УЕФА Хитой компанияси билан кўп миллионлик шартнома имзолади
Nov. 9, 2018, 8:29 p.m. 1483

Хитойнинг онлайн тўлов платформаси Alipay Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) билан 2026 йилгача мўлжалланган 8 йиллик шартнома имзолади.

Financial Times хабарига кўра, контрактнинг нархи – 200 млн еврога тенг.

Битим шартларига кўра, Аlipay Евро-2020 ва Евро 2024 мусобақасининг глобал ҳомийси бўлади. Айни пайтда бу функцияни Volkswagen автомобиль концерни ва меҳмонхоналарни онлайн банд этиш сервиси Booking.com бажармоқда. Аввалроқ, улар УЕФА билан 2022 йилгача мўлжалланган шартнома имзолашган эди.

УЕФА президенти Александер Чеферин Шанхайда ўтказилган шартномани имзолаш маросимида Alipay ўзининг глобал ҳамкорлари билан 900 миллион фойдаланувчини қамраб олишини қайд қилди. Хитой компанияси УЕФА билан молиявий технологиялар соҳасида ҳамкорлик қиладиган бўлди.

Чеферин сўзларига кўра, УЕФА Европанинг 12 мамлакати стадионларида ўтказиладиган Евро-2020 ва Германияда бўлиб ўтадиган Евро-2024 мухлисларига тўловнинг алоҳида шартларини таклиф қилади.

Alipay тўлов тизими хитойлик миллиардер Жек Ма томонидан ташкил қилинган. Forbes маълумотига кўра, 2018 йил ҳолатига унинг бойлиги 39 миллиард долларга тенг. Хитой компанияси УЕФА ёрдамида ўз брендининг оммавийлигини оширишни кўзлаган.