Ўз майдонидаги ўйинга келмагани учун Про-лига клубига техник мағлубият ёзилди
Nov. 20, 2018, 3:16 p.m. 3735

Про-лига “B” гуруҳида иштирок этувчи Олтиариқнинг “Ифтихор” клуби бугунги 36-тур доирасидаги учрашувда ўз майдонида Тошкент вилоятининг “Нурафшон” футбол клубига қарши майдонга тушиши керак эди.

ПФЛ хабарига кўра, мезбон жамоа на учрашувга келган ва на регламент асосида ўйин расмийларини кутиб олган. Натижада Тартиб-интизом кодекси 5-боб, 5.3 ҳамда 5.8 моддалари асосида “Ифтихор”га техник мағлубият, “Нурафшон”га эса техник ғалаба ёзилди.

«Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Про-лигада иштирок этувчи “Ифтиҳор” клубини стадион инфратузилмаси, шунингдек, клубдаги камчиликлар учун огоҳлантирган  эди. Аммо клуб мутасаддилари ушбу огоҳлантиришлардан хулоса қилмай, 36-турда меҳмон жамоага хурматсизлик кўрсатди ва учрашувга ташриф буюрмади.

Шунингдек, регламент асосида учрашувга 90 дақиқа қолганида маҳаллий ИИБ ҳамда Тез ёрдам ходимлари келмаганини, учрашув акти қилинмаганини таъкидлаш лозим. Айнан мана шу ҳолатлар инобатга олиниб, “Ифтихор” ФКга учрашувда техник мағлубият ёзилди», - дейилади ПФЛ хабарида.

Техник ҳисобдан сўнг «Ифтихор» мусобақа жадвалидаги 7-ўрнида қоладиган бўлди, «Нурафшон» эса очколар бўйича етакчи «Шердор»га тенглашиб олди.