Чемпион ҳикоялари: Эдинсон Кавани. Ўтмишга мактуб
Nov. 17, 2018, 11:11 a.m. 4758

Мен бу хатни ҳамма «Пеладо» деб чақирадиган болакайга ёзяпман. «Пеладо» – «кал», ростан ҳам бу болакайнинг сочи кам эди, ўсиши ҳам жуда секин кечарди.

Айтишим мумкинки, кейинги йигирма йилда футбол ҳаётингнинг кўп жиҳатларини ўзгартиради. Баъзи ўзгаришлар ижобий, баъзилари салбий. Айнан футбол туфайли сен мана шу лақабингдан ҳам қутуласан. Биласанми, Габриел Батистута деган йигит бор. Сен ҳали уни билмайсан, чунки телевизорда фақат «Том ва Жерри» мультфильмини томоша қиласан, холос. Аканг Нандо оилангдагилар ичида биринчи бўлиб Батистута мухлисига айланади. У сартарошхонага боришдан, сочини калта қилиб олдиришдан воз кечишни бошлайди. Бирмунча вақт ўтиб, у узун сочлари билан майдонда югурганида ғирт Батиголни эслатиб юборади. Жуда ажойиб. Ниҳоят сен ҳам онангга қарши чиқасан – «бўлди, энди сочимни олдирмайман!»

Сен кўчадаги ўз ҳаётинг билан яшайсан. Сен ва оёқларинг орасидаги копток. Умуман, Лотин Америкасидаги ҳар бир болакайда шу аҳвол. Тўғри-да, уйда нима бор? Қизиқарли ҳеч нима. Playstation йўқ. Катта экранли телевизор йўқ. Ҳатто иссиқ сув ҳам йўқ. Иссиқлик йўқ, айниқса, қиш кунлари фақат тўрт қават адёл сизларга печка вазифасини ўтайди. Иссиқ сув керак бўлса, кўзага сув олиб, керосин ёқиб ишлатиладиган печкада иситиб олиш мумкин холос. Шундаям, иссиқ ва совуқ сувнинг нисбатини тўғри олишни ўрганиш керак. Шу тариқа, химикка айланиб кетасан, ишонавер.

Хонангга турли расмларни, плакатларни ёпиштира олмайсан ҳам. Ахир ҳар 2-3 йилда ё ижара қимматлик қилади, ёки отангнинг иш жойи ўзгаради, доим бошқа уйга кўчишга тўғри келади-да...

Лекин яхши томонини айтайми? Қаерга кўчиб боришларингдан қатъи назар, ўша уй олдида барибир яланглик бўлади. Тўп бўлади. Ҳеч қайси ижарага берувчи буни сиздан мосуво қила олмайди. Яна нима керак, тўғрими?

Энг зўри, агар номини тўғри эслаётган бўлсам, The Ice Cream Goal эди. Бу жуда ажойиб ўйин, балки «ПСЖ»да ҳам уюштириб кўриш керак. Ажойиб мотивация! Бу Сальтодаги  ёшлар лигаси ташкилотчиларидан чиққан ғоя эди. Натижа қандай кетаётганидан қатъи назар, олти ёшли болакайларнинг ўйинга бўлган қизиқишини қандай ушлаб туриш мумкин? Бир қоида қўшилади – ўйинда сўнгги голни урган болага музқаймоқ совға қилиб берилади.

Ҳисоб 8:1 бўлиши ҳам мумкин, фарқи йўқ. Ўйин охиригача ҳал қилувчи голни уриш ва музқаймоқ ютиб олиш истаги сени бошқаради. Ўша куни сен ғолибсан, ҳамманинг ичида қиролсан. Ҳамма сенга ҳавас билан қарайди.

Сальто пойтахт эмас. Монтевидеодаги болалар албатта, бошқа дунёда яшашади. Сен у ердаги ҳаётни тасаввур ҳам қила олмайсан. Адидас бутсалари, автомобиль пойгалари... Сальтода ҳаммаси бошқача. Негадир барча болалар оёқяланг футбол ўйнашни ёқтирадилар. Ўйин бошида ҳамма оёқ кийимини кийиб олган, аммо танаффусга яқин, қарасанг, бир бурчакда бир тўп бутсалар йиғилиб ётган бўлади. Ишонасанми, ҳозир ҳам кўзларимни юмсам, оёғим остидаги тупроқни ҳис қиламан. Юрагимнинг уруши, музқаймоқ ютиб олиш орзусидаги ҳаяжон – барчасини кўз олдимга келтира оламан.

Сен Лотин Америкадан бўлганинг учун, бу туйғу сени ҳеч қачон тарк этмайди. Сен Уругвайдансан. Сальто шаҳридан. Бошқалардан фарқли жиҳатларинг шундаки, ҳар бир уругвайликнинг дам олишга, ўзини бўш қўйишга ҳаққи йўқ. Бизнинг футболимиз, мамлакатимиз тарихи шуни далолат қилади. Либосни кийган ҳар бир уругвайлик ўз мамлакати тарихига фахр туйғуси туяди. Сен доим олға, олға ва олға юришинг керак. 

Сен Нандо аканг каби Монтевидеода ўйнамоқчимидинг? Бу орзуинг амалга ошади. Сен Европада ўйнашни истайсан. Буни ҳам амалга оширасан ва ўз ҳаётинг ва оиланг ҳаётини ўзгартириш учун етарли бўлган пулни топасан.

Сен терма жамоада ўйнашни орзу қиласан. Бу ҳам бир кун содир бўлади, сенга бу жамоа либосида ҳам қувонч, ҳам қайғу кўз ёшларини тўкишинг насиб этади. Жаҳон чемпионатида ўйнаш? Бўлади. Олдиндан айтиб қўйсам қизиғи қолмас, лекин 2010 йилдаги жаҳон чемпионатидан ажойиб хотиралар қолади, шуни билиб қўй.

Сен кўп пул топиб, қимматбаҳо машиналарда юриб, беш юлдузли меҳмонхоналарда ётгинг келадими? Пеладо, болакай, сен буларнинг ҳаммасига эришасан. Аммо...

Биласанми, буларнинг ҳаммаси сени тўлақонли бахтли қилишга етмаслиги мумкин. Балки сенга ғалати туюлар, аммо ҳозир, сенинг шу тўққиз ёшлигинг... Мен 31 ёшимда сенга ҳавас қиламан, ўша кунларга қайтиб қолишни истайман.

Ҳа, сенда иссиқ душ йўқ, чўнтагингда бир доллар пулинг ҳам йўқ. Ҳатто сочинг ҳам узун эмас, биламан. Аммо сенда баҳоси йўқ бўлган бошқа нарса бор. Сен -  эркинсан.

Болаликдаги фаоллигинг, орзуларинг, энергиянгни катта бўлганда топиш қийин. Инсон улғайган сари, ўша ҳолатда қолишни истайди, аммо тушунчаларимиз ўзгариб, ўша беғуборликни йўқотиб қўямиз. Масъулият ҳаддан ташқари кўпайиб кетади. Босим кўпаяди. Ҳаёт қайнайди, вақт йўқ.

Ҳаётим қандай ўтаётганини айтиб берайми? Эрталаб туриб, меҳмонхонадан машғулот базасига автобусда борасан. Кейин у ердан автобусга ўтириб, самолётга, кейин у ердан бошқа автобусга, кейин стадионга. Кўп жиҳатдан худди туш ичида яшаётгандек. Шунчаки, кўчага чиқиб, қуёш нуридан баҳра олиш ҳам қийин бўлиб қолгандек... Оёқдаги бутсани чиқариб, оёқяланг копток тепишнинг иложи йўқ. Бу қийин.

Ёшлигингда, етарлича мол-мулк ва бойликка эга бўлган инсон энг бахтли ва энг муваффақиятли деб ўйлайсан. Ундай эмас экан. Катта бўлганингда тушунасан – яшаб турган ҳаётидан баҳра олиш кераклигини тушуна олган инсон энг бахтли ва муваффақиятлидир.

Катта бўлиб, профессионал футболчи бўлиб етишганингда, ёшлигингда орзу қилган барча нарсага эга бўласан ва албатта, бунинг учун миннатдор бўлишинг керак. Аммо яна бир ҳақиқатни айтмасам бўлмайди, ҳозир ҳам, мен учун шундай вақт ва жой борки, ўзимни буткул озод ва эркин ҳис қила оламан. Бу вақт тўқсон дақиқа давом этади одатда.

Тупроқда ўйнайсанми, Сальто ёки Неаполдаги стадионми, фарқи йўқ, оёқларингга бутсани кийиб, майдонга кириб келаётганингда, отангнинг сўзларини эслагин...

У сенга доим ўйин олдидан нима дерди? Биласан-а?

«Сен мана шу оқ чизиқдан уёғига ўтишинг билан, ёдингда тут, бу шунчаки футбол. Шу чизиқ ташқарисидаги ҳеч нарса унинг ичкарисида сенга ёрдам бермайди. Бошқа ҳеч нарса йўқ», – дейди у.

Агар сен шу сўзларни қулоғингга қуйиб олсанг, ишон, ҳатто баъзида босим ошиб кетган пайтларда ҳам, миллионлаб нигоҳлар қаршисига чиқиш керак бўлса-да, сен майдонга чиққанингда, гўёки бутсани ҳам киймаган оёқяланг болага айланасан. Оёқларинг остидаги муздек тупроқни ҳис қиласан.

Қалбингнинг уриши ҳам эшитила бошлайди. Сен дунёдаги энг муҳим соврин учун майдонга тушган бўлсанг-да, худди музқаймоқ учун курашаётган болакай каби тўпни бошқариб кетаверасан...

Ҳурмат билан, Эди.

ThePlayersTribune материали асосида