Мессининг омадсиз қайтиши ва юқорига интилаётган Солари. Испанияда тур ўйинлари
Nov. 12, 2018, 5:22 p.m. 4777

Дам олиш кунларида Испания чемпионатида 12-тур учрашувлари ўтказилди. Бу турда Месси «Барселона»да қайтишини амалга оширди, «Реал» Солари қўли остидаги қаторасига тўртинчи учрашувда ҳам ғалаба қозонди.

Месси қайтди, «Барса» ютқазди

«Барселона» - «Бетис» - 3:4 (0:2) 
Голлар: Фирпо, 20 (0:1). Хоакин, 34 (0:2). Месси, 68 - с пенальти (1:2). Ло Сельсо, 71 (1:3). Видаль, 79 (2:3). Каналес, 83 (2:4). Месси, 90+2 (3:4).  
«Барселона»: тер Штеген, Серхи Роберто, Пике, Лангле, Жорди Альба, Ракитич, Бускетс (Аленья, 69), Артур (Видаль, 46), Месси, Л.Суарес, Малком (Эль-Хаддади, 57). 
«Бетис»: Пау Лопес, Манди, Бартра, Сидней, Тельо, Гуардадо, Ло Сельсо (Инуи, 87), Виллиам Карвалью, Фирпо, Хоакин (Каналес, 62), Лорен Морон (Леон, 76). 
Огоҳлантиришлар: Гуардадо, 24. Ракитич, 44. Бускетс, 59. Манди, 69. Видаль, 73.  
Четлатиш: Ракитич, 81.  
Ҳакам: Матеу Лаос.

Мессисиз ҳаммаси жойида эди
Лионель Месси 20 октябрь куни «Севилья»га қарши ўйинда ўнг елкасидан жароҳат олиб, 3 ҳафтага сафдан чиқиши жамоанинг натижаларига салбий таъсир кўрсатмади. Каталонияликлар асосий етакчисисиз ўтган 5 ўйинда 4 ғалабага эришди, жумладан эл-класикода «Реал» йирик ҳисобда мағлуб этилди, ЕЧЛда «Интер»га қарши ўйинларда 4 очко олинди, жамоа Испания чемпионатида биринчи ўринни сақлаб қолди, ЕЧЛда плей-офф йўлланмасини муддатидан олдин ҳал қилди.

Леонинг қайтиши
Аргентиналик футболчи кутилганидан бир ҳафта олдиноқ машғулотларга киришган, у «Интер»га қарши жавоб учрашувида майдонга тушиши кутилганди. Аммо ўйиндан бир кун олдин шифокорлар таваккал қилишни исташмади ва унинг ўйнашига рухсат беришмади. Месси жамоа билан Миланга борди, аммо Вальверде уни ўйин қайдномасига киритмади. Ла Лиганинг навбатдаги ўйинида эса у бошланғич таркибда ўйнайдиган бўлди.

Малком стартда
Месси билан бирга Малком ҳам «Бетис»га қарши ўйиннинг асосий таркибидан ўрин олди. Ушбу бразилиялик Миландаги ўйинда ўзини кўрсатган ва тўпга биринчи тегинишидаёқ ҳисобни очганди. Дембеленинг навбатдаги машғулотга ҳам кечикиб келиши ва Коутиньонинг кичик жароҳат олиши Малком учун асосий таркибга эшик очди. Ёзда «Рома»нинг «бурни остидан илиб кетилган» «Бордо»нинг собиқ футболчиси Испания чемпионати ўйинида илк марта бошланғич таркибга киритилди.

«Барселона»нинг прессинги
Бразилиялик футболчи илк дақиқадаёқ голли пас муаллифи бўлиши мумкин эди, унинг чап қанотдан берган узатмаси Мессининг зарбаси билан якунланди, аммо тўп йўлига меҳмонлар жамоаси ҳимоячиси тўғаноқ бўлди. «Барса» ҳакамнинг ўйин бошлангани ҳақидаги ҳуштаги янграши биланоқ юқори прессинг уюштира бошлади. Аммо «Бетис» футболчилари ва дарвозабони хотиржам ҳаракат қилишди. Кучли босим остида ҳам меҳмонлар бир-бирларига аниқ тўп узатишларни амалга оширишда давом этишди.

Майдон эгалари ўзларига ишониб ўйнашар, футболни соғиниб қолган Месси доимий равишда тўп билан муомала қиларди. У Суарес ва Ланглени бир мартадан зарба бериш ҳолатига чиқарди, аммо «Бетис» дарвозабони Пау Лопес («Барселона»нинг ашаддий рақибларидан бири бўлмиш «Эспаньол» клуби тарбияланувчиси) ҳар икки вазиятда ишончли ҳаракат қилди.

Огоҳлик қўнғироғи
Ўзига ҳаддан ортиқ ишониб юбориш мезбонларга қимматга тушди. Катта куч билан олдинга ўтган «Барселона» орқада катта бўшлиқ қолдирди - Пике ҳимояга қайтишга улгурмади, қарши ҳужумда муваффақиятли ҳаракатланган Ло Сельсо жарима майдонига ёриб кириб, зарба берди, аммо тўпни қайтишга улгурган ҳимоячилардан бири майдон ташқарисига чиқариб юборишга улгурди. Севильяликларнинг аргентиналик яримҳимоячиси ўйиннинг энг фаол футболчисига айланди ва яна бир голли вазият юзага келтирди. Бу сафар Хоакин у ташлаб берган тўпни дарвозага аниқ йўллай олмади. «Барселона» бу ҳужумни огоҳлик қўнғироғи сифатида қабул қилиши керак эди, аммо бундай бўлмади.

Икки карра жазолаш

«Бетис» 15 дақиқа ичида кўк-анорранглиларни икки марта жазолади. Таниқли «футбол шахматчиси» бўлмиш Сетьен севильяликлар жамоасининг комбинацион ўйинини яхши қура олганини намойиш қилди. У ўйиндан олдин Йоҳан Кройфнинг «Барселона»си намойиш этган футболга қўйган муҳаббатини тан олганди. Нидерландиялик даҳонинг испаниялик мутахассисга қанчалик таъсир кўрсатгани ўйин давомида кўриниб турди. 

Биринчи гол чап қанотда Карвалью Фирпони қулай вазиятга чиқариши ортидан урилди. Ёш қанот ҳимоячиси Робертони доғда қолдириб, тер Штегеннинг яқин бурчагини аниқ нишонга олди. Иккинчи голни эса «Барселона»нинг собиқ футболчиси Тельонинг қанотдан узатмасидан кейин Хоакин урди. Танаффус арафасида таблода 0:2 ҳисоби порлаб турарди, меҳмонлар фойдасига.

Иккинчи бўлимдаги рок-н-ролл
Вальверде танаффусдаёқ ўзгариш қлишни бошлади. Видалнинг майдонга чиқиши жамоанинг ҳаракатчанлигини оширди, «Бетис»нинг кучлари тугаётгандек кўрина бошлади. 67-дақиқада Тельо Альбани жарима майдони ҳудудида йиқитди ва белгиланган пенальтини Месси аниқ ижро этди. 

«Барса» ҳисобни тенглаштириш учун катта куч билан олдинга ташланди, аммо бир неча дақиқа ўтиб икки тўплик фарқ тикланди. Ло Сельсо қийин бўлмаган зарбани дарвозабоннинг ўзига қаратиб йўллаганди, аммо тер Штеген барчани ҳайрон қолдириб, тўпни ўтказиб юборди. Шу ондан бошлаб майдонда рок-н-ролл бошланиб кетди.

«Барса» тез орада жавоб қайтарди, Мессининг Мунирга аъло даражада пасидан кейин зарба бермаган ҳужумчи тўпни Видалга қолдирди - каталонияликлар ҳисобни яна қисқартиришди. Аммо ўйин якунланиб бораётган паллада Ракитичнинг майдондан четлатилиши - у рақиб ҳужумини қўпол равишда тўхтатгани учун ҳақли тарзда иккинчи сариқ карточка билан жазоланди - кўк-анорранглиларнинг кайфиятига таъсир кўрсатди. Кўп ўтмай меҳмонлар тўртинчи голни уришди, бу сафар Каналес аниқ ҳаракат қилди.

Леонинг дубли
Бу ўйинни қутқариб қолишнинг имкони қолмаганди. Қўшимча дақиқаларда Месси яна бир гол урди, бу вазиятда видеотакрордан фойдаланилди. Аммо «Барса»нинг бундан ортиғига кучи ҳам, вақти ҳам қолмаганди. Кўк-анорранглилар чемпионатда иккинчи марта мағлубиятга учради.

3:4. Каталонияликлар уй учрашувларида мағлуб бўлмаслик бўйича 43 учрашув давом этган серияни тўхтатишди. ФИФА кунлари муносабати билан юзага келадиган танаффус Вальверде учун кўп нарсани ўйлаб олишга имкон яратиши мумкин.

«Бетис» ва Сетьен эса - тур қаҳрамонлари бўлишди.

«Реал»да ғалабали серия

«Сельта» – «Реал» – 2:4 (0:1)
Голлар: Бензема, 23 (0:1). Кабраль, 56 – автогол (0:2). Мальо, 61 (1:2). Серхио Рамос, 83 – пенальти (1:3). Себальос, 90+1 (1:4). Мендес, 90+4 (2:4).
«Сельта»: Альварес, Мальо, Ронкалья, Кабраль, Хункa, Мендес, Бельтран (Эмре Мор, 63), Окай Йокушлу, Буфаль (Юльсагер, 63), Аспас, Гомес.
«Реал»: Куртуа, Одриосола, Начо (Асенсио, 71), Серхио Рамос, Регилон (Санчес, 45+1), Кроос, Каземиро (Себальос, 19), Модрич, Л.Васкес, Бензема, Бэйл.
Огоҳлантиришлар: Регилон, 37. Кабраль, 40. Мальо, 41. Хункa, 44. Санчес, 53.
Четлатиш: Кабраль, 87.
Ҳакам: Ундиано Мальенко.

«Мураббий вазифасини вақтинча бажарувчи»
28 октябрь куни «Реал» класико баҳсида шармандаларча мағлуб бўлди (1:5), шундан кейин Хулен Лопетеги ўрнига ўринбосарлар жамоаси мураббийи Сантяьго Солари вақтинча бош мураббий этиб тайинланди. Аргентиналик мутахассисга икки ҳафта муҳлат берилганди, бу муддат якунлангач, «Қироллик клуби» раҳбарияти бош мураббийни таништириши керак эди. Кўриниб турибдики, Солари расман бош мураббий этиб тайинланади. Айни вақтда клуб раҳбарияти қайсидир мутахассис билан музокаралар олиб бораётгани тўғрисидаги хабарлар ҳам тинчиб қолган.

Тўрт имтиҳон
Бу икки ҳафта ичида аргентиналик мутахассис 4 ўйинга жамоани бошлаб бориши белгиланганди. Биринчи ўйин нисбатан осон эди - Испания Кубогида «Мелилья» мағлуб этилди (4:0). Кейин эса ички чемпионатда «Вальядолид» (2:0) ва «Сельта» (4:2), Чемпионлар лигасида эса «Виктория» Пльзен клублари таслим этилди (5:0).

Қўшимча мотивация
«Реал» бунгача Солари бошчилигидаги 3та ўйинда битта ҳам гол ўтказмаганди - 11:0. Тўртинчи ўйин энг мураккаби эди - «Виго»да кельтларга қарши. Ўтган мавсумда «Сельта» «Реал»га қарши ўз уйидаги ўйинда очко олганди (2:2), бу мавсумда эса «Балаидосе»да «Атлетико»ни мағлубиятга учратишга улгурди (2:0). Галисияликлар одатда Ла Лиганинг бошқа ўйинларида ёрқин ўйин кўрсатишмайди, грандлар билан ўйинларда эса қўшимча мотивация билан ҳаракат қилишади. Шу туфайли, мадридликлар мухлисларида бу ўйиндан аввал жиддий хавотир бор эди.

Жароҳатлар

Ўйин бошидаёқ муаммолар юзага келди. Майдон эгалари кескин ўйин кўрсатишди ва ўйин бошланганига 20 дақиқа бўлмай туриб, навбатдаги қўполликдан кейин Солари илк мажбурий ўзгаришни амалга оширди - ортдан подкат берилиши туфайли Каземиро сафдан чиқди ва унинг ўрнида майдонда Себальос пайдо бўлди. Биринчи бўлим охирида эса Регилон чўлоқлана бошлади ва унинг ўрнига Хави Санчес туширилди. «Реал» лазаретидаги Марсело, Варан ва Карвахаль қаторига яна бир ҳимоячи бориб қўшиладиган бўлди.

Бенземанинг фаоллиги
Бу вақтга келиб меҳмонлар ҳисобни очиб улгуришганди. Модричнинг пасидан кейин Бензема бир уринишда дарвозани ишғол қилди. Бу гол франциялик ҳужумчи учун чемпионатдаги бешинчи гол бўлди. Танаффусдан кейин у жамоасининг яна бир голида иштирок этди, унинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устунидан қайтиб, рақиб ҳимоячиси Кабралнинг бошига тегди ва дарвоза тўрига бориб тушди. «Қироллик клуби» ишонч билан ўйинни назорат қила бошлади.

Ҳимоя муаммолари
Аммо «Сельта» ўз уйида қўл кўтариб таслим бўла олмасди. Кабралнинг автоголидан 5 дақиқа ўтиб ҳисоб қисқарди - Мальо жарима майдонига ёриб кириб, қанотдан узатилган тўпни Куртуанинг узоқ бурчагига йўллади. Кўп ўтмай Солари учинчи марта мажбурий ўзгаришни амалга оширди - жароҳат олган Начо ўз ўрнини Асенсионга бўшатиб берди. Васкес эса чап қанотга ўтиб ҳаракатлана бошлади.

Ўйинда ҳал қилувчи вазият мезбонлар дарвозасига пенальти белгиланиши бўлди. Рамос учинчи голни урди. Ўйин охирида Себальос ҳисобни йирик кўринишга келтирди (бу вақтга келиб ўйин антиқаҳрамони Кабрал иккинчи сариқ карточкани олиб, майдонни тарк этганди). Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг охирида Браис ҳисобни қисқартирди. 4:2, Солари икки ҳафталик муддатни муваффақиятли ўтказди 4 ўйинда 4 ғалаба, тўплар нисбати 15:2. Мадридликлар бу мавсумда ҳали қаторасига тўрт ўйинда ғалаба қозонишмаганди.

Эҳтимол, «Реал» президенти Флорентино Перес янги мураббийни танлаш вақтида буни унутмас. Солари «қаймоқранглилар» бошқарувида камида шу мавсум охиригача қолишга ҳақли. Бу мураббий номзодини бир қатор футболчилар ҳам фаол қўллаб-қувватлашмоқда.

Годиннинг қаҳрамонлиги

«Атлетико» – «Атлетик» 3:2 (0:1, 3:1)
Голлар: 0:1 – 36 Иньяки Уильямс, 1:1 – 61 Парти, 1:2 – 64 Иньяки Уильямс, 2:2 – 80 Родри Эрнандес, 3:2 – 90 Годин.
«Атлетико» – Облак, Арьяс, Годин, Монтеро (Желсон Мартинш, 56), Филипе Луис, Корреа (Калинич, 62), Парти, Родри Эрнандес, Сауль, Диего Коста (Витоло, 46), Гризманн.
«Атлетик» – Яго Эррерин, Де Маркос, Нуньес, Мартинес, Баленсиага, Беньят (Ноласкоайн, 67), Сан Хосе, Муниаин, Сусаета (Капа, 88), Иньяки Уильямс (Рауль Гарсия, 76), Берчиче.
Огоҳлантиришлар: Диего Коста (38), Беньят (49), Витоло (66), Калинич (66), Адан (66), Сан Хосе (82), Де Маркос (86), Мартинес (90), Корреа (90), Берчиче (90).
Четлатиш: Берчиче (90).

Таслим бўлмас Диего Годин «Атлетико»га қўшимча дақиқаларда ғалаба келтирди. Бунгача у ярим соат давомида майдонда жароҳати билан ҳаракат қилди.

Ўйиннинг 64-дақиқасида мадридликлар жамоасининг уругвайлик сардори Иньяки Уильямс иккинчи голни уриш учун кетаётганида уни таъқиб эта туриб белидан жароҳат олди. Аммо бу вақтга келиб, «Атлетико» 3 нафар футболчини алмаштириб бўлганди.

32 ёшли футболчи майдонда қолди. Мураббий уни ҳужумга жўнатди. 91-дақиқада биринчи голни ўзига хос услубда узоқ масофадан урган Парти жарима зарбасини ижро этди. Унинг пасини Антуан Гризманн Годинга қулай қилиб ташлаб берди ва ҳимоячи ғалаба голини оқсоқланганча нишонлади.

«Уильямс билан бирга чопганимдан кейин белимда қаттиқ оғриқ ҳис қилдим. Мен кетишга чоғланиб, сардорлик боғичини Антуанга бермоқчи эдим. Аммо бизда захира қолмаган экан. Биз Чоло билан гаплашдик ва у мени ҳужумга қўйишга қарор қилди. Ўйин охиригача кўп вақт бор эди ва мен ҳали жамоага ёрдам бера оламан деб ўйладим. Энди текширув натижаларини кутамиз, мен камида бир ойга сафдан чиққан бўлсам керак. Мен ўз танамни биламан, жароҳатни жиддийлаштирмаслик учун эҳтиёт бўлишим керак», деган ўйиндан кейин футболчи.

Тур ўйинлари
Севилья – Эспаньол 2:1 (0:1, 2:0)
Голлар: 0:1 – 38 Иглесиас, 1:1 – 70 Меркадо, 2:1 – 89 Бен-Йеддер.
Алавес – Уэска 2:1 (1:1, 1:0)
Голлар: 0:1 – 35 Гомес, 1:1 – 41 Хони Родригес, 2:1 – 68 Собрино.
Райо Вальекано – Вильярреал 2:2 (1:1, 1:1)
Голлар: 0:1 – 33 Чуквуэзе, 1:1 – 45 де Томас, 2:1 – 66 Гарсия, 2:2 – 80 Сансоне.
Хетафе – Валенсия 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 81, пенальти Парехо.
Вальядолид – Эйбар 0:0 (0:0, 0:0)
Леванте – Реал Сосьедад 1:3 (1:0, 0:3)
Голлар: 1:0 – 4 Родригес, 1:1 – 73 Тео, 1:2 – 77 Хуанми, 1:3 – 83 Ойарсабаль.
Жирона – Леганес 0:0 (0:0, 0:0)

Турнир жадвали