Мбаппенинг нега «Реал»га эмас, балки «ПСЖ»га ўтиши тафсилотлари ошкор қилинди
Nov. 7, 2018, 6:18 p.m. 10170

Франциянинг L’Equipe нашри Football Leaks ҳисоботи асосида ҳужумчи Килиан Мбаппенинг 2017 йил ёзида «Монако»дан «Пари Сен-Жермен» клубига ўтиши билан боғлиқ маълумотларни чоп қилди.

2016/17 мавсуми тугагач, ёш футболчи «Монако» клубидан маошини 16 баробар ошириб, 8 миллион еврога етказилишини талаб қилган ва бу борада Радамель Фалькао билан тенглашиб олишни истаган. 

Клуб рад жавобини берган ва 20 июль куни футболчининг трансфери бўйича «Реал» билан келишиб олган. Унинг шартларига асосан, мадридликлар «Монако»га 180 миллион евро тўлаши, шундан 30 миллион евро бонуслар кўринишида бўлиши керак эди. Бироқ, кейинчалик бу қиймат 214 миллион еврога етган, чунки «Реал» футболчининг трансфери билан боғлиқ солиқларни тўлашни ҳам ўз зиммасига олган.

Охир-оқибатда Мбаппе «Реал»га ўтишни истамай, «ПСЖ» клубини танлаган. Чунки, айнан парижликлар Килианнинг қўйган шартларини бажаришга рози бўлишган. Биринчидан, Мбаппе шартнома имзолаш учун 5 миллион евро бонус сўраган. Иккинчидан, йилига 10 миллион евро маош талаб қилган. Бироқ, томонлар 7 миллион еврога келишиб олишган ва бу қийматни йилдан-йилга ошириб, 12 миллион еврога етказишни белгилаб қўйишган. 

Қайд қилинишича, Мбаппе шартларининг баъзилари қисман бажарилган. Масалан, у «Олтин тўп»ни қўлга киритса, «ПСЖ» клубининг энг кўп маош олувчи футболчиси бўлишни истаган. Клуб эса фақат 500 минг евро мукофот беришга рози бўлган. Бундан ташқари, Мбаппе йилига 50 соат давомида шахсий самолётдан бепул фойдаланиш ҳуқуқини талаб қилган, аммо, бунинг ўрнига ҳайдовчи ва қўриқчи хизматини тўлаш учун 30 минг евро олган.

Football Leaks хабарига кўра, «ПСЖ» Мбаппени дастлаб ижарага олишидан мақсад – молиявий фэйр-плей қоидаларини бузмасликка уриниш бўлмаган. Чунки клуб 222 миллион еврога «Барселона»дан Неймарни олган эди. Бу ҳаракати билан парижликлар 30 миллион евро иқтисод қилиб қолишган.