«Ювентус»нинг энг яхши хорижлик тўпурари клубга қайтди
Nov. 9, 2018, 3:49 p.m. 10114

«Ювентус»нинг собиқ ҳужумчиси Давид Трезеге фаолиятини яна Турин жамоасида давом эттиради. Бу ҳақда «бьянконери» расмий сайти маълум қилган.

Франция терма жамоасининг собиқ аъзоси «кекса синьора» билан 3 йиллик шартнома имзолаб, клуб элчиси вазифасини бажарадиган бўлган. У жаҳон бўйлаб «Ювентус» бренди тарғиб этиладиган турли тадбирларда иштирок этади.

«Ювентус» брендининг элчисига айланганимдан фахрланаман. Клуб тижорий йўналишда жуда катта ишларни амалга оширяпти. Раҳбарият томонидан қўйилган вазифалар ижросини таъминлашда иштирок этиш, мухлисларимиз ва ҳомийларимиз билан ишлаш жуда мароқли бўлади. Менга бундай имкониятни бергани учун «Ювентус»га ташаккур айтаман, чунки бу менга шахс сифатида ривожланишимга ҳам ёрдам беради», - деб айтиб ўтди Трезеге клуб телеканалига берган интервьюсида.

Ўтган ойда 41 ёшини қаршилаган собиқ ҳужумчи 2000-2010 йиллар давомида Турин жамоаси шарафини ҳимоя қилган ва 11 мавсумда 171 та гол уриб, клуб тарихидаги энг яхши хорижлик тўпурар бўлган.