Буффон «Ювентус»дан нега кетгани ва Роналдунинг трансфери замирида ётган мотивлар ҳақида гапирди
Dec. 4, 2018, 2:29 p.m. 21999

Шу йил ёзда «Ювентус»дан «ПСЖ»га ўтган дарвозабон Жанлуижи Буффон Туриндаги фаолияти сўнгида руҳан толиққани, бу ҳолат бошқаларда ҳам кузатилгани учун клуб «Реал»дан Криштиану Роналдуни сотиб олгани ҳақида айтиб ўтди. Унинг сўзларини Tiki Taka эълон қилган.

«Бундай узоқ ва стрессга тўла даврдан кейин «Ювентус» футболчиси ва сардори бўлиш, бу ҳатто шараф бўлса ҳам, одамни анча толиқтиради. Клуб президенти билан гаплашиб, энди бошқа-бошқа йўлдан кетишимизни айтгандим.

Мен ё карьерамга якун ясаш, ёки топ-клублардан бирон ажойиб таклиф бўлса, фаолиятимни давом эттириш ҳақида ўйлаётгандим. Бирон чеккароқ лига вакилидан таклиф бўлганида, мен унга кўнмаган бўлардим.

«ПСЖ» май ойида таклиф билан чиқди. Шундан сўнг яна 1-2 йил ўйнаш ҳақида ўйланиб қолдим. Бу ҳақда жуда кўп ўйладим. «Юве» билан ўзим истагандек – ўзаро келишган ҳолда ҳамкорликни тўхтатдик.

Мен қаторасига етти мавсум скудеттони қўлга киритдим. Сен ҳар қанча кучли бўлма, барибир бундан кейинги ютуқ учун шижоат топа олмайсан. Чунки бу сендан жуда қаттиқ асабий зўриқишни талаб қилади.

Мен учун «Энди етар», дейиш вақти келган эди. «Ювентус» эҳтимол бошқаларда ҳам шундай ҳиссиётлар кечаётганини пайқагандир. Криштиануни сотиб олиш ҳаммани уйғотиш учун ягона чора эди», – дея айтиб ўтди Буффон.