«Сиз бизга кераксиз!». Ўтиш ўйинлари ҳақида
Dec. 6, 2018, 4:36 p.m. 4610

Бир театрда навбатдаги спектакль бошланмасдан олдин, парда ортидан залга қараган актёрлардан бири гримхонага югуриб келади ва «қўрқманглар, ҳаяжонланманглар, биз улардан кўпмиз», дейди. Бу эски латифа. Янгисини «Сўғдиёна» – «Машъал» ўйинини телевизорда шарҳлаган Хайрулла Ҳамидов тўқиди – «стадионга ташриф буюрган мухлислар таркибини ҳам бемалол таништириб ўтса бўлади». 

Худди мана шундай шароитда Суперлигага ўтиш ўйинлари бўлиб ўтди. Ўтган мавсумда юқори лигада ўйнаган «Сўғдиёна» ва ОТМК камтарона тарзда Про-лиганинг иккинчи ва учинчи жамоалари бўлган «Машъал» ва «Истиқлол» устидан ғалаба қозонишди. Жиззахликлар шу билан тўртинчи бор мана шундай ўтиш ўйинида қатнашишмоқда ва барчасида муваффақият қозонишган. Умуман, 2000 йилдан буён баъзида йил оралаб ўтказилиб келинаётган ўтиш ўйинларида доим юқори лигадан «тушган» клублар ғалаба қозониб, лигадаги ўринларини сақлаб қолишган.

Бу ўйинлар ўз ҳолича икки ҳолатни изоҳлаб беради. Биринчиси, мавсум бошида, аниқроғи, ўтган мавсум охирида Суперлига жамоалари сонини қисқартирган ташкилотчиларнинг «агар Суперлигадан кўпроқ жамоаларни пастга туширсак, Про-лига ҳам рақобатбардош бўлиб, кучаяди», деган иддаолари нотўғри эканини исботлайди. Иккинчиси, рақиблар ўртасида савия фарқининг катта экани, умуман бундай ўйинларни ўтказишдан мантиқ йўқлигини ҳам намоён этиб беради. Бу шубҳасиз. Хўш, ўтиш ўйинларини ўтказиш шартми?

Бирор бир лиганинг кучини, савиясини аниқлашнинг турли мезонлари бор. Масалан, етакчи клубларнинг халқаро майдондаги иштироки ёки чемпионликка курашувчи жамоаларнинг қанчалик кўплиги ва ҳоказо.

Яна бир ўзига хос ўлчов бор – ушбу лигадан қуйида бўлган лиганинг савияси. Яъни, ушбу лигага чиқиш учун курашувчи жамоаларнинг савияси қай даражада? Мавзуни сал аниқлаштирадиган бўлсак, Про-лигамизда Суперлига савиясидаги, Суперлига жамоалари билан таркиб, савия, бюджет жиҳатидан беллаша оладиган клублар борми? Жавобни биламиз. Албатта, йўқ!

Афсуски, Ўзбекистонда бу икки лига орасида ер билан осмонча фарқ сақланиб қолмоқда. Суперлига клубининг бюджети бир неча баробар кўп. Суперлига клубларида сезиларли даражада савиялироқ футболчилар тўп суради. Ўзимизни алдаб нима қиламиз, ўтиш ўйинларидан олдин ҳам «Сўғдиёна» ва ОТМК рақибларини енгиб, лигада қолишларини ҳаммамиз билиб тургандик.

Шу ерда бир парадоксал фикр айтмоқчиман. Суперлига ва Про-лига савияси ўртасида жуда катта фарқ бор экан, демак ўтиш ўйинини ўтказишдан мантиқ йўқ. Аслида «Сўғдиёна» ёки ОТМК (ёки иккаласи) биринчи лигага тўғридан-тўғри тушиб кетиб, «Машъал» ва «Истиқлол» (ёки улардан бири) Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш керак эди. Қизиғ-а, Суперлига жамоаларининг пастдагилардан кучли эканини айтиб туриб, нега «Машъал» Суперлигада қатнашиши керак эди, деяпман?

Чунки, Про Лига ғолиби ҳозир Суперлига аутсайдеридан кучсиз, мавсумнинг исталган қисмида шундай бўлади, аммо, агар Суперлигага чиққанида баҳорга келиб, кучлироқ бўлар эди. Яъни, мақсад айнан ҳозир ким кучлироқ эканини аниқлашда эмас, ушбу мавсумдаги омадли ва омадсиз жамоаларни аниқлаш, бўлиши керак.

Бугун «Машъал» «Сўғдиёна»дан кучлироқ бўлиб, ўтиш турнирида ғалаба қозониши умуман иложсиз иш эди. «Машъал» – биринчи лига жамоаси. Бюджетини айнан Про-лигага мослаган. Таркибида тўп сураётган ўйинчилар ҳам шу лига ўйинчилари. «Машъал» Про-лигада ўзига қарши ўйнайдиган рақибларга мос ўлароқ таркиб тузган.

«Сўғдиёна» эса, Суперлигада тўп сурди. Жамоа таркиби, ҳолати шу лигага мос. Қандай қилиб, бу ерда «Машъал»да имконият бўлиши мумкин? Бутун мавсум Про-лигада ўйнайдиган «Машъал» ўз таркибини мавсум охиридаги ўтиш ўйинида «Сўғдиёна» билан ўйинга мослаб олиб юролмасди, тўғрими? Ўтиш ўйини олдидан трансферларга рухсат бериш эса, каттароқ майнавозчиликларга сабаб бўлишини аввал кузатгандик. Бир неча йил олдин «Шўртан» жамоаси олий лигага ўтиш турнирида қатнашиш олдидан мавсумни олий лиганинг бошқа жамоалари сафида якунлаган бир қатор тажрибали футболчиларни ўз сафига қўшиб олиб, ғолиб чиққан эди.

Бундан ташқари, Про-лигада жамоаларга ўйинларда таркибда 2 нафар ёш футболчини майдонга тушириш шарт қилиб ҳам қўйилган. Мураббий таркибини, ўйинини мана шу талабларга мос равишда қилишга мажбур. Ўтиш ўйинида эса, бундай талаб олиб ташланади, бу ҳам бир ноқулайлик. Суперлига жамоасига фарқи йўқ, ўзи ўйнаб юрган таркибида тушаверади. Баъзида эса, мавсум давомида амал қилинган бирор чеклов олиб ташланиши ҳам ноқулай – узоқ вақт занжирда турган кучукни югуртириб кўринг, мувозанатини йўқотиб, ғалати ҳолатга тушишини кўрасиз. 

Юқори лигага плей-офф ўйинлари орқали чиқиш тажрибаси масалан Германия ва Англияда ҳам қўлланилади. Лекин фарқи бор. Германияда бундеслига ва иккинчи бундеслига ўртасидаги фарқ бизники каби катта эмас. Алоҳида ўйинларда ҳар қайси бири ғолиб чиқиши мумкин. Лигалар ўртасидаги фарқ каттароқ бўлган Англияда эса, плей-офф Чемпионшип жамоалари ўртасида ўтказилади. Яъни, ғолиб, йил давомида битта турнирда қатнашиб, курашган жамоалар ўртасида аниқланади.

Биз Про-лига вакилига «сен 2-ўринни олсанг, ўтиш ўйинида Суперлига жамоаси билан ўйнайсан ва ютсанг, Суперлигага чиқасан» дейишимиз, масалан уларга «Сен Про-лигани ютсанг, АПЛга чиқишинг мумкин, фақат бунинг учун охирида ўтиш ўйинида айтайлик, «Саутҳэмптон»ни ютишинг керак» дейишдек гап. Ҳар икки ҳолатда ҳам имконият нолга яқин, Про-лига ғолибларидан бири мавсум охирида шунчаки, Суперлига жамоаси билан 20 нафар мухлис қаршисида битта ўйин ўтказиш имкониятини қўлга киритади холос. 

Кучли жамоани тушириб юбориб, кучсизроқ «Машъал»ни олий лигага чиқариш лигани кучсизлантириб юбориши мумкин, дейиш ҳам хато. Барибир баҳорга бориб, шартли «Машъал» ҳам бошқа Суперлига жамоалари сингари таркибини кучайтириб олиш, бюджетини айнан лигадаги рақибларига мослаб олиш имкониятига эга бўларди. Яъни, бутун мавсум юқори ўринлар учун курашиб, йилни муваффақиятли ўтказган жамоа биргина ўйин натижасида қолиб кетмаслиги керак эди.

Ёки мавсум бошидан Суперлигани биргина жамоа тарк этиб, фақатгина Про-лига ғолиби унинг ўрнини эгаллашини белгилаб қўйиш керак. Ана ўшанда эътироз бўлмайди, ҳаммаси тўғри бўлади. «Машъал» ҳам, «Сўғдиёна» ҳам мавсум якунида ўзининг кейинги ўрнини билиб олади.

Бу икки жамоани ўзаро ўйнатиб, «кучли»сини аниқлашдан фойда йўқ. Шундоқ ҳам биламиз ким кучли эканини.

Қ.Асланов