Руни хайрлашув учрашувини захира ўриндиғида бошлайди
Nov. 9, 2018, 9:37 a.m. 4676

Англия терма жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейт «Ди Си Юнайтед» ҳужумчиси Уэйн Руни АҚШга қарши кечадиган ўртоқлик ўйинини захира ўриндиғида бошлашини маълум қилди. Унинг интервьюсини Sky Sports чоп этган.

«У 10-рақам остида майдонга тушмайди, чунки ўйинни асосий таркибда бошламайди. Сардорлик масаласига келсак, Уэйн охирги марта жамоа сафида майдонга тушганида Ҳендерсон боғични дарҳол унга берган эди. Ўйлашимча, бу сафар ҳам барчаси майдондаги вазият ва ўйинчиларнинг ўзларига боғлиқ бўлади. Мен учун бу жуда жиддий аҳамиятга эга эмас», - деб айтиб ўтди Саутгейт.

Рунининг термадаги хайрлашув учрашуви 15 ноябрь, пайшанба куни «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтади. Ўйин 33 ёшли футболчининг хайрия фонди кўмагида ўтказилмоқда. Уэйн учун бу баҳс терма жамоа либосидаги 120-ўйин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ҳужумчи 2016 йилда халқаро фаолиятига якун ясаган эди. У жами ҳисобда 119 ўйинда 53 та гол киритган ва бу натижа билан «уч шерлар» тарихидаги энг яхши тўпурар саналади.