Рэшфорд А Серияга йўл олиши мумкин
Nov. 20, 2018, 2:55 p.m. 4364

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Маркус Рэшфорд фаолиятини «Ювентус»да давом эттириши мумкин.

The Times хабарига қараганда, Турин клуби вакиллари 21 ёшли футболчи ҳақида маълумот тўплашмоқда. Уни клубнинг трансфер мақсадлари рўйхатига қўшиб қўйишган.

Рэшфорднинг манкунианликлар билан шартномаси 2020 йилда ниҳоясига етади, битимда муддат яна бир йилга узайтирилиши эҳтимоли қайд этилган.

Англия терма жамоаси аъзоси АПЛнинг бу мавсумида 5 маротаба «Юнайтед»нинг асосий таркибида майдонга тушди. Умумий ҳисобда эса 9 та учрашувда қатнашиб, 2 та гол муаллифи бўлди.

Қўшимча қилинишича, «Ювентус» «МЮ»нинг бошқа бир аъзоси – дарвозабон Давид Де Хеа билан ҳам қизиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «кекса синьора» ҳужумчи Пауло Дибала ўрнига икки футболчини кўзлаётгани хабар қилинган эди.