Football Leaks Мбаппенинг «ПСЖ»га қўйган яширин талабларини ошкор қилди
Nov. 7, 2018, 2:58 p.m. 11965

«ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе «Реал» аъзосига айланиши мумкин эди. 2017 йил ёзида Мадрид клуби ўша вақтда «Монако» аъзоси ҳисобланган футболчи учун 214 миллион евро таклиф қилган, деб хабар тарқатди Football Leaks.

Аммо якунда Мбаппе ижара ҳуқуқи асосида Парижга йўл олган, кейинчалик унинг трансфер ҳуқуқини сотиб олиш «ПСЖ»га 180 миллион еврога тушган эди.

Football Leaks`нинг аниқлашича, ҳужумчи ўшанда Франция чемпионидан 5 йил учун умумий 55 миллион евролик маош тўлашлари, хусусий самолёт билан таъминлашлари ва «Олтин тўп»ни қўлга киритган тақдирда, унга клубнинг энг кўп маош олувчи футболчиси статусини беришларини сўраган.

Бундан ташқари, Мбаппе, агар клуб молиявий фэйр-плей қоидаларини бузгани боис Чемпионлар лигасидан четлатилса, қўшимча компенсация тўлашларини ҳам талаб қилган.

Манбага кўра, ўша вақтда 18 ёшда бўлган ҳужумчининг маош борасидаги талаблари тўлиқ, қолган илтимослари эса қисман қаноатлантирилган.