«Манчестер Сити»нинг яна бир хуфёна иши фош этилди
Nov. 9, 2018, 3:29 p.m. 4533

«Манчестер Сити» 2009-2013 йилларда жамоа бош мураббийи сифатида ишлаган Роберто Манчинининг ҳақиқий маошини яшириб келган. Бу ҳақда Football Leaks суриштирув гуруҳи хулосаларига таяниб, Der Spiegel хабар тарқатди.

Манба маълумотига кўра, италиялик мутахассисга йилига 3,2 миллион фунт иш ҳақи тўланган. Аммо, мураббий билан шартномага мувофиқ, унинг йиллик маоши 1,45 млн фунтни ташкил этган; қолган 1,75 млн фунтни Манчини БААнинг «Ал-Жазира» клуби орқали олган. Абу Дабининг ушбу жамоасига ҳам «шаҳарликлар» хўжайини шайх Саид Бин-Зайид эгалик қилади.

Суриштирувнинг аниқлашича, қўшимча маблағлар Манчинига гўёки араб клубида махсус маслаҳатчи сифатидаги хизматлари учун тўланган.

Роберто Манчини клубдаги 3,5 йиллик фаолияти мобайнида Премьер-лига, Англия кубоги ва суперкубоги мусобақаларида бир мартадан бош соврин соҳиби бўлган. Ҳозирда у Италия терма жамоасига устозлик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ман Сити» ҳозирги бош мураббийи Хосеп Гвардиола билан шартномани хуфёна имзолагани маълум қилинганди.