Кун антиқаҳрамони: Игуаин ҳакамга бақирди ва Роналду билан баҳслашди
Nov. 12, 2018, 12:27 p.m. 22070

«Милан» ҳужумчиси Гонсало Игуаин «Ювентус»га қарши ўйин (0:2) антиқаҳрамонига айланди.

Аргентиналик футболчи биринчи бўлим охирида, ҳисоб 0:1 бўлиб турганида пенальтидан гол уролмаганди. Иккинчи бўлим охирида эса «Юве» ҳимоячиси Медхи Бенатияга нисбатан фол ишлатгач, арбитр Паоло Маццолени унга сариқ карточка кўрсатди, футболчи эса буни ноҳақлик деб ҳисоблаб, унга бақира бошлади, шундан кейин унга қизил карточка кўрсатилди.

Игуаин майдонни тарк этишни истамади, у ўзини тинчлантириш учун келган «Реал»даги собиқ жамоадоши Криштиану Роналду билан баҳслашди ва унга ҳам бақирди, «Ювентус»даги бошқа жамоадошлари ҳам уни овута олишмади.

У майдонни тарк этаётганида йиғлаб юборди.

Шу йил ёзида «Милан» Игуаинни «Ювентус»дан кейинроқ 54 миллион еврога сотиб олиш шарти билан бир мавсум учун 18 миллион еврога ижарага олганди.