Узбек O'zbek
Руслан Нуриддинов допинг сабабли оғир атлетикадан четлаштирилди
Якшанба, 23 Декабр
25920

2012 йилги Лондон Олимпиадасида иштирок этган беш нафар оғир атлетикачидан олинган таҳлиллар Халқаро Олимпия Қўмитаси томонидан қайта ўтказилган допинг текширувида ижобий натижа берди. Бу ҳақда Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) матбуот хизматига таяниб, ТАСС хабар қилди.

Қайд этилишича, допинг тестига ижобий реакция берган намуналардан бири ўша мусобақада 105 кг вазн тоифасида тўртинчи ўринни олган ўзбекистонлик Руслан Нуриддиновга тегишли. Ундан ташқари, 2012 йилги олимпия ўйинларининг -105 кг вазн тоифасидаги чемпиони украиналик Алексей Торохтий, -56 кг.да бронза медали соҳиби озарбайжонлик Валентин Христов, шунингдек мос равишда 8- ва 14-ўринни эгаллаган белоруслик Николай Новичков ва арманистонлик Мелин Далузян ҳам рўйхатда бор.

Халқаро оғир атлетика федерацияси ушбу беш спортчини вақтинчалик фаолиятдан четлаштирган.

Аввалроқ сўнгги олимпия ўйинлари давомида допинг истеъмол қилиш ҳолатлари оғир атлетикачилар орасида кўплаб кузатилаётгани туфайли спортнинг бу тури Олимпиада дастуридан чиқариб юборилиши мумкинлиги маълум бўлганди. Ушбу масала ноябрь ойи охирида Халқаро Олимпия Қўмитаси Ижроқўмида муҳокама қилинган, аммо якуний қарорни қабул қилиш кейинроққа қолдирилган.

Маълумот учун, Руслан Нуриддинов орадан тўрт йил ўтиб, 2016 йили Риода олимпия ўйинлари рекордини ўрнатган ҳолда олтин медалга сазовор бўлган эди. У 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида ҳам турнир рекордини янгилаб, тенгсиз бўлди.

Руслан 2013 йилда жаҳон чемпионлигига эришган, Осиё чемпионатларида ҳам икки маротаба ғолиб чиққан. У 2014 йилда тиззасидан жиддий жароҳат олгани туфайли операция столига ётган эди, аммо жарроҳлик амалиёти муваффақиятсиз ўтгач, бир йил реабилитация босқичини ўтишга мажбур бўлди. 2015 йилда Нуриддинов яна бир марта операция қилингач, қайта тикланиб спортга қайтиши учун 10 ой вақт талаб қилинганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз