Ибраҳимович қишда еврофутболга қайтиш эҳтимоли ҳақида гапирди
Nov. 7, 2018, 3:58 p.m. 3151

«Лос-Анжелес Гэлакси» ҳужумчиси Златан Ибраҳимович ҳозирча еврофутболга қайтиш ниятида эмас. Швециялик футболчи ҳатто ижара асосида бўлса-да клубини тарк этишни мўлжалламаяпти. 

«Клубим билан шартномам бор, - деган Ибраҳимовичдан иқтибос келтирди Sky Sports. – Қишда Европа клубларидан бирига ижара асосида ўтишни режа қилмаганман, бунга зарурат йўқ. Қайсидир клубга тегишли ўйинчиманми, демак бор эътиборимни ўша жамоага қаратишим керак. Кетиш ҳақида ўйлаётганим йўқ».

37 ёшли футболчи 2018 йилда клубнинг барча мусобақалардаги 34 ўйинида майдонга тушиб, 23 та гол ва 7 та самарали узатма муаллифи бўлди. Жамоа MLS чемпионатининг ғарбий минтақасида 7-ўринни эгаллаб, кубок плей-оффига чиқа олмади.