Европа лигаси фаворитлари ҳафтанинг энг яхши ўйинчиси бўлишга номзодлар сирасига киритилмади
Nov. 9, 2018, 8:24 a.m. 1341

Европа лигаси гуруҳ босқичининг 4-тур ўйинларига асосан мусобақада ҳафтанинг энг яхши футболчиси бўлишга номзодлар эълон қилинди.

Даъвогарлар тўртлигидан «Фенербахче» яримҳимоячиси Матьё Вальбуэна, «Зальцбург» ҳужумчиси Такуми Минамино (суратда), «Айнтрахт» яримҳимоячиси Мият Гачинович ва «Олимпиакос» хавбеки Костас Фортунис жой олди.

Вальбуэна «Андерлехт» билан ўйинда (2:0) биттадан гол ва самарали пасга муаллифлик қилди, Минамино эса «Розенбург» таслим этилган баҳсда (5:2) ҳет-трикка эришиш баробарида дарвоза томон 4 та аниқ зарба йўллади.

Йирик ҳисоб қайд этилган яна бир ўйин - «Олимпиакос» - «Дюделанж» учрашуви (5:1) қаҳрамонларидан бири, мезбонлар яримҳимоячиси Фортунис учта голда иштирок этди (2+1). «Айнтрахт» хавбеки Гачинович «Аполлон» билан сафардаги баҳсда (3:2) ҳисобни йирик кўринишга келтирган гол муаллифи бўлиш билан бирга, иккинчи голга ассистентлик ҳам қилди.

Эслатиб ўтамиз, турнирнинг 3-турдаги энг яхшиси ўйинчиси эътирофи «Челси» яримҳимоячиси Рубен Лофтус-Чикка насиб этган эди.