Ўзбекистон терма жамоаси декабрь ойи охирида яна бир ўртоқлик учрашуви ўтказади
Dec. 6, 2018, 1:54 p.m. 7249

Ўзбекистон терма жамоаси декабрь ойи охирида Туркияда йиғин ўтказади. Бу ҳақда бугун ЎФАда ўтказилган матбуот анжуманида терма жамоа бош мураббийи Эктор Купер маълум қилди.

Унинг айтишича, йиғин давомида 26 ёки 27 декабрь кунида терма жамоа ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.

Ҳозирча ўртоқлик учрашувида қайси терма жамоа рақиб бўлиши маълум эмас.

Маълумот учун, шу кунга қадар Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эктор Купер бошчилигида 3 йиғин доирасида 6 учрашувда майдонга тушди.

Сентябрь ойи бошида Тошкентда Сурия ва Эронга қарши ўртоқлик учрашувлари бўлиб ўтди. Сурия билан ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилди, Эрондан мағлуб бўлинд - 0:1.

Иккинчи йиғин ҳам 6-17 октябрь кунларида Тошкентда ўтказилди. Бу йиғин доирасида Қатар ва Шимолий Корея терма жамоаларига қарши ўйинлар ўтказилиб, Купер жамоаси икки ўйинда ҳам бир хил ҳисобда - 2:0 ҳисобларида ғалаба қозонди.

Учинчи йиғин эса 11-22 ноябрь кунлари Австралиянинг Брисбен шаҳрида ўтказилди. Бу йиғин доирасида дастлаб Ливан терма жамоаси билан ўйнаган ўзбекистонликлар нурсиз дурангга имзо чекишди (0:0), Жанубий Корея термасига қарши ўйин эса йирик мағлубият билан якунланди - 0:4.

Маълумот учун, январь ойида БАА майдонлари мезбонлик қиладиган Осиё Кубогида Ўзбекистон терма жамоаси F гуруҳида Япония, Уммон ва Туркманистон терма жамоаларига қарши ўйинларда майдонга тушади. Купер шогирдлари турнирдаги илк ўйинни 9 январь куни Уммонга қарши ўтказади, 13 январь куни Туркманистонга қарши баҳс бўлиб ўтади. Японияга қарши 17 январь кунига белгиланган ўйин эса гуруҳ ғолиби ким бўлишини аниқлаб бериши кутилмоқда.