«Ювентус» билан ўйин олдидан қўлимизда рўмолча билан йиғлаб ўтирмоқчи эмасмиз»
Nov. 9, 2018, 3:12 p.m. 8877

«Милан» бош мураббийи Женнаро Гаттузо жамоа таркибида жароҳат олиб сафдан чиққан ўйинчилар кўплигига қарамай, А Сериянинг навбатдаги турида «Ювентус»га етарлича қаршилик кўрсата олишига ишонишини айтиб ўтди.

«Тиббиёт бўлимининг хулосасини кутишим керак, чунки мен мураббийман, шифокор эмас. Жароҳатлар ҳақида ўйлаб ўтиришдан маъно йўқ, биз айни вақтда қўл остимизда бўлган ўйинчилар билан олға интиламиз. Биз охиригача курашамиз, чунки баҳона излаш билан ҳеч қаерга бора олмаймиз.

«Ювентус» - нафақат Италиянинг, балки Европанинг энг яхши жамоаларидан бири. Аммо вазият қандайлигидан қатъи назар, биз қўлимизда рўмолча билан йиғлаб ўтириш ниятида эмасмиз. Майдонга чиқамиз ва ўз ўйинимизни кўрсатамиз», - деган Гаттузонинг сўзларини келтириб ўтди Sky Sport Italia.

Маълумот учун, кеча Европа лигасида «Бетис»га қарши кечган ўйин (1:1) якунланишига бир неча дақиқа қолганида «россонери» ҳимоячиси Матео Мусаккио жамоадоши Франк Кессье билан тўқнашиб кетиб, ҳушидан кетган. Эндиликда жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бирининг «Юве»га қарши ўйингача сафга қайтиши сўроқ остида қолмоқда.

«Милан» - «Ювентус» баҳси 11 ноябрь, якшанба куни бўлиб ўтади. «Сан-Сиро»даги баҳс Тошкент вақти билан тунги соат 00:30да бошланади.