Рақиб майдонни ташлаб кетишни истади — «Андижон» Суперлигага қандай чиққани ҳақида
Nov. 15, 2018, 3:37 p.m. 18099

«Андижон» клуби икки йиллик танаффусдан сўнг яна Ўзбекистон чемпионатининг юқори дивизионига - Суперлигага қайтди. Кўп йиллар давомида Биринчи Лига деб аталиб келинган қуйи дивизион эса энди Про-лига деб аталмоқда. Яъни, Профессионал Лига.

Маълумот учун айтиш керакки, бу лигада шунчалик «профессионал жамоалар» борки, бундай жамоалар автобусда жой йўқлиги учун шифокор ва етарлича захира футболчиларини меҳмондаги ўйинларга олиб кетолмайди. Яна баъзи жамоалар захирада биттагина дарвозабон билан ўйнаса, бошқалари захира дарвозабони бўлмагани учун посбонликни майдондаги ўйинчилардан бирига «ишониб топшириш»га мажбур бўлади. Ана шундай ажойиб лиганинг 2018 йилги ғолиби аниқланди. Жуда ғалати тарзда аниқланди.

Шахсан менда бу йилги Про-лига жамоаларидан иккитаси яхши таассурот қолдирди: «Шўртан» ва «Истиқлол». Ҳар иккисида ҳам ўзбек футболида донғи кетган футболчилар бўлмаса-да, сифатли футбол намойиш этишди. Ана шу жамоалардан бири «Истиқлол» Про-лиганинг 35-турида «Андижон» меҳмони бўлди. Бу ўйиндан олдин андижонликлар жамоаси 60 очко билан чемпионатда етакчилик қилаётганди. «Истиқлол» ҳисобида эса 54 очко бор эди. 36-турда «Андижон» ва «Машъал» Муборакда ўзаро ўйнашини инобатга олсак, «Истиқлол»да чемпионлик учун имконият йўқ эди. Бироқ Сергей Лебедев шогирдлари «Андижон» уларни енгиб чемпион бўлишини хоҳламагани аниқ.

Эсингизда бўлса, ўтган йил «Манчестер Сити» ўз майдонида «Юнайтед»ни енгиб чемпион бўлиши мумкин эди, бироқ Жозе Моуриньо шогирдлари ҳамшаҳарларини сафар ўйинида мағлуб этиб, уларнинг байрамини ортга суришди. Жозедан танаффусда йигитларингизга нима дедингизки, улар Гвардиола ва жамоасининг байрамини бузишга куч топишди дейишганида «Special One» шундай жавоб берганди: «Анавиларнинг байрам қилаётганини масхарабозга ўхшаб томоша қилишни хоҳлайсизми, дедим».

Яқин ўтмишдаги футболимизнинг ажойиб вакилларидан бири бўлмиш Сергей Лебедев ҳам шогирдлари билан «Андижон»нинг байрамига томошабин бўлишни истамагани аниқ.

«Истиқлол» Андижондаги ўйинда биринчи бўлиб ҳисобни очди. Шу куни «Соғлом авлод» стадионига кўплаб фарғоналик мухлислар ҳам ташриф буюрганди. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари остида «Истиқлол» футболчиси 41-дақиқада узоқ масофадан зарба йўллаб, мезбонлар дарвозасини ишғол этди. Биринчи бўлим Лебедев жамоасининг ғалабаси билан якунланди. Иккинчи бўлим бошларида мухлислар бир неча дақиқага 2005 йилга қайтиб қолгандек бўлишди… Япониялик ҳакам Тошимицу Йошида бошқарган Ўзбекистон – Баҳрайн ўйинини назарда тутяпмиз. 50-дақиқада андижонликлар ҳисобни тенглаштиришади. Бироқ дуранг натижа «Андижон»га етарли эмасди. Чунки, 36-турда жамоа Муборакда иккинчи ўринда бораётган «Машъал»га қарши ўйнаши керак. Агар қашқадарёликлар бу «олтин ўйин»да ғолиб бўлишса, чемпионликни илиб кетишлари мумкин эди. Ўз майдонидаги «Истиқлол» устидан қозонилган ғалаба эса андижонликларга муддатидан олдин чемпионликни ҳадя этарди.

Ҳисоб тенглашганидан кўп ўтмай ўйинни бошқарган ҳакам Шерзод Қосимов «Истиқлол» дарвозасига пенальти белгилади.  Ўзи Про-лига ўйинларида жуда кўп пенальти белгиланади. Бу ўйин ҳам мустасно бўлмади. Хуллас, шу ҳакамнинг пенальти белгилаши фарғоналик футболчиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Қосимов уларни бир амаллаб тинчитгач, зарбага рухсат берди. «Андижон» футболчисининг пенальтидан берган зарбасини «Истиқлол» дарвозабони Нодир Ашурматов қайтарди. Бироқ тўп қайтарилиши билан Шерзод Қосимов қўлларини юқорига кўтариб, пенальти қайтадан тепилиши кераклигини айтди. Рақибнинг пенальтисини қайтаргани учун хурсандчиликдан сакраган «Истиқлол» дарвозабонига эса иккинчи сариқ карточка кўрсатиб, уни майдондан четлаштирди.

Шу ўринда савол пайдо бўлади. Балки ҳакам дарвозабон зарба берилишидан олдин олдинроққа ташланиб, қоидани бузиб тўпни қайтарган, деб топган ва пенальти қайта тепилишини кўрсатгандир. Лекин унга нега иккинчи сариқ кўрсатилган? Барча дарвозабонлар ҳам пенальти вақтида рақиб футболчиси тўпни тепаётганида ўз инерциясига бўйсуниб олдинга ташланади. Ҳарҳолда дарвозабон чизиқдан сал олдинга чиққани учун унга иккинчи сариқ карточка берилмайди. Ҳакам ўйин протоколида кўплаб норозиликларни келтириб чиқарган бу қарорини қандай изоҳлагани бизга қоронғи. Лекин вазият видеосида дарвозабоннинг ўта жиддий айблари борлиги кўринмайди.

Катта эҳтимол билан Қосимов дарвозабоннинг кейинги ҳаракатларини (яъни, ўз сейвидан кейинги хурсандчилигини) агрессив ҳаракат деб баҳолаган. Нима, пенальти қайтариб хурсандчилик қилиш мумкин эмасми?

Тажрибали ҳакамлар кучли реферилар оддийларидан ҳал қилувчи паллада инсон омилини инобатга олиб қарор чиқариши билан фарқланади, дейишади. Робот каби фақат қоида билан ишлайдиган ҳакамлар одатда ўйинларни бузиб қўйишади. Ўзбекистон ифтихори Равшан Эрматов 2014 йилги мундиалда Швейцария ҳамда Эквадор жамоалари ўртасидаги ўйинда айнан ҳакам бўлиб эмас, инсон бўлиб чиқарган қарори сабаб кўпчиликнинг олқишига сабаб бўлганди. Балки, Шерзод Қосимов шунинг учун ҳам Равшан Эрматов даражасига кўтарила олмас…

Бу воқеадан кейин фарғоналик футболчилар ҳакамнинг қарорига норозилик билдирган ҳолда бутун жамоа бўлиб дарвозабон билан бирга майдонни тарк этишмоқчи бўлган, аммо мураббий улардан охиригача ўйнашга кўндирган.

Хуллас, «Андижон» иккинчи уринишда пенальтидан гол урди. Ўйиннинг қолган қисмида ҳам Қосимов кўп марта мезбонлар фойдасига қарорлар чиқарди ва «Андижон» жуда хунук ғалаба билан Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Қуйида ҳакам мезбонларга очиқчасига ён босган вазиятлардан иккитаси келтирилади.

Биз ҳакамларнинг «Андижон»га ёрдам бергани ҳақида ортиқча гапирмоқчи эмасмиз. Чунки бунинг фойдаси ҳам йўқ. Бунга бир неча ўн маротаба гувоҳ бўлганмиз. Ўзбек футболи мухлисларини бошқа нарса ранжитди…

«Андижон»нинг захира футболчилари дарвоза ортида туриб, пенальтини қайтарган дарвозабонни майдондан четлаштиришни талаб қилишлари, ўша пенальтидан урилган голни худди Пушкаш совринига даъвогар бўлганидек нишонлаганликлари… Умуман, андижонлик футболчилар мана шундай номуносиб тарзда Суперлигага чиққанидан бу қадар қувонишлари ҳар қандай виждони уйғоқ мухлисларни ранжитади. Ижтимоий тармоқларда «Андижон»нинг кўплаб мухлислари «Бизга бундай ғалабанинг кераги йўқ», қабилида муносабат билдирганликларини кўрдик. Чиндан ҳам виждони бор инсон нотўғри йўл билан қўлга киритилган ҳар қандай нарсани қабул қила олмайди.

Интернетда «Андижон» клуби мухлислари ҳам ўз норозиликларини қуйидагича билдиришди.

Энг ёмони, мана шу «цирк» ПФЛ раҳбари Омон Ғофуровнинг кўз ўнгида содир бўлди. У мана шу шармандаликни жимгина томоша қилди ва ўйиндан кейин кубокни андижонликларга тантанали тарзда топшириб келди.

Дарвоқе, кубок ҳақида. ПФЛ «Андижон»нинг 35-турдаёқ чемпионликни нақд қилишини тушида кўрганмидики, кубокни ўйиндан олдин стадионга олиб бориб қўяди? Демак, «Машъал»нинг чемпион бўлмаслиги аниқ бўлган эканда? Ваҳолангки, Андижондаги ўйинда мезбонлар очко йўқотишса, 35-турда «Норин»ни мағлуб этган «Машъал» охирги турда «Андижон»ни ўз майдонида мағлуб этиб, чемпионликни илиб кетиши ҳам мумкин эди. Агар «Андижон» - «Истиқлол» ўйинида дуранг қайд этилса, ёки фарғоналиклар ғолиб бўлишса, охирги турда «Машъал» ва «Андижон» жамоалари ўртасидаги чемпионлик «жанги» қандай ўтган бўлишини тасаввур қиляпсизми?

Лекин ПФЛ кубокни ҳали чемпион бўлиши аниқ бўлмаган «Андижон» стадионига олиб борди. Бунақа қарорлар билан футболни ривожлантирмоқчи бўлаётганлар қаттиқ адашишади. Ўтган мавсумда «Машъал»ни стадионидаги ёриткичи талаб даражасида эмас деб юқори дивизиондан четлаштирган ташкилот бу мавсумда нечта жамоага майдони ва стадионидаги шароити талаб даражасида бўлмаса ҳам (!) ўйинларни ўтказишга рухсат берганини кўрдик. ПФЛ йўқ жойдан жамоаларни юқори дивизионга олиб чиқаверса, тоза футбол ўйнаётган жамоаларнинг хўрланаётганига жим қараб турса, бу ташкилот ўз номидан профессионал деган сўзни секингина олдириб ташлагани маъқул.

Футбол бу ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўладиган нарса эмаски, унда ҳар хил қинғирликлар қилишга зарурат бўлса. Ахир бу ўйин. Одамларни овунтирадиган шунчаки ўйин, азизлар. Биргина ўйин сабаб бошқаларнинг кўзига балодай кўринишнинг нима кераги бор? Тартиб ўрнатинг ва қинғирликларга йўл қўйманг. Қолган ишлар ҳаммаси ўз-ўзидан изига тушиб кетаверади.

Мухлисларга эса яхшигина маслаҳатимиз бор. Уйингизга яхши телевизор олинг. Ҳар хил тюнерлар ва антенналарни ўрнатиб, Европа чемпионатларини кўрсатадиган каналларни ўрнатинг. Ишдан келгач, «кучли бешлик» ўйинларини маза қилиб томоша қилинг. Ўзимизнинг ўйинларга бир дақиқа кўз ташлаб, ҳали ҳам ҳеч нарса ўзгармаганини кўргач, асабийлашманг. Мийиғингизда кулиб қўйинг ва яна «кучли бешлик»ка қайтинг. Чунки ўзбек футболи бебаҳо асабингиз бузилишига арзимайди.

Ўткир Жалолхонов