Узбек O'zbek
Анталия сафаридан таассуротлар ва Моуриньонинг муаммоси ҳақида. Хайрулла Ҳамидов мақоласи
Чоршанба, 19 Декабр
11878

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари билан бирга яшасанг, сафардалигинг ҳам сезилмас экан. Чунки Ўзбекистон деган сўз янграб туради доим. Клуб билан бошқачароқ бўлса керак. 

Бундан олдин Австралияга бордик ва унда терма жамоамиз икки ўртоқлик ўйинини ўтказди. Машғулотлар ҳам бўлдикуя, аммо асосий эътибор ўйинга қаратилди. Туркия сафарини ҳам шундай тасаввур қилгандим – машғулотлар шу зайл кечади деган фикрда эдим. Йўқ, буткул бошқа манзара гувоҳи бўляпман.

Ўртоқлик ўйинларига тайёргарлик бошқачароқ кечар экан. Барибир. Мана шунисида терма жамоа яққол бир оилага айлана бошлар экан. Шуни сеза бошладим.

Кундан кунга машқлар оғирлашяпти, лекин футболчилар биринчи кундагидан кўра янада завқлироқ ёндашишяпти. Парадоксдек кўринадию, лекин бу ерда кўпроқ иш руҳиятга боғлиқми, дейман.

Оддий мисол келтираман. Эктор Купер машғулотлардан сўнг қайта тикланиш жараёнига жуда қаттиқ эътибор қаратишини ҳамма билади. Ҳар ҳолда дунё кўрган мураббий. Қайта тикланиш жараёнини машғулотнинг бир бўлаги деб ҳисоблайди. Шу боис, футболчилар машғулотни якунлашгач, сузиш ва саунага киришларидан олдин бир неча дақиқалик музли муолажага қаттиқ эътибор қаратмоқда. 

Бу ҳолат бизга бироз янгиликдир, майли, лекин мен бошқа нарсага эътибор қаратдим: Терма жамоамиз врачи Аброр Пирриев мазкур масалада ўша музли муолажани стадионнинг ўзида олиш фойдалироқлигини таъкидлаб ўтган. Бироқ, Купер тиббиёт ходимининг бу хулосасига қўшилган ҳолда ўз фикрини шундай тушунтирган: «Мен ҳамма нарса бир жойда бўлишини хоҳлайман, шунда футболчиларнинг кўпроқ жамланишларига эришаман, улар билан айнан машғулотдан сўнг суҳбатлашиш имкони туғилади, бу – муҳим жараён». Қисқача айтганда, оилага шаъма қиляпти. Оила муҳим жуда.

Чиндан ҳам чет эллик мураббийга – бунинг устига ўзига хос табиатга эга бўлган одамга – ҳам қийин, ҳам осон: футболчиларнинг ўтмишидан, кимлигидан бехабар ҳолда бугуни билан ҳисоблашиши плюсларидан бўлса, бошқа менталитет эгаларининг бошини жамлаши оғир жараён ҳисобланади. Аргентиналик мутахассисга бу масалада кўпроқ унинг ёрдамчилари – Антони, Маҳмуд ва Фантагучи ёрдам беришяпти. Аввало уларнинг ўзлари ўта иноқ йигитлар, шунингдек, футболчилар билан ҳам имкон қадар яқин гаплашишади. Керак пайтда дардкашга айланишса, бошқа пайтларда ҳазиллашишади ҳам. 

Айтмоқчиманки, Эктор Купер ўзининг алоҳида характери билан бир ўзи ҳеч нарса қила олмасди. У ёрдамчиларни жуда тўғри танлаганини кўряпман. 

Дунё футболини ларзага келтирган воқеа содир бўлди, ҳамма эшитди – Моуриньо «Манчестер Юнайтед» клубини тарк этди. Истеъфога чиқарилди. Кўпчилик унинг муваффақиятсизлигини тактик қарашлари, клуб мутасаддилари билан келишолмагани ва футбол тили билан айтганда қариб қолгани билан изоҳлади. Қўшиламан, ҳар қандай омиллар Маурнинг кетишига сабаб бўлган. Лекин у «МЮ»ни «Челси», «Интер», «Порту» ва «Реал» сингари катта натижалар билан тарк этгани йўқ-да, ҳамма гап шунда. Бу ерда яна бир нима бордек кўринади. 

Ўйлашимча, португалиялик ажойиб мутахассис Манчестерни оилага айлантира олмади. У ўзининг антиқа характери билан олдинги жамоаларида биринчи ва иккинчи мавсумда  нимадир қиларди-да. Бу сафар эплай олмади. Ҳозир кўпчилик айтяпти: Манчестер бошқа қадриятлар билан, бошқа клубларнинг йўлидан кетишга мажбур. Маурки эплай олмадими, демак, Ферги даврини такрорлаб бўлмас экан. Қизил шаҳарда унинг жамоаси оилага айланмади, бирор мавсум ҳам. Ферги қуриб кетган деворни ағанатиш, ўша қадриятларни бузиб ташлашга Маурга шу нарса халақит берди, деб ўйлайман кўпроқ.

Унинг параллелида Пеп Гвардиолани кўрайлик. Испан ўз ишини «Сити»да ҳам амалга ошира олди. Эътибор берганмисиз, мана шу икки мураббий ўз жамоаларидан турли ҳолатда кетишади. Испаниялик маэстро асосан тактик қарашлари ортидан келадиган  натижа қурбонига айланса, Моуриньоникида натижага омил яратувчи бўлак муаммони кузатишимиз мумкин. Жозега бу масалада янада қийинроқ эдики, у сэрга боғланиб қолган узоқ йиллик оилани яратиши лозим эди. Буни у эплай олмади.

Қачон натижа қайд этилади, қачонки клуб ёки терма бир мақсад йўлида ўз йўлбошчисига эргашса ва ҳар бир гапига қулоқ солса. Ўзини оила аъзоси деб ҳисобласа. Мен аминман, терма жамоамизнинг олдинги мураббийлари ҳам ўз «оилалари»га эга бўлишган. Ички муҳит ҳамиша зўр бўлган, эшитганмиз. Аммо ҳозиргиси турган гапки бошқача – ҳозир ўзбек футболчиларининг феъли билан маҳаллий мураббийларчалик ҳисоблашмайдиган, шу билан биргаликда, жамоа манфаати учун ўзини ўта яқин тутадиган хорижлик мураббий ишляпти. Маурдан фарқли равишда, Купернинг муаммоси камроқ. Унга Фергюсонга ўхшаган тенгсиз даҳо мерос ташлаб кетмаган, ҳаммаси нари борса «сити»чалик...

Хайрулла Ҳамидов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз