Тошкентда аёллар ўртасида халқаро мусобақа ўтказилади
Nov. 7, 2018, 8:05 p.m. 465

Шу йилнинг 23 ноябрь - 1 декабрь кунлари пойтахтимиз аёллар ўртасидаги Марказий Осиё футбол ассоциациялари чемпионати - «CAFA Women’s Championship 2018» турнирига мезбонлик қилади. 

Унда Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Эрон ва Ўзбекистон аёллар  терма жамоаси иштирок этади. Барча ўйинлар «Миллий» стадионда бўлиб ўтади. 

Баҳром Норсафаров бошчилигидаги Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мазкур мусобақага тайёргарлик кўриш мақсадида, миллий чемпионат якунига етганидан кейин 18 ноябрдан бошлаб, «Чиғатой» спорт базасида ўқув машғулотларига киришади. 

Мусобақа регламентига кўра, терма жамоалар ўзаро бир-бирлари билан бир давра кўринишида ўйин ўтказишади. Энг кўп очко тўплаган жамоа ғолибликка эришади.

Аввалроқ, юртимизда Марказий Осиё футбол ассоциацияси томонидан 15 ва 16 ёшли футболчилар ўртасида иккита мусобақа ўтказилган эди.