«Сити» қаршисида «Челси», Испанияда дерби. Тур ўйинлари анонси
Dec. 7, 2018, 4:53 p.m. 10836

Европада яна футбол кунлари келмоқда. Келаси ҳафта Чемпионлар Лигаси ўйинлари борлиги учун, топ-клубларнинг бу ҳафтадаги ўйинлари асосан 8 декабрга тўғри келади. Англиядаги марказий ўйиндан тортиб, Бундеслигадаги асосий дерби ҳам шанба кунига белгиланган. Дам олиш кунларини эса, бугун А Сериянинг икки етакчи клуби очиб беради. 

ЮВЕНТУС – ИНТЕР (8 декабрга ўтар кечаси, 00:30)

Бу қарама-қаршилик Италияда сўнгги йилларда ҳатто, Милан дербисини ҳам ортда қолдира олди, дейиш мумкин. Чунки, аксарият ҳолларда бу ўйин турнир жадвали учун ҳам аҳамиятли бўлиб қолади, бу бир шаҳардаги мухлисларнинг тарихий зиддияти эмас, А Серия шинавандаларининг диққат марказидаги баҳсдир. Томонлар нафратининг янада кучайишига, 2004 йилларда бошланган «Моджигейт» воқеалари сабаб бўлган. Эсингизда бўлса, «Ювентус»дан тортиб олинган икки чемпионлик айнан «Интер»га тақдим этилганди. Туринликлар ўша совринларни ҳали ҳам ўзлариники деб ҳисоблашади. 

Ҳозир жамоалар орасидаги фарқ 11 очкони ташкил этса-да, Лигада «Ювентус»га сал бўлса-да босим қилиши мумкин бўлган икки жамоадан бири «Интер»дир. Умуман, сўнгги ўзаро ўйинларда ҳам миланликлар етарлича қаршилик қила олганини кўрамиз. Сўнгги 15 ўйиндан 8тасида туринликлар ғалаба қозона олишмаган. Бундай статистика «Ювентус» рақиблари ичида энг яхшисидир. 

Айниқса, ўтган йилги баҳслар кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Туринда ҳисоб очилмаган бўлса, Миландаги ўйин чемпионлик масаласида ҳал қилувчи баҳслардан бири бўлганди. «Интер» дастлаб гол қўйиб юбориб, кейин бир киши кам бўлиб қолганига қарамай, ҳисобда олдинга чиқиб олганди. Аммо сўнгги уч дақиқада меҳмонлар икки гол уриб, ғалабани илиб кетган. Бу ўйиндаги очко йўқотиш «Ювентус»ни чемпионликдан маҳрум қилиши ҳам мумкин эди ўшанда.

Таркиблар борасида «Ювентус» сафида Сами Хедира ва Эмре Жан майдонга қайтиши мумкин. Улар машғулотларда қатнашишни бошлаб юборишган.  Фақат Андре Барзальи ва Алекс Сандрода кичик жароҳатлар бор. «Интер» эса, балки бу сафар Ража Наингголан ёрдамидан фойдаланиши мумкин. Унинг спорт формаси ҳали маълум эмас, лекин у ҳам жамоа билан шуғулланишни бошлади.  

ШАЛЬКЕ – БОРУССИЯ ДОРТМУНД (8 декабрь, 19:30)

Рур дербиси Бундеслиганинг энг муросасиз ва аҳамиятли тўқнашуви ҳисобланади. 1925 йилдан буён давом этиб келаётган бу қарама-қаршиликда доим чемпионатнинг энг эсда қоларли воқеалари бўлиб ўтади. 

1997 йилда дарвозабон Йенс Леманн сўнгги дақиқаларда ҳужумга чиқиб, ҳисобни тенглаштиргани, дейсизми, 2007 йилда айнан дербидаги мағлубият туфайли «Шальке» чемпионликдан маҳрум бўлганини эслайсизми... Ҳатто жамоалар муҳим совринлар учун курашмаган йиллари ҳам, жуда қизиқарли шоу ташкил қилиб беришган. Ўтган йилнинг ноябрида Дортмундда бўлиб ўтган учрашув бунга ёрқин мисол. Ўшанда узоқ вақт муваффақиятсиз ўйинлар сериясини ўтказтган «Боруссия» дастлабки ярим соатда ҳисобда 4:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Аммо кейинчалик «Шальке» ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиққан. Умуман, 5 ўйиндан бери «Шальке» Рур дербисида мағлубият нималигини билмай келмоқда. 
«Бавария» ҳозир муаммолар гирдобида, лекин исталган пайт уйғониб қолиши мумкин. Мюнхенликларнинг уйғониши хавфли, жамоа мавсумдаги ҳамма ўйинни ўз фойдасига ҳал қилиш салоҳиятига эга. Шу туфайли «Боруссия» бугунги ҳолатдан максимал фойдаланиши ва имкон қадар «Бавария»ни ўзига яқинлаштирмаслиги керак. Яъни, ўртадаги 9 очколик фарқ ёш дортмундликларни бўшаштирмайди ва улар фақат ғалаба учун майдонга тушишади. 

«Шальке» эса, бироз оғир дамларни бошдан кечирмоқда. Жамоа Чемпионлар Лигасида гуруҳ босқичини муддатидан олдин муваффақиятли якунлай олди, аммо бу кураш Бундеслигага ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Гилзенкирхенликлар беқарор ўйинлари натижасида ҳозирда ўзига ярашмаган 12-ўринда бормоқда ва пешқадамлардан кўра, аутсайдерларга яқинроқ. «Шальке»ни ҳозирда хавфли зонадан 3 очко ажратиб турибди. 

Жароҳатлар борасида иккала жамоага ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Мезбонлардан Ди Санто, Ут, Рейцер каби асосий таркиб футболчилари майдонга туша олишмаса, «Боруссия» Загаду, Аканжи, Шмельцер каби ҳимоячиларнинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Шунингдек, Марко Ройс ва Кристиан Пулишичнинг майдонга тушиши сўроқ остида.  

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ФУЛҲЭМ (8 декабрь, 20:00)

Бир қараганда, шунчаки, АПЛнинг саккизинчи ва охирги ўриндаги жамоаларининг ўйини. Аммо бошқа тарафдан, ўйиндан-ўйинга «Манчестер Юнайтед» мураббийига босим ортиб бормоқда, «Фулҳэм»ни эса Клаудио Раньери ўз қўлига олди. 

Ҳа, ўша, бир пайтлар Моуриньо «арзимас суперкубокдан бошқа ҳеч нарса ютмаган омадсиз» деб атаган Клаудио Раньери. Италиялик мутахассис қасдини олди, Моуриньо «Челси»дан шармандаларча ҳайдалган мавсумда у «Лестер»ни чемпионлик шоҳсупасига етаклаб келди. Мураббийлар ўртасида зиддият ҳам тугади, зеро Раньери «Лестер»дан истеъфога чиқарилганда, бунга биринчи бўлиб муносабат билдирган ҳам, унинг Англияга қайтиши аниқ бўлгач, бунга илиқ фикр билдирган илк мураббий ҳам айнан Жозе бўлганди. 

Лекин ҳозир шунақа ҳолатки, Раньери иккинчи бор Моуриньони истеъфога чиқариб юбориши мумкин. «Бу шунчаки бизнес»  дейилармиди? Чунки тўрт ўйиндан бери ғалаба нималигини билмай, пешқадамдан энди 18 очкога ортда қолаётган «Манчестер Юнайтед» исталган пайтда мураббийни истеъфога чиқариб юбориши мумкин. Давид Мойес билан бўлганидек, ЕЧЛ ўринлари учун арифметик имконият қолмаслиги кутилмаса ҳам керак, чунки бу сафар бироз фарқли. Моуриньо Мойес эмас, тинчгина ишлаб юра олмайди, футболчилар билан бўлган зиддият яна авж олиши эҳтимоли ҳам мавжуд. 

«Фулҳэм» манчестерликлар учун анча қулай рақиб. Бошқа тарафдан, жамоа 2014 йилда Чемпионшипга тушиб кетганди, ундан олдин, яъни Фергюсон даврида ҳатто «Арсенал» ҳам қулай бўлган. Жамоалар ўртасидаги «Олд Траффорд»даги сўнгги ўйин 2013 йилнинг февралига тўғри келади. Ўшанда ҳам жамоаларнинг эгаллаб турган ўринлари худди ҳозиргидек бўлган ва «Фулҳэм» аутсайдер бўлишига қарамай, 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб кетганди. Ўша ўйинда эсда қоларли яна бир жиҳат – мезбонлар рекорд даражада, яъни 83 марта кросс узатмани амалга оширишган. 

Майдонга туша олмайдиган ўйинчилар борасида мезбонларда муаммо етарли. Санчес, Линделоф, Шоу каби жароҳатланганлар сафига энди Антони Марсиял ҳам қўшилган бўлиши мумкин. У «Арсенал»га қарши ўйинни эрта тарк этганди. Жамоа сардори Эшли Янг эса, бир ўйинлик дисквалификациясини ўтаб бўлди. 

ЧЕЛСИ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (8 декабрь, 22:30)

«Челси»нинг мавсум бошидаги «иштаҳаси» Англияда бу мавсумда уч жамоа чемпионлик учун курашиши мумкинлигига далолат қилганди, аммо бундай бўлиб чиқмади. Лондонликлар охирги 4 ўйинда атиги бир марта ғалаба қозонишди холос. 12 ўйинда мағлубият нималигини билмаган Сарри жамоаси қаторасига икки сафар учрашувида мағлубиятга учради. Энди «Челси» билан «Манчестер Сити» ўртасидаги фарқ 10 очкони ташкил қилмоқда. 

Шундай бўлса-да, «Челси» айниқса, ўз майдонида «Манчестер Сити»га муносиб қаршилик кўрсата оладиган ва балки мавсумдаги илк мағлубиятига сабаб бўлиши мумкин бўлган рақиблардан биридир. Тўғри, «Стемфорд»да бўлиб ўтган охирги икки тўқнашувда «шаҳарликлар» ғалаба қозонишган, аммо бу сафар майдон четида Маурисио Сарри эканини ҳам унутмаслик керак. Италиялик мураббийнинг ўйин услуби, юқори прессингда ўйнай олиши Гвардиола учун ноқулай ҳисобланади. Сарри ўтган мавсумда «Наполи»ни бошқариб юрганида ҳам, Пепнинг алоҳида эътирофига сабаб бўлган. Ўша «Наполи» «Манчестер Сити»га қарши муносиб ўйнай олган оз сонли жамоалардан бири бўлганди. Мутахассислар ўйин сифати бўйича икки жамоанинг жуда ўхшаш экани ва фақат футболчиларнинг юқорироқ савияда экани эвазига инглизлар устунроқ бўлганини таъкидлашганди. Энди эса, Сарри янада савиялироқ ижрочилар билан Гвардиола жамоасига қарши чиқади. 

Мезбонлар таркибида Росс Баркли ва Виктор Мозес майдонга туша олишмайди. Гвардиолада эса, жиддийроқ муаммолар бор. Бенжамин Менди яна узоқ муддатга сафдан чиқди, баъзи ўйинларда франциялик ҳимоячига ўринбосар бўлган Зинченко ҳам жароҳатланган. Кевин Де Брюйненинг қайтишига бир ҳафтача бор. Жамоа бу футболчиларсиз ҳам ўйнашни ўрганди ва кетма-кет ғалаба қозонаётган бўлса-да, Серхио Агуэронинг майдонга тушиши сўроқ остидалиги энг жиддий йўқотиш бўлиши мумкин. Агуэро «Сити»нинг айнан ҳужумни якунлашдаги асосий қуроли ҳисобланиши билан бирга, «Стемфорд Бриж»да гол урган рақиб ҳужумчилари ичида фақат Робин ван Персидан ортда қолади холос. Агуэро ўз фаолияти давомида 5 марта «Челси» дарвозасини «Стемфорд Бриж»да аниқ нишонга олган. 

ЭСПАНЬОЛ – БАРСЕЛОНА (9 декабрга ўтар кечаси, 00:45)

8 декабрь куни тунда эса, Каталонияда дерби бўлиб ўтади. «Эспаньол» яна бир бор «Барселона»дан очко олиб қўйишга уриниб кўради. Айтиш мумкинки, ўтган мавсумда жамоа бунинг уддасидан чиққан – шу йилнинг февралида бўлиб ўтган учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Сал олдинроқ, «Эспаньол» ҳатто ғалаба ҳам қозонган. Фақат бу Испания Кубоги баҳсида эди ва барселоналиклар жавоб ўйинида ўзларига керакли ҳисобни қайд этганди: 0:1, 2:0.
Ла Лигага келсак, «Эспаньол»нинг дербидаги натижаларига ҳавас қилиб бўлмайди. Жамоа 18 ўйиндан бери ғалаба нималигини билмай келяпти. Бу ўйинларнинг 14тасида «Барселона» устун келган, 13 ўйинда эса, «Эспаньол» гол уришнинг ҳам уддасидан чиқа олмаганди. Аммо оптимистик қараш учун ҳам бир қатор асослар етарли. 

Мисол учун, «Барселона» устози Эрнесто Валверде рақиб мураббийи сифатида Эспаньолга 8 марта ташриф буюрган бўлса, бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаган. Ҳатто «Барселона» билан келган икки ўйинда ҳам бу серия давом этган. Иккинчидан, «Эспаньол» бу мавсумни анча яхши бошлади ва ҳатто баъзи паллаларда 2-ўринга ҳам кўтарилди. Фақат сўнгги турдаги уч мағлубият Руби шогирдларининг турнир жадвалидаги ўрнини пасайтириб юборди. Агар бу ўйинларда ҳам барқарорлик сақланиб турганда, «Эспаньол» ҳозир «Барселона» билан тенгма-тенг кетаётган бўларди. Шундай бўлса-да, жадвалнинг юқори поғоналарида юриш, баъзи ғалабалар «Эспаньол»га қўшимча ишонч тақдим этгани шубҳасиз. Жамоа осонлик билан таслим бўлмаса керак. Шунингдек, анъанавий тарзда «Эспаньол»нинг дербиларда бор имкониятини ишга солиши, аксинча, «Реал» билан ўйинларда бироз бўшашиб ҳаракат қилишини кўпчилик сезиб улгурган бўлса керак. 

Таркиб борасида мезбонларда муаммо йўқ. Валверде эса, Рафинья, Артур, Малком, Умтити, Сержио Роберто каби футболчилардан фойдалана олмайди. Шунингдек, «Эспаньол»га қарши 7 ўйинда 11 гол урган Луис Суарес машғулотларга қайтган бўлса-да, асосий таркибда тушиши сўроқ остида. Аммо Месси ҳужумчининг йўқлигини билинтирмаса керак. Аргентиналик ҳужумчи ўз фаолиятида «Эспаньол» билан ўйинларда уч марта ҳет-трик амалга оширган.  

БОШҚА ЎЙИНЛАР

8 декабрь. «АТЛЕТИКО» – «Алавес» (17:00), «Борнмут» – «ЛИВЕРПУЛЬ» (17:30), «НАПОЛИ» – «Фрозиноне», «БАВАРИЯ» – «Нюрнберг» (19:30), «АРСЕНАЛ» – «Ҳаддерсфилд» (20:00),  «Кальяри» – «РОМА» (22:00), «Лестер» – «ТОТТЕНҲЭМ» (9 декабрга ўтар кечаси, 00:45)
9 декабрь. «Уэска» – «РЕАЛ» (20:15) «МИЛАН» – «Торино» (10 декабрга ўтар кечаси, 00:30).