Дрогба 40 ёшида фаолиятига якун ясади
Nov. 9, 2018, 2:10 p.m. 3792

«Челси»нинг собиқ ҳужумчиси Дидье Дрогба фаолиятидаги сўнгги ўйинини ўтказди. У 2017 йил баҳоридан буён Американинг иккинчи дивизиони – USL вакили «Финикс Райзинг» шарафини ҳимоя қилиб келаётган эди.

Финикс шаҳри жамоаси бугун USL финалида «Луисвилл Сити» клубига қарши майдонга тушиб, 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Ушбу баҳсдан сўнг Дрогба бутсаларини михга илди. Қайд этиш жоиз, у «Финикс Райзинг» клуби хўжайинларидан бири саналади.

Дидье асосан «Челси»даги фаолияти билан яхши танилган. У Лондон клуби тарихида энг кўп гол урган хорижлик футболчи ҳисобланади. 2004-2012 ва 2014-2015 йиллардаги фаолияти давомида «кўклар» либосида 164 та тўп киритган ҳужумчи клубнинг умумий тўпурарлар рўйхатида 4-ўринда туради.

Дрогба 2002-2014 йиллар оралиғида Кот-дИвуар терма жамоасининг 104 ўйинида қатнашиб, 65 та гол киритган ва бу натижа билан терма жамоанинг энг яхши тўпурари ҳисобланади. У 2006 ва 2009 йилларда Африканинг энг яхши ўйинчиси деб эътироф этилган.