Узбек O'zbek
Англияда «қизиллар» баҳси, Испанияда кичик Мадрид дербиси. Ҳафта ўйинлари анонси
Шанба, 15 Декабр
8596

Дам олиш кунларида Европа чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари давом эттирилади. Англияда «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасида дерби мақомидаги ўйин, Испанияда грандлар кучсиз рақибларга қарши ўйинларда навбатдаги очколарни қўлга киритишга ҳаракат қилишади.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЭВЕРТОН (15 декабрь, 17:30)

«Манчестер Сити» ўз майдонидаги «Эвертон»га қарши ўйини қандайдир ўткинчи учрашувдек кўриниши мумкиндек, аммо баъзи сабаблар борки, айниқса, «Ливерпуль» мухлислари бемалол қўшниларидан мадад кутишлари мумкин.

Биринчидан, ўтган турда «Челси» манчестерликлар устидан ишончли ғалабага эришди ва Гвардиола шогирдларини 2-ўринга тушириб юборди. Иккинчидан эса, «Эвертон» бугунги «Манчестер Сити» учун энг ноқулай рақиблардан биридир. «Этиҳад»да ўтган сўнгги 3 ўйиннинг бирортасида ҳам мезбонлар ғалаба қозона олишмаган. Яна шундай статистикага «Юнайтед» ҳам эга эди, аммо дербида ниҳоят «Сити» уйида ишончли ғалаба қозонди. Умуман, «Эвертон»га қарши ўтган сўнгги 7 ўйиннинг атиги 2тасида «Сити» ғалаба қозонган, холос. Ҳатто Гвардиоланинг илк мавсумида «Эвертон» уйида 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Аммо биласизми, 2017 йилнинг январидаги ўша мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» бирор марта ҳам кучли олтиликдан ташқаридаги жамоадан мағлубиятга учрамади. Атиги 7 бор дуранг қайд этди холос. Демак, ўртамиёна жамоаларга қарши жуда ажойиб натижалар қайд этаётган манчестерликларни яна бир бор «Эвертон» синовдан ўтказади.

Де Брюйне, Агуэро каби футболчиларнинг жароҳати гўёки «Сити»га таъсир қилмаётгандек кўринган, ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам жамоа ишлари жойида эди. Аммо Лондондаги ўйин муаммоларни аниқ очиб берди. Айниқса, ҳужум чизиғида Агуэронинг ўрни жуда ҳам билиниб қолди. Бунинг устига Давид Сильва, Фернандиньо, Стоунз каби футболчиларнинг ҳам жароҳатини қўшинг. Гвардиолада муаммолар талайгина. Бунинг устига, ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида баҳс бўлиб ўтди. Аслида ўйин клуб учун у қадар аҳамиятли бўлмаса-да, ротацияни кўнгилдагидек амалга ошириш имкони бўлмади - шундоқ ҳам ижрочилар кам.

«Эвертон»да таркиб борасида муаммолар йўқ. Катта эҳтимол билан кучли рақибга қарши етарлича ноқулайлик туғдирилади. «Эвертон»нинг сўнгги сафар ўйинларига эътибор беринг - «МЮ», «Челси», «Ливерпуль». Гўёки, иложсиз вазиятда Силва шогирдлари ёмон кўринишмади. «Челси» билан ўйинда дуранг қайд этилди, агар Пикфорднинг сўнгги дақиқадаги хатоси бўлмаганда, «Энфилд»дан ҳам очко олиб кетиш мумкин эди. Хуллас, томоша қилса арзийдиган ўйин.  

РЕАЛ - РАЙО ВАЛЬЕКАНО (15 декабрь, 22:30)

«Райо Вальекано» ҳам Мадрид клуби, демак бу ўйинга ҳам дерби мақомини бериш мумкин. «Реал» бу ўйинларда мунтазам ғалаба қозонади, масалан сўнгги 10 учрашув ҳам «қаймоқранглилар» фойдасига ҳал бўлган. Лекин биласизми, бу жамоалар ўртасидаги жуда кўп ўйинларда эсда қоларли воқеалар ҳам содир бўлади.

Масалан, 2016 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган сўнгги дербида «Райо» футболчилари ўйин бошидаёқ 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишган, аммо кейинчалик ҳисобни тенглаштирган меҳмонлар, сўнгги дақиқаларда ғалаба голини уришганди. Ундан олдинги Бернабеудаги учрашув ҳам кўпчиликнинг эсида қолган - худди шундай сценарийда бошланган учрашувнинг бошидаёқ меҳмонларнинг икки футболчиси қизил карточка олади. «Реал» эса, рақибини аяб ўтирмай, оз эмас, кўп эмас, 10 марта дарвозани аниқ нишонга олади.

Бу сафар ҳам «Реал»нинг устунлигига шубҳа бўлмаса кераг-у, аммо ўйиндан ўйинга шохдан-шохга сакраётган бугунги «Реал»дан ҳар нарсани кутиш мумкин. «Валенсия» ва «Рома» устидан қозонилган ишончли ғалабалар, «Эйбар» ёки ЦСКАдан қабул қилинаётган йирик мағлубиятлар билан алмашиб турибди. Соларининг «Реал»и ҳақида аниқ ва ишончли фикр билдириш осон эмас. Шу томондан ҳам навбатдаги дербини қизиқиш билан кутишга ҳақлимиз.

Дарвоқе, яна бир қизиқ факт. 2002 йилда бу жамоалар Испания кубоги баҳсида куч синашишганди. Тақдирни қарангки, «Реал»нинг охирги уч мураббийи – Зинедин Зидан, Хулен Лопетеги ва Саньяго Солари ҳам бу ўйинда майдонга тушган. Лопетеги ўшанда «Райо Вальекано» дарвозасини қўриқлаган бўлса, бу жамоанинг бугунги мураббийи Мичел Санчес ҳам ўша ўйинда иштирок этганди.   

ИСТАНБУЛ БОШОҚШЕҲИР – ГАЛАТАСАРОЙ (15 декабрь, 21:00)

«Истанбул дербиси» деганда асосан, «Фанербахче», «Галатасарой», ҳамда «Бешиктош»ни тасаввур қилишга ўрганиб қолганмиз. Аммо яқиндагина пайдо бўлган ва 2011 йилда Суперлигага чиққан «Истанбул Бошоқшеҳир» жамоаси ҳам моддий, ҳам амбиция жиҳатидан дадил қадамлар ташламоқда. Жамоа Туркия чемпионатида энг барқарор натижаларни кўрсатмоқда ва сўнгги уч йилда чемпионлик учун курашди ҳам.

«Истанбул ББ» таркиби эса, нафақат туркиялик, балки бутун футбол мухлисларига таниш бўлган номлардан иборат. Вулқон Бобожон, Эмре Белезўғли, Арда Турон каби маҳаллий юлдузлардан ташқари, Клиши, Инлер, Элиа, Адебайор каби тажрибали ва машҳур юлдузлар бор.

Доим сўнгги турларда ё «Галатасарой» ёки «Бешиктош»нинг тажриба ҳисобига улоқни олиб кетиши янги жамоага оғир ботган кўринадики, бу сафар тезликни янада қаттиқроқ олишди. «Истанбул» 15 турдан сўнг, энг яқин таъқибчисини 7 очко ортда қолдирган ҳолда пешқадамлик қилмоқда. 15 ўйиннинг 10тасида ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олгани ва атиги 6 гол ўтказиб юборгани ҳам таҳсинга сазовор. Саралаш босқичидаёқ еврокубоклардан чиқиб кетгани, жамоанинг бошқа етакчиларга нисбатан устунлигини таъминлаяпти.

«Галатасарой» турнир жадвалида 7-поғонада турган бўлса-да, вазият у қадар оғир эмас. Сабаби, пешқадамнинг таъқибчилари шу қадар зич жойлашганки, масалан, 2-ўриндаги «Қосимпошо» билан фарқ атиги 1 очкони ташкил қилмоқда холос. Яъни, бир ғалаба билан 2-ўринга кўтарилиб олиш мумкин.  Аммо сўнгги турлардаги муваффақиятсизликлар (2 дуранг, бир мағлубият) натижасида «Галатасарай» «Истанбул» билан орадаги фарқни катталаштириб юборди.

Ўзаро ўйинларга келсак, айниқса, «Истанбул ББ»га пул кириб келганидан буён, «Галатасарой»дан устунлигини намойиш қилмоқда. «Истанбул»даги сўнгги икки ўйинда мезбонлар йирик ҳисобда ғалаба қозониб, рақиб дарвозасига 9 гол ургани ҳам «Галатасарай»ни қийин кутиб турганини кўрсатиб турибди. Умуман, бу ердаги сўнгги 5 ўйиндан 4тасида мезбонлар ғалаба қозонишган ва учтасида йирик ҳисоб қайд этилган.

Таркиблар борасида, аҳамиятли йўқотишлар йўқ. Меҳмонлар таркибида Юнус Белҳанданинг январгача майдонга тушмаслигидан ташқари, ҳимоячи Рйан Донк дисквалификация туфайли жамоасига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, «Галатасарой» икки кун олдин «Порту»га қарши жуда драматик ўйинда майдонга тушгани, «Истанбул» эса, юқорида айтилганидек, еврокубокларсиз етарлича тайёргарлик вақтига эга эканини ҳам ҳисобга олсак, мезбонларнинг имконияти янада ошади. 

ТОРИНО – ЮВЕНТУС (16 декабрга ўтар кечаси, 00:30)

Derby della Mole – итальянчада худди шундай аталадиган Турин дербиси 110 йиллик тарихга эга. «Ювентус» Италияда ва дунёда миллионлаб мухлислари бор машҳур клуб бўлса-да, Турин шаҳрининг ўзида «Торино»нинг тарафдорлари кўпроқ саналади. 1906 йилда «Ювентус»нинг собиқ футболчилари томонидан тузилган бу жамоа айниқса, ўтган асрнинг 40-йилларидаги (беш марта чемпионлик) ёрқин ўйинлари ва албатта, бутун таркибни дунёдан олиб кетган 1949 йилдаги мудҳиш авиаҳалокат туфайли янада кўпроқ эътибор қозонган.

А Серияда сўнгги чемпионликни 42 йил олдин нишонлаган, Италия Кубогини эса охирги марта 1993 йилда қўлга киритган «Торино» буёғига совринлар борасида қўшнилардан катта фарқ билан ортда борса-да, айнан мухлисларнинг кўплиги ва қўллаб-қувватлашлари туфайли дербиларда жуда яхши ҳаракат қила олади. Сўнгги 12 ўйинда «Торино» атиги бир маротаба ғалаба қозонган бўлса-да, айниқса, «Олимпико Гранде Турин» стадионидаги ўйинларда рақибига доимо кескин қаршилик кўрсатиб келган.

Маццари шогирдлари сўнгги пайтларда муросасиз жамоалардан бири бўлиб қолмоқда ва охирги 12 ўйиндан атиги бир мағлубият қайд этилгани ҳам бунинг яққол исботидир. «Ювентус» эса, тарихидаги энг яхши стартни амалга оширмоқда ва очко тўплаш бўйича бутун Европада энг яхши кўрсаткичга эга. Туринликлар жамоасининг мағлубиятсиз серияси А Серияда 20 учрашувга етиб улгурди.

Таркибларга келсак, «Торино»дан фарқли равишда, меҳмонларда бир қатор муаммолар бор. Барцальи, Конселу, Гуардадо, Бенатия, Хедира каби футболчилар ёрдамидан мураббий фойдалана олмайди. Шунингдек, «Ювентус» куни-кеча Швейцарияда ЕЧЛ ўйинида майдонга тушганини ҳам унутмаслик керак. Бу ўйин туринликлар учун у қадар муҳим ҳисобланмаса-да, жамоа асосий таркиб билан ҳаракат қилганини таъкидлаш керак. Бу ҳам мезбонларнинг ўйинда тетикроқ ва дадилроқ бўлишлари кераклигини тақозо қилади.  

ЛИОН – МОНАКО (16 декабрь, 17:00)

Франциядаги тартибсизликлар туфайли, ўтган турда 6 учрашув бошқа кунга қолдирилди. Бу сафар ҳам баъзи ўйинлар ўтказилмаслиги аниқ. Шундай ҳолатда «Лион» ва «Монако» тўқнашуви, албатта, марказий ўйин мақомини олади.

«Монако» 17 ўйинлик ғалабасиз сериядан сўнг 19-ўринга тушиб қолган бўлса-да, биринчидан, бу серия барҳам топди ва «Монако» сўнгги уч ўйиндан иккитасини ўз фойдасига ҳал қилди. Иккинчидан, нима бўлгандаям, «Монако» бу йил Чемпионлар Лигасида қатнашаётган жамоа, тажриба ва таркиб жиҳатдан алоҳида учрашувларда ҳар қандай рақибга муаммо туғдира олади.

«Лион» эса, барча мусобақаларда тўрт ўйиндан буён ғалаба нималигини билмаяпти. Тўғри, бу ўйинларда эришилган уч дуранг деярли ғалабага тенгдир. Аввалига, «Манчестер Сити» билан 2:2 ўйнашди, кейин эса, 2-ўрин учун асосий рақобатчи бўлган «Лилль» майдонида худди шу ҳисобдаги дуранг қайд этилди. Украинадаги дуранг эса, «Лион»га Чемпионлар Лигасида нимчорак финал йўлланмасини тақдим этди. Демак, айтиш мумкинки, лионликлар жуда муҳим ва қийин даврни «тўрт» баҳога якунлай олишди. Энди эса, «Монако»ни енгиб, аввалги, енгил ва барқарор режимга ўтиб олиш талаб этилади.

Бу ўйинга алоҳида эътибор қаратилишининг яна бир сабаби – сўнгги тўқнашувлар анча муросасиз ўтган. Охирги 3 ўйин бир хил 3:2 ҳисобида якунланган. Икки марта «Лион», бир марта «Монако» устун келган. Қизиғи, бу ўйинларнинг иккитасида мағлуб тараф аввал ҳисобда олдинга чиқиб олиб, кейин имкониятни бой бериб қўйган бўлса, бир ўйинда «Лион» ғалаба голини ҳакам томонидан қўшиб берилган 5-дақиқада урган. Яъни, бу жамоаларнинг учрашуви жуда кескин ва муросасиз ўтиши анъанага кириб улгурди.

ЛИВЕРПУЛЬ - МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (16 декабрь, 21:00)

«Ливерпуль»нинг кайфияти жойида, жамоа бир ҳафтада ҳам АПЛда «Манчестер Сити»ни ортда қолдириб, биринчи поғонага кўтарилиб олди, ҳам икки кун олдин «Наполи» билан жуда муҳим ўйинда керакли ҳисобни қайд этиб, Чемпионлар Лигасининг кейинги босқичига чиқди. Клопп жамоаси лигада мағлубият нималигини билмаётган ягона жамоа бўлиб қолмоқда. Бу анъанани давом эттириш учун яхши рақиб - «Манчестер Юнайтед» каби азалий душман олдида ўз устунлигини намойиш этиш мумкин. Ва айниқса, Моуриньо жамоаси анча бўш ва оғир даврни бошдан ўтказаётган бир пайтда.

Кейинги абзац эса, «Манчестер Юнайтед»нинг оптимист мухлислари учун. «Ливерпуль» саккиз ўйиндан бери АПЛда «МЮ»ни енга олмаяпти. Луи ван Гаал тўрт ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган бўлса, Моуриньо даврида уч дуранг ва бир ўйинда «Олд Траффорд» мезбонлари устун келишган. Умуман, Европа Лигасидаги ютуқни айтмаса, Юрген Клопп ҳали бирор марта ҳам АПЛда «қизил иблислар»ни мағлуб этолгани йўқ.

«Ливерпуль»нинг барча жамоаларга даҳшат солувчи триоси бор - Салоҳ, Фирмино ва Мане. Мана шу уч футболчи ҳам ҳали ливерпулликлар сафида «МЮ» дарвозасига на бир гол урди, на бир голли пасни амалга оширди. Катта ўйинларда «ҳар бало»ни кутиш мумкин бўлган Моуриньо эффектини ҳам инобатга олсак, якшанба оқшомида пешқадамларга осон бўлмайди. Дарвоқе, Жозенинг «МЮ» бош мураббийи сифатида «Энфилд»га ҳар икки ташрифи ҳам 0:0 ҳисоби билан тугаган.  

Таркиблар борасида мезбонлардан Жеймс Милнернинг майдонга тушиши сўроқ остида. У мушакларидан енгил жароҳат олган. Шунингдек, Трент Александр-Арнолд ҳам жамоага ёрдам бериши аниқ эмас. Меҳмонларнинг ҳолати эса, бироз мавҳум. Антони Марсиял ва Виктор Линделоф, шунингдек, Люк Шоунинг ҳолати қандайлиги номаълум. Мураббий Крис Смоллингни ҳам Валенсияга олиб кетмаганди, аммо Ливерпулдаги ўйинда тайёр бўлишидан умид қилганди. Умуман, «МЮ» ЕЧЛда у қадар аҳамиятсиз ўйинда қатнашгани учун, қайси футболчи қай ҳолатда экани ҳақида аниқ баҳолаш қийин. Моуриньо баъзи соғлом футболчиларга ҳам дам берган бўлиши мумкин.

«Ливерпуль», аксинча, ЕЧЛда жуда оғир ўйин ўтказди. Ўйингача у рақибидан бир кун кўпроқ дам олгани ва ўйинларни ўз майдонида ўйнаётгани устунлик берса, «Манчестер Юнайтед» «Валенсия»га қарши деярли машғулот ўйинини ўтказгани эътибори билан, уларда ҳам қўшимча имконият бор. Кўрамиз.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

15 декабрь. «ТОТТЕНҲЭМ» – «Бёрнли» (20:00), «Вальядолид» – «АТЛЕТИКО» (20:15), «Ҳанновер» – «БАВАРИЯ» (19:30), «ИНТЕР» – «Удинезе» (22:00), «БОРУССИЯ» Д – «Вердер» (22:30)

16 декабрь. «Брайтон» – «ЧЕЛСИ» (18:30), «Саутҳэмптон» – «АРСЕНАЛ» (18:30), «Кальяри» – «НАПОЛИ» (22:00), «Леванте» – «БАРСЕЛОНА» (17 декабрга ўтар кечаси, 00:45).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз