«Реал»нинг еврокубоклардаги энг яхши тўпурарлари учлигида ўзгариш бўлиши кутилмоқда
Nov. 8, 2018, noon 6309

«Реал» ҳужумчиси Карим Бензема «Виктория Пльзень» билан кечган ўйинда (5:0) дубль қайд этиб, «қаймоқранглилар» либосида урган голлари сонини 201 тага етказиб қўйди.

Шу тариқа, франциялик футболчи икки юзлик маррани босиб ўтган «Реал»нинг еттинчи футболчиси бўлди. Клуб тўпурарлари рўйхатини Криштиану Роналду 450 та гол билан бошқариб бормоқда. Ундан кейинги ўринларда Рауль Гонсалес (323), Альфредо Ди Стефано (308), Карлос Сантильяна (290), Ференц Пушкаш (242) ва Уго Санчес (208) жой олган.

Қайд этиш жоиз, Бензема кечаги дубли билан еврокубокларда урилган голлар сони бўйича рўйхатнинг 4-ўрнига кўтарилиб олди. У 48-маротаба рақиблар дарвозасини ишғол этиб, Сантильянадан битта голга ўзиб кетди; яна иккита гол урса, бу борада Альфредо Ди Стефанони (49 та голга эга) ҳам ортда қолдириб, юқори учликдан жой олади.

Эслатиб ўтамиз, Карим «қироллик клуби»га 2009 йили «Лион» сафидан келиб қўшилган эди. У жамоа билан 16 та совринга эга чиққан, улар орасида ЕЧЛнинг 3 та кубоги ва Испания чемпионатининг 2 та бош соврини ҳам бор.