Ўзбекистон ОТЖнинг Токио олимпиадаси йўлидаги илк рақиблари маълум бўлди
Nov. 7, 2018, 1:01 p.m. 3709

2019 йилнинг март ойида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Тошкентда Осиё чемпионати саралашида қатнашади. Ушбу саралашда ғолиб чиққан жамоа 2020 йил Таиландда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.

Таиланддаги Осиё чемпионатида 1-3 ўринни қўлга киритган терма жамоалар Токио-2020 олимпиадасида қатнашиш имкониятига эга бўлади.

ЎФА матбуот хизматининг маълум қилишича, бугун чемпионати саралашига қуръа ташланди. Унга кўра Ўзбекистон олимпия терма жамоаси "F" гуруҳида Ҳиндистон, Тожикистон ва Покистон терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олди. Баҳслар келаси йилнинг 22-26 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Регламентга асосан, саралаш Шарқ ва Ғарб минтақасига бўлинган ҳолда ўтказилади. Ҳар икки минтақадаги гуруҳда 1-ўринни қўлга киритган жами 11та терма жамоа Осиё чемпионатига тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритади. Уларга ўз гуруҳларида энг яхши натижа қайд этган 4та иккинчи ўрин соҳиблари ҳамда мезбон сифатида Таиланд ҳам қўшилади.  

Шу тариқа, Осиё чемпионатида 16 та терма жамоа иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги қитъа биринчилиги ҳар 2 йилда бир марта ўтказилади. Ўзбекистон олимпия термаси турнирнинг амалдаги чемпиони саналади. Шу йил бошида Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги жамоа Хитойда ўтган чемпионатда бош совринни қўлга киритган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳозирга қадар Олимпиада финал босқичида иштирок этмаган.