Узбек O'zbek
Анонс: Европада йилнинг охирги турлари, Англия боксинг-дэй арафасида
Жума, 21 Декабр
8488

Германия, Франция ва Испанияда танаффус олдидан сўнгги ўйинлар бўлиб ўтади. Италияда ҳам келаси ҳафта таътилга чиқишади. Англияда эса, энг қизғин палла энди бошланяпти. Албатта, турли кайфият, турли вазиятдаги кучли бешлик чемпионатларида келаётган дам олиш кунларига мўлжалланган эътиборли ўйинлар ҳам талайгина. Анъанавий равишда навбатдаги анонсимизни тақдим этамиз. 

БОРУССИЯ Д - БОРУССИЯ М (22 декабрга ўтар кечаси, 00:30)

Дортмудликлар ўтган турда кутилмаганда аутсайдерга имкониятни бой бериб қўйишди. Бу кетма-кет муҳим ўйинлардан кейин бўшашиш туфайли содир бўлган тасодифми ёки биринчи ярим йилда Европада энг кучли ўйин намойиш этган жамоалардан бирида пасайиш бошланяптими, бу саволга ушбу учрашув қисман жавоб беради. 

Рақиб ҳам анойи эмас, менхенгладбахликлар турнир жадвалида Дортмунд клубига энг яқин таъқибчи саналади. Жамоа жуда яхши формада - сўнгги 7 ўйинда атиги 1 мағлубият холос. У ҳам бўлса, анча кучли саналган «Лейпциг»дан. «Бавария» ҳам яқинлашиб келаётганини эътиборга олсак, бу ўйинда майдонга тушадиган ҳар икки жамоа ҳам ғалаба учун ўйнаши шубҳасиз. 

Ўзаро ўйинларга келсак, охирги 6 ўйинда мунтазам равишда дортмунликлар ғалаба қозониб келган. Ўз майдонидаги ўйинларда эса, охирги 12 учрашувдан 11тасида «адашлар»ни енгишган. Ўтган мавсумда «Идуна Парк»даги ўйинда мезбонлар 6:1 ҳисобида зафар қучганди. Ўша ўйинда ҳет-трик соҳиби бўлган Пьер-Эмерик Обемеянг ҳозир «Арсенал» таркибида тўп сурмоқда. Жамоанинг бугунги тўпурари Марко Ройс эса, ўз вақтида Менхенгладбахда тўп сурганди. Қизиғи, Ройс айнан собиқ жамоасига қарши ўйинларда самарали ҳаракат қилади - 6 гол ва 5 ассист. Бошқа бирор жамоага қарши Ройс бу қадар сермаҳсул бўлмаган. Лусьен Фавр - дортмундликлар устози 2011-2015 йилларда айнан Менхенгладбах жамоаси бош мураббийи бўлган.

Таркиблар борасида мезбонларда йўқотишлар йўқ. Меҳмонларда эса, ниҳоят жамоа етакчиларидан бири Жонас Ҳоффман майдонга қайтиши мумкин. У машғулотларга киришган ва мураббий муҳим учрашувда Жонасни сафга қайтариши мумкин.  

ВУЛВЕРҲЕМПТОН - ЛИВЕРПУЛЬ (22 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

Англия Премьер Лигаси пешқадамининг ўртамиёна «бўрилар» билан ўйинини алоҳида эътиборга олиш балки шарт эмасдир, аммо баъзи сабаблар бунга мажбур қилади. Масалан, ўйин жума кечаси бўлиб ўтади: бир ҳафта давомида Европа футболини соғинган мухлислар учун яхши машқ. 

Энг асосийси эса, «Вулверҳэмптон»нинг айнан топ-жамоаларга қарши ишончли ҳаракат қилишидир. АПЛ дебютанти дастлаб ўз майдонида «Манчестер Сити» билан ўйинда дурангга эришиб, сенсацияларни бошлаганди. Кейин эса, «Олд Траффорд» мезбонлари «Вулверҳэмптон» қаршилигини енга олишмади. «Арсенал» билан сафар ўйинида ҳам жамоа ҳисобда олдинда бориб, якунда бир очколи бўлишган. «Челси»га қарши учрашув эса, ҳатто Нуну Санто шогирдлари иродали ғалабага ҳам эришди. Жамоа топ рақиблардан фақат «Тоттенҳэм»га имкониятни бой берди - ўша ўйин ҳам жуда қизиқ ўтиб, 2:3 ҳисоби қайд этилганди. 

Демак, бугун «Ливерпуль»га ҳам осон бўлмайди. Бунинг устига, «Вулверҳемптон» охирги уч ўйинда кетма-кет ғалаба қозонди ва турнир жадвалида 7-ўринга кўтарилиб олди. Бу ўрин ўртамиёналар ичида чемпионликка тенг.  

Ўтган ҳафта ажойиб икки ўйин ўтказиб, Чемпионлар Лигасида кейинги босқичга йўлланма қўлга киритган ва Моуриньони истеъфога «чиқариб», лигада пешқадамликни ўз қўлида сақлаб қолган Клопп шогирдлари учун бу ўйин ҳам жуда муҳим. Боксинг-дей олдидан барқарорликни ва ўша юқори темпни сақлаб қолиш учун «Ливерпуль» очко йўқотмаслиги шарт. 

Айтганча, жамоалар ўртасидаги сўнгги учрашув икки йил олдин, Англия Кубоги учинчи босқичида бўлиб ўтганди. Ўшанда кутилмаганда «Вулверҳэмптон» сафарда номдор рақиби устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиққанди. 

БАРСЕЛОНА - СЕЛЬТА (22 декабрь, 22:30)

Испания чемпионатида «Барселона» учун энг сюрприз рақиблардан бири. Ноқулай, дейиш ҳам қийин, чунки бу жамоалар ўртасидаги ўйинлар доим қизғин ва курашлар остида кечади, деб айтиш қийин. Масалан, охирги уч йилда «Барселона» «Сельта» устидан «Камп Ноу»да уч марта йирик ҳисобда устун келган - 5:0, 5:0, 6:1. Аммо шу билан бирга, бу ўйинлар орасида ўтган йилги 2:2 ҳисобидаги дуранг ва 2015 йилдаги 1:0 ҳисобидаги меҳмонларнинг ғалабаси ҳам бор.  Ўша йили Вигода бўлиб ўтган ўйинда эса, «Сельта» 4:1 ҳисобидаги ғалабага эришган. 

Хуллас, бу жамоалар ўйинини олдиндан тахмин қилиш қийин: «Барселона» учун енгил сайр бўлиши ҳам ёки жуда қийин ўйин бўлиши ҳам мумкин. Шу нуқтаи назардан бу ўйинни эътибордан қочирмасликни маслаҳат берамиз. 

«Сельта» нафақат «Барселона» билан ўйинларда, умуман чемпионатда жуда беқарор. Ўтган турларда дастлаб сафарда «Вильяреал»га қарши қийин ўйинда иродали ғалаба қозонган виголиклар ўз майдонларида «Леганес» билан дуранг ўйнаб қўйишди. Мана шундай натижалар қайд этаётган «Сельта» ҳозирда 21 очко билан 9-ўринни эгаллаб турибди. Лекин Европа Лигаси ўринлари учун масофа узоқ эмас - 4 очко холос. 

Таркиблар борасида мезбонларда жуда кўп жароҳатлар бор. Рафинья, Малком, Семедо, Умтити, Роберто каби футболчилар ҳали ҳам жамоага ёрдам бера олишмайди. Булар ичида фақат Сержио Роберто машғулотларга киришди ва керак бўлганда, балки захирадан тушиб ёрдам бериши мумкин. Вальверде таркибдаги йўқотишларни ўрнини жуда яхши тўлдира оляпти, ҳатто 3 ҳимоячидан иборат схемани қўллай бошлаганини ўтган турда кўрдик. 

Бу ўйин байрам арафасидаги сўнгги ўйин бўлиб, кейин жамоалар икки ҳафталик таътилга чиқишларини эътиборга олсак, мураббий таркибда катта ўзгаришлар қилмаса керак. Катта эҳтимол билан йилнинг сўнгги ўйинини «Барселона» энг кучли таркиб билан ўтказади. 

КАРДИФФ - МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (22 декабрь, 22:30)

Бу ўйин ҳам аслида чемпионатдаги кучлар мувозанататига таъсир қилмайди, аммо бутун футбол жамоатчилиги томонидан интиқлик билан кутилаётгани табиий. «Қизил иблислар» устози Жозе Моуриньо истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига мавсум охиригача Оле Гуннар Сульшер мураббийлик қиладиган бўлди. «Юнайтед»нинг «олтин авлоди» вакилларидан бири худди 1999 йилдагидек, бу сафар мавсум ўртасида жамоани қутқариш учун захирадан майдонга туширилмоқда. 

«МЮ» ёзда жамоани янги мураббийга топшириш учун ҳаракат қилиши шубҳасиз, аммо бу дегани раҳбарият учун мавсум бутунлай тугади, дегани эмас.  Буни биз жамоани Кэррикка топшириб қўя қолиш ўрнига бироз тажрибалироқ бўлган Сульшер чақирилганидан ҳам билса бўлади. Демак норвегиялик мутахассис олдида жамоадаги муҳитни яхшилаш, янги қарашларни олиб кириш билан биргаликда, маълум бир натижага эришиш ҳам талаб этилади. Масалан, АПЛда кучли тўртликка яқинлашишга ҳаракат қилиш мумкин.
Бу вазифани бажаришга дарҳол киришиш учун Сульшерда имконият ёмон эмас, яъни тақвим «қизиллар» учун у қадар ноқулай эмас. «Кардифф», «Ҳаддерсфилд», «Борнмут»га қарши ўйинларда янги мураббий юз фоизлик натижа кўрсатиб, йилни ижобий нотада тугатиш имкониятига эга. 

Яна бир қизиқ тарафи, Сульшер асосий таркибда кимларни туширишидир. Сўнгги пайтларда Жозе услубига мос эмасликда айбланиб, захирада қолаётган бир қатор юлдузлар янги мураббий қўл остида янги имкониятга эга бўлишлари мумкин. Хусусан, Поль Погба мураббий учун бегона эмас, Сульшер Манчестерда ёшлар таркибини шуғуллантириб юрганда Погба ҳам таркибда бўлган ва улар биргаликда турнир ғолиби ҳам бўлишган. 

Яна бир қизиқ жиҳат, «Кардифф» Сульшернинг собиқ жамоаси саналади. Ёш мураббийнинг АПЛдаги тажрибаси айнан Уэльс клуби билан боғлиқ. Ўшанда мавсум ўртасида Сульшер «Кардифф»ни сўнгги ўриндан қутқариш учун олиб келинган, аммо вазифа уддаланмаганди. 

Уэльсликлар мавсумни жуда ёмон бошлаганликларига қарамасдан, сўнгги ўйинларда, айниқса, ўз майдонидаги учрашувларда ишончли ҳаракат қилишни бошлади ва хавфли зонани тарк этди. Уйда ўтказилган сўнгги беш ўйиннинг тўрттасида ғалаба қозонилган - бу факт ҳам мезбонларнинг осонликча очко бермасликларини кўрсатиб турибди. «МЮ»га қарши ўйинларда эса, «Кардифф»нинг натижалари ҳавас қилгудек эмас - охирги ғалаба 1960 йилда қўлга киритилган. Шундан кейинги 12 ўйиндан атиги 3тасида дуранг ҳисоб қайд этилган. 

Жамоаларнинг яна бир ўхшашлик жиҳати шундаки, «Кардифф» ва «МЮ» бу мавсумда ҳисобда орқада борган ўйинларда 9 очко олишнинг уддасидан чиқишган. Бу АПЛнинг бу мавсумида «Арсенал»дан (12) кейинги кўрсаткичдир. Яъни, бу баҳсни бемалол икки иродали жамоанинг кураши деб атасак бўлади. 

ЮВЕНТУС - РОМА (23 декабрга ўтар кечаси, 00:30)

«Ювентус» А Сериянинг «Бавария»си ёки «ПСЖ»сига айланиб олди. Натижалар нуқтаи назаридан бунга анча бўлган, ҳатто ички совринлар бўйича юқорида саналган жамоалардан ҳам муваффақиятлироқ. Лекин бу мавсумда ўйин борасида ҳам, чемпионлик курашида ҳам туринликлар мутлақ тенгсиз туюлишмоқда. Нафақат Италияда, балки кучли бешликни олсак ҳам, 2018 календар йилида чемпионатда 35 ўйиндан 30тасида ғалаба қозониб, бу кўрсаткич бўйича ҳам тенгсиз бўлиб турибди. 

Масалан, бу сафарги рақиб - «Рома», одатда ҳеч бўлмаса, мавсумнинг иккинчи ярмигача «Ювентус»ни таъқиб қила оларди, ҳозир эса, «Ювентус» икки баробар кўп очко жамғарган ва орадаги фарқ 22 очкони ташкил қилмоқда. «Ювентус» 16 ўйиндан атиги 8та гол ўтказди, «Ювентус» бирор марта ҳам мағлубиятга учрагани йўқ.

«Рома» эса, аксинча, юқорида тилга олинган фарқ осмондан тушиб қолгани йўқ. Чемпионлар Лигаси туфайли, икки фронтда жанг олиб борган римликлар А Сериядаги натижаларни ёмонлаштириб юборишди. Сўнгги 7 ўйинда атиги 1 ғалаба. Бу ўйинлардан фақат биттасида «Рома»  ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормади холос. 

Аммо гап алоҳида учрашувлар ҳақида кетса, агар кимдир Туринни қийин аҳволга солиб қўя оладиган бўлса, «Рома» ҳам шу таърифга муносибдир. Римликлар «Ювентус»га қарши ўз майдонидаги сўнгги 3 ўйинда мағлубиятга учрашгани йўқ, умуман, «Олимпико»даги охирги 8 ўйиндан атиги биттасида меҳмонлар ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқишган. Туриндаги ўйинлар статистикаси бироз фарқли. Охирги 7 ўйинда «Ювентус» ғалаба қозонган. Охирги уч ўйин 1:0 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлганига эътибор берсак, бу сафар ҳам «Ювентус»га осон бўлмайди.

Таркиблардаги жароҳатлар борасида, «Ювентус» ҳимоячилари Барцальи ва Конселу ҳали сафга қайтишгани йўқ. Сами Хедира эса, жамоа билан шуғулланишни бошлади. Худди шундай яхши хабар римликлар учун ҳам бор - Эдин Жеко ниҳоят бу ўйинда сафга қайтиши мумкин. 

БОШҚА ЎЙИНЛАР
22 декабрь. «АРСЕНАЛ» - «Бёрнли» (17:30), «МИЛАН» - «Фиорентина» (19:00), «НАПОЛИ» - СПАЛ (19:00), «ЧЕЛСИ» - «Лестер» (20:00), «МАНЧЕСТЕР СИТИ» - «Кристал Пэлас» (20:00), «АТЛЕТИКО» - «Эспаньол» (20:15), «Кьево» - «ИНТЕР» (22:00), «Айнтрахт» - «БАВАРИЯ» (22:30), «ПСЖ» - «Нант» (23 декбарга ўтар кечаси, 01:00); 
23 декабрь. «Эвертон» - «ТОТТЕНҲЭМ» (21:00).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз