Катта дерби олдидан: Хосе ва Жозе. 9 йиллик рақобат
Nov. 11, 2018, 6:02 p.m. 6974

Бугун Манчестердаги «Этиҳад Стадиум»да Англия чемпионатининг энг кескин дербиларидан бири бўлиб ўтади. Жамоалар тарихи, бугунги кунда эгаллаб турган ўрнидан қатъи назар, яна бир қарама-қаршилик борки, бу ҳақида алоҳида асарлар ёзса арзийди. Аслида бир мактабдан етишиб чиққан бўлса-да, футболга бўлган қарашидан тортиб, услуб-фалсафасигача кескин фарқ қиладиган икки буюк мураббий дуэли. Пеп Гвардиола ва Жозе Моуриньо!

Ҳа, адашмадингиз, аслида икки мутахассиснинг футболга мураббий кўзи билан қараши, шаклланиши бир инсонга - Бобби Робсонга ва бир клубга - «Барселона»га бориб тақалади. Жозе Моуриньо 1993 йилдан Португалиянинг «Спортинг», кейин «Порту» клубида бош мураббий Бобби Робсонннинг таржимони бўлган, кейинчалик англиялик мураббий уни мураббий сифатида ҳам ўзига ёрдамчи қилиб олганди. Жозе Бобби Робсон билан биргаликда 1996 йилда «Барселона»га келади. Ўша пайтларда Хосеп Гвардиола футболчи сифатида Каталония клубида ўйнарди.

Робсон истеъфога чиқарилгандан кейин ҳам, Моуриньо кейинги мураббий Луи ван Гаалнинг ёрдамчиси сифатида ишлай бошлади. Ҳатто балки кўпчилик билмаслиги мумкин, Луи Моуриньога баъзи кичик турнирларда «Барселона»ни мустақил бошқаришга қўйиб берган. Масалан, 2000 йилдаги Каталония кубоги турнирини Гвардиола сардорлигидаги «Барселона» айнан Жозе Моуриньо қўл остида қўлга киритган. Яъни, янги асрнинг икки энг буюк мураббийлари - Хосе ва Жозенинг илк ҳамкорлиги мана шундай бошланган.

Кейинчалик, Жозе Моуриньо мустақил иш излаб Португалияга кетди, Пеп Гвардиола эса, аввалига Италия чемпионатида, «Брешия» клубида футболчи сифатида фаолиятини давом эттиради, узоқ дарбадарликлардан (у маълум вақт Мексика чемпионатида футболчи ва мураббий сифатида тажриба тўплаган) кейин яна «Барселона»га қайтди ва клуб тизимида мутахассис сифатида иш бошлади.

Орадан йиллар ўтиб, бу икки шахснинг йўли кесишганда, ҳар иккиси ҳам бир ички чемпионатлардан тортиб, Европа чемпионлар Лигасида ҳам ғалаба қозониб улгурган машҳур мураббий эди.

ИНТЕР - БАРСЕЛОНА (2009-2010)

2009/10 йилги мавсумда Чемпионлар Лигасининг ярим финали. Амалдаги чемпион, Европада энг зўр футбол кўрсатаётган «Барселона» ва Италиядаги «Ювентус»дан бўшаб қолган ўринга эга чиққан «Интер»... (аслида ўша мавсумдан олдинроқ ҳам «Интер» ва «Барселона» икки марта ўзаро ўйнаган. Лекин бу ўйинлар мусобақанинг гуруҳ босқичида бўлгани учун у қадар катта эътибор қозонмаган).

Икки мураббийнинг илк жиддий тўқнашуви ўшанда рўй берганди. У пайтларда Моуриньонинг Гвардиола билан унча иши йўқ, асосий алам клубда - «Барселона»да қолиб кетганди. Айтишларича, 2008 йилда Франк Райкаарддан бўшаган ўрин учун Моуриньо ва Гвардиола асосий номзод саналган. Собиқ жамоасини бошқаришни орзу қилган португалиялик мутахассис ҳатто жамоани ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиб, клуб раҳбарларига тақдим этган. «Порту» ва «Челси»да ўзини кўрсатиб улгурган Моуриньо уни рад этмасликларига аниқ ишонган. Аммо клуб бош мураббий этиб, Моуриньони эмас, ёшлар жамоасида ишлаб юрган ва ҳали катта футболда умуман тажрибаси йўқ бўлган Гвардиолага ишонч билдириши ҳамма учун сюрприз бўлганди.

Гвардиола илк мавсумдаёқ танлов хато бўлмаганини исботлади ва бир йилда олтита совринни клуб музейига тақдим этди. Навбатдаги тўқнашувда Моуриньо нафақат «Интер», балки «Камп Ноу» қаршисида ҳам ўзининг устун эканини исботлаши керак эди.

Шундай бўлди ҳам. Миланда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган италияликлар «Камп Ноу»да бутун ўйин давомида деярли, бир киши кам бўлиб ўйнаганликларига қарамай, ўзларига керакли ҳисобни сақлай олишди. Шу-шу Жозе Моуриньо футболи ҳимояда беназир ўйнайдиган, жасоратли ва иродали йигитлардан тузилган бир «шайка» сифатида дунё футболи томонидан эътироф этила бошланди. Жозенинг ўша муваффақиятли ўйиндан сўнг, «Камп Ноу» ўртасида туриб олиб, ўзини намойиш қилганини ҳамма эсласа керак.

Финалда қизиғи, Моуриньога унинг ва Гвардиоланинг собиқ устози Луи ван Гаалнинг «Бавария»си кутиб турарди. Бу сафар шогирд устун келди.

РЕАЛ - БАРСЕЛОНА (2010-2012)

«Барселона» ўша йиллари ростан ҳам Европада ва Испанияда тенгсиз жамоага айланган, айниқса ўзаро ўйинларда «Реал» ожиз қоларди. Чемпионлар Лигасида ҳам қаторасига олти йил мадридликлар нимчорак финалдан уёғига ўта олмаётганди. Роналду, Кака каби юлдузларни Мадридга олиб келган Перес учун Пеллегрини варианти ёқмай қолган, энди «Реал»га статус бўйича ўша юлдузларга мосроқ, муҳими ғалаба қозонишни биладиган, янаям муҳими «Барселона»ни енгишнинг уддасидан чиқадиган мураббий лозим эди. Албатта, илк нигоҳ каталонияликлар билан шахсий ҳисоб-китоби бўлган Моуриньога тушади-да...

Жозе «Реал»га келганида, ҳали қилинадиган ишлар кўп эди. Буни илк эл-класико ҳам исботлади: «Барселона» «Камп Ноу»да 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Йўқ, бунақаси кетмайди. Шунчаки, футбол ўйнаб, Месси, Хави, Иньеста каби болакайларни енгиш мумкинмас. Бунинг учун ўйиндан ҳам кўпроғи, яна жанг қилиш лозим бўларди. Ҳар бир футболчи худди Моуриньо сингари «Барселона»дан нафратланиши, уни ўз рақиби дебмас, душмани деб билиши керак бўларди. Майдонда футбол эмас, жанг кетиши керак эди. Моуриньо илк мавсумдаёқ бунинг уддасидан чиқди, энди «Реал» таркибида 11 нафар «Моуриньо» ҳаракат қила бошлади. Фойдаси бўлдими?

Ҳа. Мадридда ўтган жавоб ўйини дуранг билан якунланди. «Реал» ўйиннинг аксарият қисмини ҳимояда ўтказган бўлса-да, ўша «Барселона»га қарши фақат шундай ўйнаш мумкин эди ва «Реал» бунинг уддасидан чиқа бошлаганди. Орадан бир ҳафта ўтиб, кубок финалида натижа янада яхшиланди - бу сафар қўшимча вақтда Роналдунинг голи мадридрикларга ғалаба келтирди. Гвардиола даврида илк бор «Барселона» класикони бой берди, илк бор «Реал» рақибидан бир совринни тортиб олди. Олдинда эса, яна бир катта луқма - Чемпионлар Лигаси ярим финали турарди.

Зиддиятлар ва адоват ЕЧЛ ярим финал ўйинлари даврида авжига чиқди. Моуриньо жангда ҳар қандай қурол мубоҳ деб, айниқса, матбуот орқали босим қила бошлади. Мадрид ва Барселона ўртасида, футболчилар ўртасида, мухлислар ўртасида «зиддият осмонга чиқиб кетди». Одатда матбуот анжуманларида у қадар фаол бўлмаган Гвардиола ҳам ўзини тутиб тура олмади - «Жозе тил билан жанг қилишга жуда уста, мен унга майдонда кўрсатиб қўяман», - деяётганда аслида Пеп ҳам айнан тил билан курашишни бошлаб юборганди. Бу жанг яна бир йил давом этишини, Пепни футболдан кўра айниқса Жозе билан даҳанаки жанглар чарчатганини кейин сездик: испаниялик мураббий кутилмаганда «Барселона»ни тарк этди. Умуман, журналистлар мана шу икки йил ҳар икки мураббий учун оғир ўтганини эътироф этиб, уларнинг ўзгарганликларига эътибор қаратганди - Пепнинг сочлари тўкилиб кетган, Моуриньонинг сочларида оқлар кўпайган.

Пепега кўрсатилган қизил карточка, Игуаиннинг ҳисобланмаган голи ва яна бир қатор кичик жанжаллар билан ўтган ярим финаллар (2:0, 1:1) «Барселона»нинг устунлигида тугади.

Аммо биласизми, доимий қаршилик, доимий жанг футбол ўйнашга асосланган «Барселона»ни чарчатди. «Барселона»нинг нафис футболига қарши Моуриньо «Реал»да жисмоний кураш ва иродага асосланган ўз футболини қўйди - кейинги йилда ниҳоят «Реал» мунтазам равишда «Барселона» билан муваффақиятли ўйинлар ўтказа бошлади. Бунинг ортидан Испания чемпионлиги қўлга киритилди.

БАВАРИЯ - ЧЕЛСИ (2013)

Гвардиола «Барселона»ни ёрдамчиси Тито Вилановага қолдириб кетди. Виланова ҳам бевақт ўлим туфайли мавсумни охиригача етказа олмади. Бу вақтга келиб, ниҳоят Испанияда чемпион бўлган «Реал» футболчилари ҳам доимий зиддиятлардан чарчаган, класикода аввалги азарт қолмаганди. Бундай вазиятда Моуриньони футболчилар билан бирлаштириб турган боғ ҳам узилди, ички муаммолар чиқа бошлади. Учинчи мавсум охирида у Мадридни тарк этиб, собиқ жамоаси «Челси»га қайтди.

Орада бир йил дам олган Гвардиола футболга, «Бавария» бош мураббийи сифатида қайтди. Чемпионлар Лигаси ва Бундеслигани Хайнкесс қўл остида ютиб олган мюнхенликлар Пеп билан олдиндан шартнома қилиб қўйишганди. «Челси» эса, анъанавий равишда мураббийни истеъфо чиқарган мавсумда еврокубок ютиб олганди. Рафа Бенитес лондонликларни Европа Лигаси ғолибига айлантирди. Демак, янги иш жойида иш бошлаган икки мураббий мавсумнинг илк ўйинида Европа Суперкубоги учун баҳсда яна тўқнаш келди.

Ўйин охирларигача «Челси» ҳисобда олдинда борди. Аммо сўнгги дақиқаларда «Бавария» ҳисобни тенглаштириб, ўйинни пенальтилар сериясига ўтказди. Бу сафар ҳам Пеп жамоасининг қўли баланд келди. Пенальтилар сериясидаги сўнгги зарбани ижро этган Ромелу Лукаку хатога йўл қўйди.

Бундан жаҳли чиққан Жозе Моуриньо Лукакуни «Эвертон»га сотиб юборганди. Орадан тўрт йил ўтиб эса, энди «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи сифатида бельгиялик ҳужумчини рекорд нархга сотиб олади.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД - МАНЧЕСТЕР СИТИ (2016 - )

Қайсидир маънода «Олд Траффорд» бошқарувига ҳам бу икки мураббий номзоди кўриб чиқилган. Луи ван Гаал (ҳа, у ҳалиям тирик) манчестерликларни қаноатлантирмай қолгач, 2015/16 йилги мавсум ўрталарида ҳар икки мураббий ҳам деярли бўш - Моуриньо «Челси»дан истеъфога чиқарилган бўлса, Гвардиола Мюнхендаги сўнгги мавсумини ўтказаётган, у ердаги майда келишмовчиликлар туфайли, кетиши аниқ бўлиб улгурганди.

Луининг иш услуби, йиққан таркиби кўпроқ Гвардиолага мос туюлган бўлса-да, «қўшнилар» отни илгарироқ қамчиладилар ва бир пайтлар Барселонада бирга ишлаган дўсти Чеки Багиристайн орқали Пепни Манчестерга, фақат шаҳарнинг нариги тарафига келишга кўндирдилар. Бундай вазиятда «қизил Манчестер» бошида Моуриньодан бошқа номзодни тасаввур қилиб бўлмасди. Икки гигантнинг навбатдаги рақобати нафақат футбол, балки маркетинг нуқтаи назаридан ҳам АПЛни безаб бериши табиий эди. Жаноб Вудворд эса, бундай нарсаларни жуда яхши кўради.

Лекин барча шароитлар идеал бўлса-да, кўпчилик ўйлагандан қонли жангларни кўрмадик. Биринчи сабаби, футбол. Дастлабки мавсумда ҳар икки мураббий ўзи билан ўзи бўлиб, ички муаммоларни ҳал қилиш билан машғул бўлишди, кўпчилик кутган чемпионлик рақобати юзага келмади. Иккинчидан, Антонио Конте, Юрген Клопп каби янги, «рокн-роллчи авлод» вакиллари пайдо бўлди-ки, уларнинг фонида Пеп ва Жозе салобатли, жиддий ва эски давр мураббийларига ўхшаб қолди. Худди уришиш ярашмайдигандек.

Аммо барибир асосий сабаб сифатида, турнирдаги рақобатни айтиш мумкин. Гвардиола ўзининг иккинчи мавсумида ўз жамоасини қуришга улгурди ва Англияда уларга тенг келадиган жамоа топилмаяпти. Жозе эса, «МЮ»да ўз муаммолари билан шу қадар ўралашиб қолдики, ики марта истеъфо ёқасига бориб келди. Энди етти йил олдинги ҳолат унутилган, Пепни тахтдан ағдарадиган ягона номзод сифатижа Жозе ва унинг футболи эмас, Юрген Клопп тилга олинмоқда. Ҳатто Пепни майдонда энг кўп мағлубиятга учратган мураббий ҳам энди Моуриньо эмас, айнан Клоппдир.

Пеп ва Жозе қарама қаршилиги фақат дербида, футболчилар бир-бирларига қарши майдонда тизиладиган кунда эсга олинмоқда холос. Ҳа, бугун шундай кун.

Моуриньо ва Гвардиоланинг барча ўзаро баҳслари

1. «ИНТЕР» - «БАРСЕЛОНА» - 0:0 (2009 йил, октябрь, ЕЧЛ гуруҳ босқичи)

2. «БАРСЕЛОНА» - «ИНТЕР» - 2:0 (2009 йил, ноябрь, ЕЧЛ гуруҳ босқичи)

3. «ИНТЕР» - «БАРСЕЛОНА» - 3:1 (2010 йил, апрель, ЕЧЛ, ярим финал)

4. «БАРСЕЛОНА» - «ИНТЕР» - 1:0 (2010 йил, апрель, ЕЧЛ, ярим финал)

5. «БАРСЕЛОНА» - «РЕАЛ» - 5:0 (2010 йил, ноябрь, Ла Лига)

6. «РЕАЛ» - «БАРСЕЛОНА» - 1:1 (2011 йил, апрель, Ла Лига)

7. «БАРСЕЛОНА» - «РЕАЛ» - 0:1 (2011 йил, апрель, Испания кубоги финали)

8. «РЕАЛ» - «БАРСЕЛОНА» - 0:2 (2011 йил, апрель, ЕЧЛ, ярим финал)

9. «БАРСЕЛОНА» - «РЕАЛ» - 1:1 (2011 йил, апрель, ЕЧЛ, ярим финал)

10. «РЕАЛ» - «БАРСЕЛОНА» - 2:2 (2011 йил, август, Испания Суперкубоги)

11. «БАРСЕЛОНА» - «РЕАЛ» - 3:2 (2011 йил, август, Испания Суперкубоги)

12. «РЕАЛ» - «БАРСЕЛОНА» - 1:3 (2011 йил, декабрь, Ла Лига)

13. «РЕАЛ» - «БАРСЕЛОНА» - 1:2 (2012 йил, январь, Испания кубоги, чорак финал)

14. «БАРСЕЛОНА» - «РЕАЛ» - 2:2 (2012 йил, январь, Испания кубоги, чорак финал)

15. «БАРСЕЛОНА» - «РЕАЛ» - 1:2 (2012 йил, апрель, Ла Лига)

16. «БАВАРИЯ» - «ЧЕЛСИ» - 2-2 (2013 йил, август, Европа Суперкубоги)

17. «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» - «МАНЧЕСТЕР СИТИ» - 1:2 (2016 йил, сентябрь, АПЛ)

18. «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» - «МАНЧЕСТЕР СИТИ» - 1:0 (2016 йил, октябрь, Англия Лига кубоги)

19. «МАНЧЕСТЕР СИТИ» - «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» - 0:0 (2017 йил, апрель, АПЛ)

20. «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» - «МАНЧЕСТЕР СИТИ» - 1:2 (2017 йил, декабрь, АПЛ)

21. «МАНЧЕСТЕР СИТИ» - «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» - 2:3 (2018 йил, апрель, АПЛ)

Ҳаммаси бўлиб 21 учрашув. Бундан 9 ўйинда Пеп Гвардиола, 5 ўйинда Моуриньо ғалаба қозонган. 7 ўйин дуранг натижа билан тугаган. Мураббийларнинг бугунги жамоалари ўртасидаги ўйинларда тенглик ҳукм сурмоқда: 5 ўйин, 2тадан ғалаба ва мағлубият, бир дуранг. Тўплар нисбати - 6-6.

Олтинчи ўйин бугун, Тошкент вақти билан 21:30да, «Манчестер Сити» майдони бўлмиш «Этиҳад Стадиум»да бўлиб ўтади.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади