«Бухоро» Суперлигада бош мураббий бўлишга ваколатсиз мутахассисни ушбу лавозимга тайинлади
Dec. 7, 2018, 6:41 p.m. 2651

«Бухоро» мавсум якунлангач жамоа бошқарувини тарк этган бош мураббий Улуғбек Бақоевнинг ўрнига Шуҳрат Файзиевни вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинлади.

Гарчи Шуҳрат Анваровичнинг вақтинчалик мураббий бўлиши айтилган бўлса-да, клуб матбуот хизматининг хабарида Файзиевдан «янги мавсумда ажойиб натижалар кутиб қолиниши» таъкидланган ва «келгуси бош мураббийлик фаолиятига омад тиланган». Бундан янги мураббий вақтинчалик эмас, доимий асосда тайинланганини англаш мумкин. Бу эса клуб маъмурияти хулосасида англашилмовчилик борлигини билдиради.

Гап шундаки, шу ҳафта бошида ЎФА ва ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этувчи футбол клубларини лицензиялаш ва профессионал футбол клуби мақомини белгилаш бўйича регламент тасдиқланган, ПФЛ хабарида барча клублар бундан хабардор қилингани айтилган эди.

Бундан бир ой олдин эса, ўрнатилаётган янги тартибга асосан эндиликда Суперлига клубини бошқариш учун барча мураббийлардан «Про» лицензияси талаб қилиниши маълум қилинган

Шунга қарамай, «Бухоро» «А» лицензиясига эга Шуҳрат Файзиевни бош мураббий этиб тайинлади.

Файзиев ноябрь ойи ўртасида Тошкентда бошланган «Про» дипломи учун халқаро мураббийлик курсларига ёзилмаган. Маълум бўлишича, у малака ошириш истаги билан ЎФАга мурожаат қилмаган.  Шу жиҳатдан клуб бош мураббийни ўзгартирмаган тақдирда кейинги йил Суперлигага қўйилмаслиги мумкин.

ПФЛнинг маълум қилишича, ташкилот клубни ушбу масалада расман огоҳлантирган. Баёнотда қўшимча қилинишича,  «клуб ўз зиммасидаги қарздорликлар масаласини ижобий ҳал қилмагунига қадар, янги мураббий ва футболчилар рўйхатдан ўтказилмайди. Бу борадаги расмий огоҳлантириш хати клубга етказилади. Шунингдек, клуб вакиллари футбол академияси ҳамда стадион майсаси ҳақида ҳам қайғуриши шарт».

Эслатиб ўтамиз, бухороликлар Суперлигани 6-ўринда якунлашган эди.