Александер Чеферин УЕФА президентлиги учун ягона номзод бўлди
Nov. 8, 2018, 5:50 p.m. 1948

УЕФАнинг амалдаги президенти Александер Чеферин ташкилот раҳбарлиги учун сайловда ягона номзод сифатида иштирок этадиган бўлди. Бу ҳақда УЕФА матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, сайлов учун номзодлик аризаларини қабул қилиш кеча, 7 ноябрь куни тўхтатилган ва бу вақтга қадар фақат словениялик функционер ушбу лавозимни эгаллаш истагини билдирган.

УЕФА президентлиги учун овоз бериш жараёни 2019 йилнинг 7 февралида, ташкилотнинг Римда чақириладиган Конгресс мажлисида бўлиб ўтади. Ташкилот раҳбари бир вақтнинг ўзида ФИФАда вице-президент лавозимини ҳам эгаллайди.

Маълумот учун, Чеферин ташкил этилганига 60 йилдан ошган УЕФАнинг еттинчи президенти саналади. У 2016 йил сентябрь ойидан буён Европа футболига раҳбарлик қилиб келмоқда. Бунга қадар Словения футбол ассоциацияси президенти, УЕФАнинг Ҳуқуқий қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.