штутгарт мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионатида совринли ўринларни қўлга киритиб, Токио 2020 Олимпия ўйинларига йўл олишни кўзлаётгани ҳақида айтганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз