Англияда дербилар, «Реал» «Валенсия»га қарши. Европада тур ўйинлари анонси
Dec. 1, 2018, 6:19 p.m. 5814

Кечадан бошланган Европа миллий чемпионатларидаги навбатдаги турлар бугундан қизғин паллага киради. Қизиқарли ўйинлар шу қадар кўпки, масалан, Ла Лигадаги бугунги етакчи жамоалар - «Алавес» ва «Севилья» ўртасида кечадиган аҳамиятли ўйин ҳам анонсимизга сиғмай қолди. Демак, эътиборингизда, ундан ҳам зўр ўйинлар ҳақида қисқача.

Франция

ЛИЛЛЬ - ЛИОН (1 декабрь, 21:00)

Ушбу мавсумни «Лилль» жамоаси анча кўтаринки кайфиятда бошлади ва бир муддат турнир жадвалида 2-ўринда ҳам борди. Францияда бу ўрин «ПСЖ»дан бошқа жамоалар учун чемпионлик билан баробар эканини яхши биласиз. Аммо сўнгги ўйинларда Кристоф Галтье шогирдлари суръатни бироз пасайишди - Лигадаги сўнгги уч ўйиндан иккитасида мағлубият, шунингдек, «Страсбур»га қарши кубок ўйини ҳам бой берилди.

«Лион» эса барча мусобақалар доирасидаги сўнгги 15 ўйиндан атиги биттасида мағлуб бўлган. У ҳам бўлса, Париждаги ўйинда.

Шундай бўлса-да, «Лилль»нинг «Лион»га қарши уй учрашуви анча қизиқарли бўлиши  табиий. Зеро жамоаларни турнир жадвалида фақат 1 очко ажратиб турибди, холос. «Лион» 27 очко билан иккинчи, «Лилль» эса, 26 очко билан тўртинчи ўринда бормоқда. Бундан ташқари, сўнгги пайтлардаги ўзаро ўйинларда «Лилль»нинг устунлиги ҳам ўйиннинг аҳамиятини оширади. «Лилль» Лиондаги охирги икки ўйинда ғалаба қозонган. Лиллда бўлиб ўтган февралдаги баҳсда эса, 2:2 ҳисоби қайд этилганди. Ўйин давомида 0:2 ҳисобида орқада борган мезбонлар оқибатда вазиятни тенглаштира олишганди.

Меҳмонлар ҳафта ўртасида «Манчестер Сити»га қарши қийин ўйин ўтказгани ҳам «Лилль»га қўшимча устунлик бериши мумкин.

Лига 1
15-тур
30 ноябрь, жума

«Сент-Этьенн»—«Нант» 3:0
Голлар: 1:0 – 72 Берич, 2:0 – 84 Ҳазри, 3:0 – 90 Колодзейчак.
1 декабрь, шанба
«Лилль»—«Лион» 21:00
«Генгам»—«Ницца» 00:00
«Анже»—«Кан» 00:00
«Монако»—«Монпелье» 00:00
«Ним»—«Амьен» 00:00
2 декабрь, якшанба
«Тулуза»—«Дижон» 19:00
«Ренн»—«Страсбург» 21:00
«Марсель»—«Реймс» 21:00
«Бордо»—ПСЖ 01:00

Турнир жадвалидаги ҳолат

Италия

ФИОРЕНТИНА - ЮВЕНТУС (1 декабрь, 22:00)

Испаниядаги «Вилльяреал», Германиядаги «Шальке» каби жамоалар қаторига бемалол Италиядаги «Фиорентина»ни ҳам қўшиш мумкин. Бу жамоалар жуда яхши салоҳиятга эга бўлиб, алоҳида ўйинларда ҳар қандай рақиб билан тенгма-тенг ўйнай олишига қарамасдан, барқарорлик етишмаслиги уларни нуқул жадвалнинг қўйи поғоналарига итқитиб юборади. «Ювентус»ни тўхтатиб қолиш вазифаси бу сафар флоренцияликларга юклатилганида, мана шу жиҳат, қайсидир маънода бу ўйинга эътибор қаратишга ундайди.

Жамоа таркибида Миленкович, Верету, Бенасси, Симеоне каби топ-клублар қизиқаётган, шунингдек, Кьеза, Миральяс, Жаккерини каби тажрибали ижрочилар мавжуд, аммо жамоа атиги 10-ўринда бормоқда. «Фиорентина» А Сериядаги сўнгги беш ўйинда дуранг ўйнади, булардан тўрттаси 1:1 ҳисобида тугади. «Рома» билан ўйинни қўшмасак, қолган тўрт учрашувда «Фиорентина» рақибга нисбатан ғалабага яқинроқ ҳам эди. Агар нафақат ўйинда, очколарни қўлга киритиш борасида ҳам барқарорлик бўлганида, жамоа ҳозир бемалол кучли тўртликдан ўрин олган бўларди.

«Ювентус», бу биз билган ўша «Ювентус», ҳатто бу йил янада кучлироқ ва бу сафар бошқаларга янада камроқ имкон берилиши сезилиб турибди. Энди Италия жамоалари туринликлар билан рақобат учун эмас, айнан топ-жамоаларга қарши ўз савиясини ўлчаб олиш учун майдонга тушишлари керакдек. Бугун мана шундай ўйинлардан бири бўлиб ўтади, зеро ўтган йили Флоренцияда бўлиб ўтган баҳсда мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди.

РОМА - ИНТЕР (3 декабрга ўтар кечаси, 00:30)

Ҳар икки жамоа ҳам Чемпионлар Лигасида ўхшаш позицияда боришмоқда. Испан грандлари билан бир гуруҳга тушиб қолган бу жамоалар бу ҳафта ўз ўйинларини бой беришганига қарамай, кейинги босқичга яхши имконият мавжуд, «Рома» расман чиқди ҳам.

Аммо римликларнинг А Сериядаги ўйини у қадар қовушмаяпти. Икки фронтдаги ўйинлар таъсириданми, жамоа ҳозир «Ювентус»дан деярли икки баробар кам очко тўплаган ҳолда 7-ўринда бормоқда. Бунинг объектив сабаблари ҳам бор, албатта, масалан, жароҳатлар.

Ал-Шаъровий, Пасторе, Пеллегрини, Перотти, Ди Росси каби футболчилар жамоага ёрдам бера олмаяпти. Буларнинг барчаси асосий таркиб футболчилари. Энди етакчи ҳужумчи Эдин Жеконинг жароҳат олиб уч ҳафтага сафдан чиққани ортиқча бўлди. «Интер»да бу борада муаммо камроқ. Собиқ «ромачи» Ража Наингголандан ташқари, бу сафар Сим Врсалконинг миланликларга ёрдам бериши сўроқ остида турибди.

«Интер» ўтган йили Римда бўлиб ўтган ўйинда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу ўйингача қаторасига 8 ўйинда «Рома» ўз майдонида миланликларга ютқазмаганди.

Яна бир қизиқ факт, «Рома» ўз майдонида урган голлари сони (16) бўйича А Серияда энг яхши кўрсаткичга эди. «Интер» эса, рақиб майдонида атиги 6та гол ўтказиб юборган - лигада иккинчи натижа. Бу 6 голнинг ҳам 4таси олдинги сафар ўйинида «Аталанта» билан учрашувга тўғри келади.

А Серия
14-тур
1 декабрь, шанба

СПАЛ—«Эмполи» 19:00
«Сампдория»—«Ювентус» 22:00
«Сампдория»—«Болонья» 00:30
2 декабрь, якшанба
«Милан»—«Парма» 16:30
«Фрозиноне»—«Кальяри» 19:00
«Сассуоло»—«Удинезе» 19:00
«Торино»—«Женоа» 19:00
«Кьево»—«Лацио» 22:00
«Рома»—«Интер» 00:30
3 декабрь, душанба
«Аталанта»—«Наполи» 00:30

Турнир жадвалидаги ҳолат

Испания

РЕАЛ - ВАЛЕНСИЯ (2 декабрга ўтар кечаси, 00:30)

Лопетегининг ўрнига вақтинча ишлаган Саньяго Солари шу қадар яхши таассурот қолдирдики, Перес у билан шартнома тузиб, мавсум охиригача олиб қолди. Аммо муаммо ҳали тўлиқ ечилмаган экан - жамоа Эйбарда жуда қаттиқ тарсаки еди. Тўғри, Римдаги учрашувда «Реал» ғалаба қозонган бўлса-да, ҳозирда Испания чемпионати аҳамиятлироқ ва айнан шу ерда вазият ўнгланиши керак.

«Валенсия»га қарши учрашув «Реал» ва Солари учун балки шу йилдаги энг сўнгги жиддий синов бўлиши мумкин. Зеро, кейин «Уэска», «Райо Вальекано» каби жамоаларга қарши ўйинлар билан жамоадаги ўсишни ўлчаб бўлмайди. Ундан кейин эса, мадридликлар Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига жўнаб кетади.

«Валенсия» ўтган йилги каби барқарор эмас, ўтган мавсумнинг шу ҳолатига нисбатан 12 очко орқада бормоқда. Лекин айнан топ ўйинларда «Валенсия» ҳали ҳам хавфли рақиб эканини исботлай оляпти, дейиш мумкин. «Олд Траффорд» ва Туриндаги ўйинлар, шунингдек, «Барселона»га қарши учрашув ҳам бунга ёрқин мисол бўла олади.

Бундан ташқари, «Бернабеу» «кўршапалаклар» учун анча қулай стадион. Ўтган йили бу ерда 2:2 ҳисоби қайд этилган. Умуман, сўнгги 6 ўйиннинг 3тасида «Валенсия» айнан 2:2 ҳисобида дурангга эриша олган экан.

Жароҳатларга келсак, мезбонлар таркибида Каземиро, Вальехо, Начо каби футболчилар йўқ. Шунингдек, Одриосола кичик жароҳатдан сўнг, машғулотларга қайтган бўлса-да, бугун майдонга тушиши аниқ эмас. «Валенсия»да Денис Черишевда жароҳат бор.

БАРСЕЛОНА - ВИЛЛЬЯРЕАЛ (2 декабрь, 22:30)

«Барселона» анчадан бери «Вилльяреал»ни ўз майдонида ютиб келади, ҳатто охирги уч ўйинда йирик ҳисоб қайд этилган. Аммо бу масумдаги «Барселона» одатдагидай кўринмаяпти, баъзида ўз майдонида ишончсиз ҳаракат қилмоқда. Вальверде шогирдлари «Камп Ноу»даги илк икки ўйинда йирик ҳисобларда ғалабага эришишди. Аммо кейинги 5 ўйиндан учтасида ғалаба қозона олишмади. «Реал» ва «Севилья» каби клубларга қарши ўйинларда уч очко олинган бўлса, ўртачароқ, аммо қаттиқ жамоалар билан муаммоларга дуч келинди. «Атлетик», «Бетис»...

«Вилльяреал»ни ҳам бемалол ўша тоифага қўшиш мумкин. Масалан, бу жамоа ўтган йили ўз майдонида шундай муаммоларга учраган «Реал»ни Мадридда мағлуб этиб қайтганди. Жамоа 16-ўринда бораётгани кишини чалғитади, «Вилльяреал» яхши салоҳиятга эга, сўнгги олти ўйинда атиги бир марта ғалаба қозонганига эътибор берманг, бу ўйинларда мағлубият ҳам кузатилмаганди - беш дуранг.

Хуллас, меҳмонлар қаршилигини енгиш учун «Барселона» одатий ўйинларидан бироз яхшироқ ҳаракат қилиши лозим бўлади. Худди, «Реал» ёки «Севилья» билан ўйинлардаги каби. Акс ҳолда ўйин «Бетис» билан бўлгани каби тус олиб кетиши ҳеч гап эмас.

Бошқа факт эса, бу ўйинда мезбонлар аниқ гол уришларига далолат қилади. 2004 йилдан бери «Барселона» ўз майдонида «Вилльяреал» дарвозасига доим гол уриб келяпти.

Ла Лига
14-тур
30 ноябрь, жума

«Райо Вальекано»—«Эйбар» 1:0
1 декабрь, шанба
«Сельта»—«Уэска» 17:00
«Вальядолид»—«Леганес» 20:15
«Хетафе»—«Эспаньол» 22:30
«Реал Мадрид»—«Валенсия» 00:45
2 декабрь, якшанба
«Бетис»—«Реал Сосьедад» 16:00
«Жирона»—«Атлетико Мадрид» 20:15
«Барселона»—«Вильярреал» 22:30
«Алавес»—«Севилья» 00:45
3 декабрь, душанба
«Леванте»—«Атлетик Бильбао» 01:00

Турнир жадвалидаги ҳолат

Англия

АРСЕНАЛ - ТОТТЕНҲЭМ (2 декабрь, 19:05)

Лондоннинг энг қўҳна ва энг катта дербиларидан бири. Бу сафар жамоалар турнир жадвалида ҳам анча яқин жойлашишган, масалан, «Арсенал» ғалаба қозонса, «Тоттенҳэм»дан ўтиб кетади. Бу кучли тўртлик учун курашларда муҳим аҳамият касб этадиган тўқнашув.

«Арсенал»нинг барча мусобақалардаги ўйинлар қўшиб ҳисобланса, мағлубиятсиз серияси 18та ўйинга етди. Эмери шогирдлари охирги марта 2-турда, 18 август куни «Челси»га ютқазган эди. Серияни янада узайтириш учун энг қийин даврлар яқинлашмоқда - бу дербидан кейин «Арсенал» «Олд Траффорд»га ҳам сафар қилади.

Албатта, жуда ғалаба бўлмаса ҳам, худди «Ливерпуль» билан бўлганидек, дуранглар билан серияни чўзиб туриш мумкин. Аммо «Тоттенҳэм» бу сафар дурангни унча ёқтирмаяпти. Почеттино шогирдлари мавсумнинг 13 турида бирорта ҳам дуранг натижа қайд этишгани йўқ. Чемпионлар Лигасидаги икки ғалабани ҳам қўшсак, «Тоттенҳэм» қаторасига 6 ўйиндан бери фақат ғалаба қозониб келмоқда. Демак, ҳар икки жамоанинг ҳам спорт формасида жойида.

Сўнгги йилларда «Арсенал» ашаддий рақибини ютиши қийинлашиб бормоқда. Ўтган йили «Эмирайтес»даги ғалабагача 7 ўйинда ютуқсиз қолаётганди. Ўз навбатида, «Арсенал» мезбон ҳисобланган сўнгги 25 ўйиннинг атиги 1тасида «Тоттенҳэм» юта олган холос.

Жароҳатларга келсак, Денни Уэлбек мавсум охиригача сафдан чиққа, Начо Монреал ой ўрталарида майдонга қайтиши мумкин. Шунингдек, Александр Ляказеттнинг ҳам ўйнаши сўроқ остида. Меҳмонлар таркибида эса, йўқотишлар жиддий. Санчес, Трипье, Дембеле, Ваньяма каби футболчилар жамоага ёрдам бера олмаслиги аниқ.

Еврокубоклар ҳар икки жамоанинг ҳам диққатини жалб қилган. «Арсенал» рақибидан бир кун кейин майдонга тушиб, дам олиш учун камроқ имкониятга эга бўлса-да, аслида тескари. «Тоттенҳэм» «Интер»га қарши жуда муҳим ўйинда майдонга тушди, «Арсенал» эса, Европа Лигасида барча масалани ҳал қилиб бўлган. Эмери «Ворскла»га қарши ўйинда асосан ёшлар ва иккинчи таркибни синаб кўрди. Яъни, бу борада «қизиллар»да устунлик бор. 

ЛИВЕРПУЛЬ - ЭВЕРТОН (2 декабрь, 21:15)

Якшанба куни Англия Премьер-Лигасида қаторасига учта дерби бўлиб ўтади. «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» ўйинидан олдинроқ «Стемфорд Бриж»да «Челси» «Фулҳэм»га қарши ўйнаб улгурган бўлади. Учинчиси эса, Ливерпуль дербиси.

Дерби бўлса-да, анъанавий равишда биз бу ўйинни қизғин курашларда кечишини айтсак-да, статистикага кўра, юқорида тилга олинган дербига ўхшамайди. «Эвертон» топ-клубларнинг бошоғриғи саналади, тўғри, аммо айнан Ливерпуль дербисида у қадар омадли эмас. «Кўклар» дербида охирги марта 2010 йилда ғалаба қозонишган, шундан бери ё «Ливерпуль» ютяпти, ёки дуранг. Дуранглар ҳам анчагина кўп, сўнгги 18 ўйиннинг ярмида ғолиб аниқланмаган. Аммо натижа эътибори билан эмас, ўйиндаги ажиотаж, кескинлик ва қаршилик борасида Ливерпуль дербиси ҳам бошқалардан қолишмайди.

Ўтган мавсумдаги ҳар икки ўйин ҳам дуранг билан тугаган. Хусусан, «Энфилд»даги ўйинда мезбонлар узоқ вақт давомида ҳисобда олдинда бориб, жуда кўп вазиятларни кўкка совуришган, ўйин охирида эса, Руни пенальтидан ҳисобни тенглаштирганди.

Томонларда жиддий йўқотишлар йўқ. Фақат Уотфордда қизил карточка олиб майдонни тарк этган Жордан Ҳендерсон майдонга туша олмайди. Шунингдек, атиги икки кун олдин Парижда жуда қийин ўйин ўтказган «Ливерпуль» рақибига нисбатан анча ҳорғинроқ бўлишини мумкин. Шундай бўлса-да, бугунги Клопп жамоаси олдингилардан фарқ қилмоқда - уч очкони олиш учун жуда яхши ўйнаш ҳам шарт бўлмаяпти, кўпинча.

Англия премьер лигаси
14-тур
30 ноябрь, жума

«Кардифф Сити»—«Вулверҳэмптон» 2:1
1 декабрь, шанба
«Ньюкасл»—«Вест Ҳэм» 20:00
«Кристал Пэлас»—«Бёрнли» 20:00
«Ҳаддерсфилд»—«Брайтон» 20:00
«Лестер»—«Уотфорд» 20:00
«Манчестер Сити»—«Борнмут» 20:00
«Саутҳэмптон»—«Манчестер Юнайтед» 22:30
2 декабрь, якшанба
«Челси»—«Фулҳэм» 17:00
«Арсенал»—«Тоттенҳэм» 19:05
«Ливерпуль»—«Эвертон» 21:15

Турнир жадвалидаги ҳолат

Германия

Бундеслигада жума куни турнинг биринчи учрашувида «Фортуна Д» «Майнц»ни қабул қилди ва 0:1 ҳисобида ютқазди.

Чемпионат пешқадами «Боруссия Дортмунд» бугун «Фрайбург»ни синовдан ўтказади. «Бавария» эса мазкур турда сафарда Бременнинг «Вердер» клубига қарши майдонга тушади. Икки ўйин ҳам Тошкент вақти билан соат 19:30да бошланади.

Турнинг марказий ўйинларидан бири эса Ҳоффенҳаймда бўлиб ўтади. Унда мезбон «Ҳоффенҳайм» «Шальке-04»ни қабул қилади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 22:30да бошланиши белгиланган.

Бундеслига
13-тур
30 ноябрь, жума

«Фортуна Д»—«Майнц» 0:1
1 декабрь, шанба
«Ҳанновер»—«Ҳерта» 19:30
«Боруссия Д»—«Фрайбург» 19:30
«Штутгарт»—«Аугсбург» 19:30
«Вердер»—«Бавария» 19:30
«Ҳоффенҳайм»—«Шальке-04» 22:30
2 декабрь, якшанба
«Лейпциг»—«Боруссия М» 19:30
«Айнтрахт Ф»—«Вольфсбург» 22:00
3 декабрь, душанба
«Ньюрнбург»—«Байер Леверкузен» 00:30

Турнир жадвалидаги ҳолат