Ўзбекистонлик ҳакамлар Осиё Кубоги-2019да ишлайди
Nov. 8, 2018, 10:38 a.m. 1763

Осиё футбол конфедерацияси 2019 йилнинг 5 январь - 1 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги мусобақасига таклиф этилган ҳакамлар, ёрдамчи ҳакамлар ва бошқа расмийлар рўйхатини эълон қилди.

ЎФА хабарига кўра, ундан ўзбекистонлик реферилар - Равшан Эрматов, Валентин Коваленко ва Ильгиз Танташев, шунингдек, рефери ассистентлари Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов ҳам жой олган. Бундан ташқари, Фарҳод Абдуллаев мусобақада ҳакамлар инструктори сифатида фаолият юритади.

Ўзбекистонлик ҳакамлардан ташқари Осиё Кубогида ишлаш учун Австралия, Баҳрайн, Хитой, Гонконг, Эрон, Ироқ, Иордания, Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Малайзия, Уммон, Қатар, Сингапур, Шри-Ланка, БААдан ҳам ҳакамлар таклиф этилган.