Одил Аҳмедов: Қатар хотиралари, легионерлик машаққатлари, Бабаян ва бошқа мураббийлар ҳамда ҳозирги терма жамоа ҳақида
Nov. 20, 2018, 9:13 p.m. 13586

Айни вақтда Ўзбекистонда таътилини ўтказаётган миллий терма жамоа сардори Одил Аҳмедов «Kun.uz» меҳмони бўлди. Мухбир у билан футболдаги йўли, ўзбек футболи ва терма жамоадаги руҳият тўғрисида суҳбат қурди.

Одил Аҳмедов 1987 йил 25 ноябрда Наманганда туғилган, футболчилик фаолиятининг илк йилларида «Навбаҳор», «Трактор», «Пахтакор» ёшлар клубларида тўп тепган. Профессионал фаолиятини «Пахтакор», «Анжи» (Махачқалъа) ва «Краснодар» каби футбол клубларида давом эттирган. 2016 йил сўнгида Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клубига бориб қўшилган. У Хитой чемпионатида 2018 йилги мавсумда ўз клуби билан мамлакат чемпионига айланди.

Видео: Tas-IX

Видео: Youtube.com

— Фаолиятингиз давомида Ўзбекистон миллий терма жамоасида бир неча бош мураббий билан ҳамкорлик қилгансиз. Эктор Купер ва улар олиб борган иш ўртасида қандай фарқлар сезилади?
— Албатта, ҳар бир мураббийнинг ўз иш услуби бор. Кимдир ҳужум қилишни ёқтиради, кимдир ҳимояни маъқул кўради. Яна бири эса мутлақо бошқа тактика тарафдори. 2007 йилдаги дебют ўйинимни Рауф Талгатович Инилеев қўл остида бошлаганман. Ундан кейин кўплаб бош мураббийлар алмашди. Уларнинг алоҳида бирини ажратиб кўрсата олмайман, барчасидан озми-кўпми тажриба олганман. Ҳозирги мураббийимизнинг иш услуби эса кўпроқ ҳимоявий ўйинга ихтисослашган.

— Миллий терма жамоа таркибида Қатарга кечган сўнгги ўйинда бош билан гол урдингиз. Бу шахсий ташаббусингизмиди ёки мураббийнинг кўрсатмаси?
— Ўйиннинг иккинчи бўлими эди, олдинга ўтишимиз, мухлислар учун эса ғалаба керак эди. Шу вазиятда ҳужум ривожланиб бораётган вазиятда қанотдан тўп узатилишини сезиб олдинга ўтгандим. Қулай ва омадли нуқтада турганим учун бош билан гол урдим.

— Шу голда ҳужумда фойдали эканингиз кўринди. Ҳозирда яхши ёш таянч яримҳимоячилар пайдо бўлмоқда. Масалан, Отабек Шукуров ва Одил Ҳамробеков. Энди «қора ишлар»ни ёшларга қолдириб, ҳужумга яқинроқ ўйнаш ҳақида ўйламаяпсизми? Мураббийлар штаби сизни ҳужум чизиғида ўйнатиш ғоясига қандай қарайди?
— Бундай қарорларга келишда мураббийнинг ўз қараши бор. Мисол учун кимнидир ярим ҳимояда, кимнидир эса ҳужум ортида фойдали деб билади. Мен баъзи ўйинларда ҳужум ортида ўйнадим, баъзиларида эса таянч ярим ҳимоячиси бўлиб ўйнадим. Қайси позицияда ўйнашидан қатъи назар, асосийси, футболчи жамоасига фойда келтирса бас. Шу сабабли мен ҳам у ёки бу позицияда ўйнайман, демаганман.

Суҳбат давомида Одил Аҳмедов Хитой чемпионати, футболчи руҳияти ва маҳорати, фентези жамоаси ва ўзининг киберспорт ўйинларидаги кўрсаткичлари тўғрисида сўзлаб берди.