Моуриньо ФАни ҳам «тролл» қилди
Nov. 8, 2018, 12:01 p.m. 7724

ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Ювентус» устидан қозонилган ғалабадан (2:1) сўнг, «Манчестер Юнайтед» устози Жозе Моуриньо Англия Футбол Ассоциацияси устидан ҳам ҳазил қилди. 

Гап шундаки, учрашув ўз ниҳоясига етиши билан португалиялик мураббий майдонга чиқиб, қўлини қулоғига олиб бориб, «эшитмаяпман» деган қиёфада туринлик мухлисларга қулоғини тутганди. Кейинчалик, бу ҳаракатида бироз қизишиб кетганини таъкидлаган Моуриньо медиа зонасида бироз бошқача, ҳазиломуз интервью берган. 

- «Сиз итальян тилини биласизми?» – деб сўради Жозе, уни ушбу вазият борасида саволга тутган журналистдан. 
- «Йўқ»
- «У ҳолда ФАдан сўранг, таржима қилиб беришади».

Эсингизда бўлса, Англия Премьер Лигаси доирасидаги «Ньюкасл»га қарши ўйиндан (3:2) сўнг, Моуриньо телекамерага португал тилида нимадир деган ва ўшанда ножоиз сўзлар айтилгани иддао қилиниб, ФА Моуриньога қарши иш очганди. Оқибатда айбловлар асоссиз деб топилиб, мураббий жазодан қутулиб қолганди.