«Ювентус» ва Роналдунинг навбатдаги рекордлари, Римдаги жанговар дуранг – Италияда тур воқеалари
Dec. 3, 2018, 1:24 p.m. 8142

Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 14-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС» ЧЕМПИОНЛИК САРИ ДАДИЛ ҚАДАМ ТАШЛАДИ

«Ювентус» сафарда «Фиорентина» билан беллашиб, 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритди. Анча асабий тарзда ўтган баҳсда бош ҳакам томонидан 8та сариқ карта кўрсатилди. Туринликлар ўз имкониятларидан унумли фойдаланиб қолишди. Роналду пенальтидан бўлса-да, навбатдаги голини уриб, тўпурарлар баҳсида 1-ўринга чиқиб олди. Бу португалиялик футболчи учун мавсумдаги 10-гол бўлди. Натижада у 1957/58 мавсумидан бери дастлабки 14та турда 10та гол урган илк футболчига айланди. 61 йил олдин бундай кўрсаткичга уэльслик Жон Чарльз эришган эди.

Агар «Ювентус» тезликни пасайтирмаса, муддатидан анча олдин чемпионликни қўлга киритиши ойдинлашиб бормоқда.

Ўйиндан сўнг, туринликлар устози Массимилиано Аллегри ғалабага қуйидагича изоҳ берди: «Бизга осон бўлмади, чунки бутун шаҳар «Фиорентина»ни қўллаб-қувватлаб турди. Дастлабки 10 дақиқа давомида яхши ўйнамадик. Йигитларга хотиржамликни сақлашни буюрдим. Иккинчи голни урганимиздан сўнг, анча енгил ҳаракат қилдик».

Фиорентина – Ювентус 0:3 (0:1, 0:2)
1 декабрь, «Артемио Франки» стадиони
Голлар: 0:1 – 31 Бентанкур, 0:2 – 69 Кьеллини, 0:3 – 79, пенальти Роналду. 
Фиорентина – Лафон, Миленкович, Пеццелья, Витор Уго, Бираги, Бенасси (Пьяца, 65), Верету, Фернандеш, Жерсон (Терео, 80), Симеоне, Кьеза.
Ювентус – Шченсни, Де Шильо, Бонуччи, Кьеллини, Жоау Канселу, Бентанкур, Матюиди, Куадрадо (Дуглас Коста, 84), Дибала, Роналду (Бернардески, 80), Манжукич (Кин, 88).
Огоҳлантиришлар: Манжукич (11), Фернандеш (43), Бентанкур (50), Витор Уго (51), Миленкович (64), Пеццелья (71), Роналду (79), Терео (88), Верету (90).

РИМДАГИ БАҲСДА КУЧЛАР ТЕНГ КЕЛДИ

Турнинг марказий ўйинида «Рома» ўз уйида «Интер»ни қабул қилди. Мухлислар томошабоп, сермаҳсул баҳсни томоша қилишди. Вазиятлар бўйича «Рома» яхшироқ таассурот қолдирди. «Интер» эса ўйинни назорат қилди. Биринчи бўлим Бальденинг голи эвазига миланликлар ғалабаси билан тугади. Иккинчи бўлимда римликлар босимни ошириб, якуний дурангга эришишга муваффақ бўлишди. Бу натижа ҳар иккала жамоани қониқтирмагани аниқ ва кучли тўртликка кириш йўлидаги рақиблар фойдасига бўлди.

Баҳсдан кейин «Интер» устози Лучано Спаллетти ўз таассуротларини қуйидагича изоҳлади: «Биз олдинги чизиқда хавфлироқ ўйнашимиз лозим эди. Тўпни жарима майдонига ҳаводан етказиш самара бермади. Дуранг ҳар иккала жамоа учун шарафли натижа, аммо қониқтирадиган эмас. Биз тўғри йўлдан боряпмиз, лекин ҳали яхшилаш лозим бўлган жиҳатларимиз кўп».

Рома – Интер 2:2 (0:1, 2:1)
2 декабрь, «Стадио Олимпико» 
Голлар: 0:1 – 37 Кейта Бальде, 1:1 – 51 Ундер, 1:2 – 66 Икарди, 2:2 – 74, пенальти Коларов.

«МИЛАН» КУЧЛИ ТЎРТЛИККА КИРИБ ОЛДИ

«Милан» ўз уйида А Серия дебютанти «Парма» билан беллашди ва иродали ғалабани қўлга киритди. «Россонери» ўйинда ташаббусга эга бўлишса-да, илк гол уларнинг дарвозасига урилди. Шундан сўнг, мезбонлар катта қийинчилик билан вазиятни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Дастлаб Кутроне ўзи вужудга келтирган хавфли вазиятни голга айлантирди. Сўнгра Кессиэ пенальтини аниқ амалга ошириб, жамоасига муҳим ғалабани келтирди. Бу натижадан сўнг, «Милан» 25 очко билан кучли тўртликка кириб олди.

Беллашувдан кейин, «россонери» бош мураббийи Женнаро Гаттузо ғалабани қуйидагича изоҳлади: «Парма» жуда яхши шаклланган жамоа экан. Улар яхши ўйин намойиш қилишди. Кутроне мени хурсанд қилди, унинг кўзларида оловни кўрмоқдаман. Абате марказий ҳимояда ўзини яхши намоён қилди. Йил охиригача яна 6та ўйинимиз бор, уларни ижобий натижа билан тугатмоқчимиз».

Милан – Парма 2:1 (0:0, 2:1)
2 декабрь, «Жузеппе Меацца (Сан-Сиро)» стадиони
Голлар: 0:1 – 49 Инглезе, 1:1 – 55 Кутроне, 2:1 – 71, пенальти Кессиэ.

А СЕРИЯ 14-ТУРИНИНГ БАРЧА НАТИЖАЛАРИ

1 декабрь
СПАЛ – Эмполи 2:2 (1:2, 1:0)
Голлар: 1:0 – 5 Куртич, 1:1 – 24 Капуто, 1:2 – 43 Крунич, 2:2 – 67 Куртич. 
Четлатиш: Чонек (СПАЛ, 49).

Фиорентина – Ювентус 0:3 (0:1, 0:2)
Голлар: 0:1 – 31 Бентанкур, 0:2 – 69 Кьеллини, 0:3 – 79, пенальти Роналду. 

Сампдория – Болонья 4:1 (3:1, 1:0)
Голлар: 1:0 – 10 Прат, 1:1 – 17 Поли, 2:1 – 25 Куальярелла, 3:1 – 40 Рамирес, 4:1 – 68 Куальярелла.

2 декабрь
Милан – Парма 2:1 (0:0, 2:1)
Голлар: 0:1 – 49 Инглезе, 1:1 – 55 Кутроне, 2:1 – 71, пенальти Кессиэ. 

Торино – Женоа 2:1 (2:1, 0:0)
Голлар: 0:1 – 36 Куаме, 1:1 – 45 Ансальди, 2:1 – 45, пенальти Белотти. 
Четлатиш: Ромуло (Женоа, 28).

Сассуоло – Удинезе 0:0 
 
Фрозиноне – Кальяри 1:1 (1:0, 0:1)
Голлар: 1:0 – 14 Кассата, 1:1 – 77 Фариас. 
Четлатиш: Барелла (Кальяри, 85).

Кьево – Лацио 1:1 (1:0, 0:1)
Голлар: 1:0 – 25 Пеллиссье, 1:1 – 66 Иммобиле. 

Рома – Интер 2:2 (0:1, 2:1)
Голлар: 0:1 – 37 Кейта Бальде, 1:1 – 51 Ундер, 1:2 – 66 Икарди, 2:2 – 74, пенальти Коларов. 

3 декабрь 
Аталанта – Наполи 

А СЕРИЯ ЖАДВАЛИ

А Серия тўпурарлари
10 - Кшиштоф Пёнтек (Женоа, 1 пен), Криштиану Роналду (Ювентус, 2)
9 - Чиро Иммобиле (Лацио, 1)
8 - Мауро Икарди (Интер, 2)
7 - Франческо Капуто (Эмполи, 1), Дрис Мертенс (Наполи, 1), Лоренцо Инсинье (Наполи), Фабио Квальярелла (Сампдория)

А СЕРИЯ 15-ТУР ЎЙИНЛАРИ

7 декабрь
Ювентус - Интер
8 декабрь
Наполи - Фрозиноне
Кальяри - Рома
Лацио - Сампдория
9 декабрь
Сассуоло - Фиорентина
Парма - Кьево
Удинезе - Аталанта
Эмполи - Болонья
Женоа - СПАЛ
Милан - Торино

Ҳафта иқтибоси: «Танаффусда 11 футболчини алмаштирмоқчи эдим» - Индзаги

«Лацио» бош мураббийи Симоне Индзаги «Кьево»га қарши ўйин натижасидан норози бўлди. «Бургутлар» яққол аутсайдер билан 1:1 ҳисобидаги дурангни қайд қилишди.

«Бу мураббийлик фаолиятимдаги энг ёмон 45 дақиқалик бўлди. Танаффусда 11 футболчини ҳам алмаштирмоқчи эдим, аммо бунинг иложи йўқ эди. Мен йигитлардан фаол ўйнашни талаб қилдим. Бундай натижада ўзимнинг айбим ҳам бор, аммо жамоадан кўп нарсани кутган эдим. Қаторасига учта ўйинда дурангни қайд этдик, бундан хавотирдаман», - деди Индзаги.

«Ювентус» Италиянинг навбатдаги рекордини янгилади

«Ювентус» клуби А Серия 14-турида «Фиорентина»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Натижада, «Кекса синьора» илк 14та ўйинда 40 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Бу эса А Сериянинг янги рекорди деб хабар беради La Gazzetta dello Sport.

Қайд қилиш жоизки, «Ювентус» энг яқин таъқибчиси «Интер»ни 11 очко ортда қолдирган ҳолда, пешқадамлик қилмоқда. Жамоа қаторасига 7та мавсумдан бери чемпионликни қўлга киритмоқда.