Узбек O'zbek
Тўлқин Қиличев: «Ёш боксчини шогирд қилиб олишда аввало ота-онасига аҳамият бераман»
Шанба, 15 Декабр
2248

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари Тўлқин Қиличев ва Раҳматжон Рўзиохунов Kun.uz билан суҳбатда Баҳодир Жалолов, Шаҳрам Ғиёсов ва Исроил Мадримов каби ўзбек боксининг бир қатор таниқли вакиллари асосий жамоага қандай жалб этилгани ҳақида гапириб беришди.

Терма жамоа катта мураббийи Рўзиохуновнинг айтишича, ушбу спортчиларнинг бугунги даражага етишида бош мураббий Тўлқин Қиличевнинг ҳиссаси катта бўлган.

«Оддий мисол сифатида Жалоловни оладиган бўлсак, у ўзи дарвозабон бўламан деб футболга келган спортчи эди. Қиличев унга тушунтириб, тўғри йўлга бошлаган. Ҳозир эса у боксда юлдуз даражасига чиқиб бормоқда.

Шаҳрам Ғиёсовни мен Хитойдаги чемпионатда кузатган эдим. Хитойлик жангчиларни қандай чиройли ютиб қўйганидан ҳайрон қолиб: «Бу Рой Жонс экан-ку» деганман. У Самарқанддаги республика биринчилигида ғолиб чиқиб, Хитойдаги Осиё чемпионатида Олимпиада лицензиясини қўлга киритди», - дейди Рўзиохунов.

«Ҳозир терма жамоада спортчилар жуда кўп – 120-130 нафар боксчи йиғилган. Уларнинг орасидан танлаб олиш осон, чунки у ерга тайёр спортчилар келади. Лекин Тўлқин каби уларни ёшлигидан танлаб олиш, унга меҳрини бериш ва улғайтириш катта меҳнат талаб қилади. Нима учун?

Чунки битирганидан кейин Муроджон ўз уйига – Наманганга, Жалолов воҳага, Мадримов Хоразмга ва шу каби бошқалар ҳам ўз вилоятларига кетиши керак эди. Аммо [Қиличев] уларни кеткизмасдан, ўз ёнидан уй олиб, овқатланиш шароитини яратиб, Чирчиқда олиб қолди ва шуғуллантиришда давом этди. Чунки энди ҳосил бераман, деган пайтда ўқишини битириб кетиши керак. Улар кейинроқ институтга киришди. Шу тариқа, Тўлқин бу боксчиларни аста-секинлик билан олиб чиққан», - дея таъкидлайди Раҳматжон Рўзиохунов.

Бош мураббий Тўлқин Қиличевнинг ўзи эса ёш шогирдларни танлаб олишда қайси жиҳатни биринчи навбатда инобатга олиши ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди.

«Ёш шогирдларни танлашда мен биринчи навбатда ота-онаси билан гаплашаман. Бу зўр, тилла бола бўлиши мумкин, лекин ота-онаси сизнинг қарорингизни қўллаб-қувватламаса, фойдаси йўқ. Улар билан гапингиз бир жойдан чиқмаса, иш бўлмайди.

Бола йиғлаб борганда ҳам ота-она: «Мураббийинг нима деса, шу тўғри» деб турса, шундагина бу болани оламан. Чунки мен қаттиққўл муносабатда бўламан. Шунга мувофиқ натижага ҳам жавоб бераман. Ота-онанинг сизни қўллаб-қувватлаши жуда муҳим: агар ота-она болани у ёққа, сиз бу ёққа тортсангиз, бола ўртада қолади.

Исроил ҳам, Муроджон ҳам, Баҳодир ҳам, Маҳмуд, Шунқор – ҳаммасининг ота-онаси шундайки, ўғлини ишониб топшира олади» – дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди Қиличев.

Интервьюни тўлиқ шаклда Kun.uz`нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз