Белграддаги сенсация ва Симеоненинг қасоси. ЕЧЛда 4-тур ўйинлари
Nov. 7, 2018, 3:43 p.m. 4508

«Трибуна» Европа Чемпионлар лигасининг 4-тури доирасида 4та гуруҳда ўтказилган учрашувлардан кейин юзага келган вазиятни таҳлил қилади.

Дортмундликларнинг илк мағлубияти

А гуруҳи
«Атлетико» – «Боруссия» Д – 2:0 (Сауль, 33. Гризманн, 80)
Ушбу ўйиндан олдин жамоалар кайфият жиҳатидан икки қутбда жойлашганди. Мадридликлар Испания чемпионатида Диего Симеоне давридаги энг ёмон стартни қайд этишмоқда, ЕЧЛда эса ўтган турда Дортмундда кечган учрашувда Симеоне давридаги энг йирик мағлубият қайд этилди (0:4). «Боруссия» эса янги бош мураббий Люсен Фаврнинг дебют мавсумидаёқ 15 учрашувдан иборат ғалабали серияни қайд этишди.

Бошқа томондан «матрасчилар»да мотивация томондан муаммо бўлмади, жамоа фақат ғалаба учун майдонга тушди. Ўйинни Диего Годин, Тома Лемар, Коке, Диего Коста ва Стефан Савич каби етакчи футболчилар ўтказиб юбораётгани сезилмади. Биринчи гол Фелипе Луиснинг ақл бовар қилмас рейдидан кейин урилди - Саул тўпга бир тегинида ҳисобни очди. Сауль Чемпионлар лигасида тўққизинчи голини урди. У тўққиз учрашувда ҳисобни очди.

Бу ўйинда Люсьен Фавр шогирдлари умуман ўзига ўхшамади, немислар жамоаси ўйин давомида бирор марта ҳам рақиб дарвозаси томон аниқ зарба йўлламади.

Ўйин охирига яқин қолганида Дортмунд жамоаси мағлубиятдан қутулиш мақсадида ҳужумга ўтганида Антуан Гризманн қарши ҳужумни муваффақиятли якунлади.

У энди «Атлетико»нинг ЕЧЛда 20дан ортиқ гол урган илк футболчиси. У мураббийи учун шу тариқа қасос олди.

«Монако»нинг қўрқинчли туши давом этади

«Монако» (Франция) - «Брюгге» (Бельгия) - 0:4 (0:3)
Голлар: Ванакен, 12 (0:1). Ванакен, 17 - пенальти (0:2). Уэсли, 24 (0:3). Вормер, 85 (0:4).

Монегаскликларда тушкунлик даври давом этмоқда. «Брюгге»га қарши ўйин арафасида жамоа президенти Дмитрий Риболовлев молиявий фирибгарликда айбланиб қўлга олинди. Таркибнинг деярли ярми жароҳат туфайли сафдан чиққан жамоа йирик ҳисобда мағлубиятга учради. Жамоа етакчиси Камил Глик жароҳатланганлар сафини тўлдирди. Энди жароҳатланган футболчилар сони 11 нафарга етди, Камилгача Субашич, Траоре, Раджи, Головин, Рони Лопеш, Пеллегри, Н’Дорам, Аолу ва Геббельс каби футболчилар лазаретдан жой олишганди.

«Монако»нинг ғалабасиз серияси энди 15 ўйинга етди. Раҳбарият бош мураббий Леонарду Жардимни ишдан бўшатиши ва унинг ўрнига Тьерри Анрини олиб келиши фойда бермаяпти. Франция чемпионати турнир жадвалида 19-ўринда бораётган жамоа ЕЧЛда амалда гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотди. Олдинда эса «ПСЖ»га қарши ўйин - 11 ноябрь куни монегаскликлар Франция чемпионатида 12 ўйинда 12 ғалабага эришган, бу ўйинларда рақиблари дарвозасини 41 бор ишғол қилган (-7) клубга қарши майдонга чиқади.

Кейн номли камбэк

В гуруҳи
«Тоттенҳэм» – ПСВ – 2:1 (Кейн, 78, 89 – де Йонг, 2)
Нидерландия жамоалари «Уэмбли»га тез-тез меҳмон бўлиб туришмайди. Охирги марта «Аякс» 1971 йили Англия стадионида ўйин ўтказганди, ўшанда голландлар Чемпионлар Кубоги финалида зафар қучишган. Эйндховен жамоаси ҳам бу ўйинни яхши бошлади, Люк де Йонг 61-сонияда ҳисобни очди, бу ПСВнинг ЕЧЛдаги энг тезкор голи бўлиш билан биргаликда, «Тоттенҳэм»нинг энг тез гол ўтказиши бўлди.

Маурисио Покеттино жамоаси еврокубоклардаги ғалабали сериясини 5 ўйинга етказмаслик учун жон-жаҳди билан ҳужум қилди. Лондонликлар биринчи бўлимда танаффуссиз ҳужум қилишди, аммо Зут қаҳрамонликлар кўрсатди. Шунингдек, унинг жамоадошлари зарбаларни тўсиш борасида турнир рекордини ўрнатишди.

Иккинчи бўлимда Льорентенинг майдонга ташланиши ҳал қилувчи вазият бўлди, у биринчи голни уриши учун Кейнни қулай вазиятга чиқарди.

89-дақиқада эса Кейннинг ўзи рикошетлардан фойдаланган ҳолда жамосига ғалаба келтирди. Бу ғалаба лондонликларда иккинчи ўрин учун курашиш имкониятини қолдирди.

Ҳарри Кейн эса ЕЧЛдаги 14 ўйинида 13 гол уриб, 2 голга ҳаммуаллифлик қилмоқда.

 

Икарди рози бўлмади

«Интер» (Италия) - «Барселона» (Испания) - 1:1 (0:0)
Голлар: Малком, 83 (0:1). Икарди, 87 (1:1). 
«Интер»: Ханданович, Врсалько, де Фрай, Шкриньяр, Асамоа, Политано (Кандрева, 81), Брозович (Мартинес, 85), Весино, Наингголан (Валеро, 63), Перишич, Икарди.
«Барселона»: тер Штеген, Серхи Роберто, Пике, Лангле, Жорди Альба, Ракитич, Бускетс, Артур (Видаль, 74), Дембеле (Малком, 81), Суарес, Коутинью.
Огоҳлантиришлар: Ракитич, 43. Брозович, 84. Перишич, 88. 
Ҳакам: Марчиняк (Польша).

20 октябрь куни «Севилья»га қарши ўйинда ўнг қўлидан жароҳат олган Лионель Месси Италияга жамоа билан йўл олганди. Мухлислар унинг қайтиши «Интер»га қарши ўйинда бўлишини кутишаётганди. Мессининг ўзи ҳам Миландаги ўйинда майдонга тушишни қаттиқ истаганди. Аммо ўйинга бир кун қолганида шифокорлар унинг ўйнашига рухсат беришмади. Эрнесто Вальверде ҳам таваккал қилишни истамади, қолаверса, каталонияликлар жамоаси бунгача Мессисиз кечган 4 ўйинда ҳам ғалаба қозонганди. «Интер»га қарши ўйин эса «Барселона»нинг бу мавсумда Мессисиз илк марта очко йўқотиши бўлди. 

Икарди Суаресга қарши
Миланликлар ҳужумчиси кузда юқори спорт формасига кирди. У А Сериянинг охирги 4 ўйинида 6 гол урган, ЕЧЛдаги 3 ўйинда 2 голга муаллифлик қилган. Каталонияликлар ҳужумчиси Луис Суарес ҳам Месси сафдан чиққанидан кейин тўпурарлик қобилияти сақланиб қолганини намойиш этмоқда. У эл-класикода (5:1) 3та, «Райо Вальекано»га қарши ўйинда (3:2) 2та гол уришга эришди.

Миланга сафар уругвайлик ҳужумчининг статистикасини тўғрилаб олиш учун имкон эди: ушбу футболчи ЕЧЛда 3 йилдан буён сафар ўйинларида гол ура олмаяпти. Охирги марта у 2015 йилнинг 16 сентябрида, «Рома»га қарши ўйинда (1:1) гол уришга эришганди. Шундан кейин 14 учрашувдан иборат «қуруқ серия» қайд этди. Апеннинга қайтиш унга ёрдам бериши керак эди.

Ёмғир остидаги қурғоқчилик

Италия шимолида айни кунларда ёғингарчилик. «Интер» бу ўйинда ғалаба қозониши шарт эди, «Тоттенҳэм» таъқиб этиб келмоқда. «Барса» эса бу ўйинда очко олиш орқали плей-офф масаласини муддатидан олдин ҳал қилиш имконига эга эди. Кўк-анорранглиларнинг мотивацияси устунроқ чиқди.

Каталонлар зарбалар бериш бўйича яққол устунликка эришди - 27:11 (аниқ зарбалар бўйича 8:1). Агар Ханданович бўлмаганида биринчи бўлимда 0:0 ҳисоби сақланиб қолмасди. Осмондан ёмғир қуяр, футболчилар вақт ўтган толиқишарди, аммо ҳимоячилар диққатни йўқотишмасди. 

«Сан-Сиро»даги асосий воқеалар ўйин охирида рўй берди. Миланликлар дарвозабонининг жасоратлари иккинчи бўлим охирига қадар етди. Ўз навбатида, мезбонлар ҳужумчилари - Политано ва Икарди ҳам аҳён-аҳёнда Тер Штегенга иш топиб туришди. Ўйин якунига 10 дақиқа вақт қолганида Вальверда жангга Малкомни ташлади. Катта можаро билан Каталония пойтахтига келган Малком шу вақтга қадар мураббий ишончига кира олмаётганди. Бразилиялик футболчи ўзига берилган имкондан унумли фойдаланди, 83-дақиқада Коутиньонинг пасидан кейин Ханданович қайтариб бўлмас зарбани қайтара олмади.

Аммо «Барселона» Миландан ғалаба билан қайта олмади - Икарди ўйин охирида катта саҳнага чиқди. Аргентиналик ҳужумчи рақиб жарима майдонида яхши позиция танлади ва яқин масофадан туриб дарвозани ишғол этди.

Икки жамоа ҳам очко олди, Малком асосий таркиб учун катта қадам ташлади, Суарес эса ЕЧЛ доирасидаги сафар ўйинларидаги голсиз сериясини 15 ўйинга етказиб қўйди.

Неаполдаги дуранг - «Ливерпуль» учун таскин

С гуруҳи
«Црвена Звезда» - «Ливерпуль» – 2:0 (Павков, 22, 29)

Бу ўйинда ҳам сиёсат аралашди. Яқинда «Арсенал» Бокудаги ўйинга арманистонлик яримҳимоячиси Генрих Мхитарянни олиб бормаганди, энди эса Юрген Клопп ЖЧ-2018 вақтида Швейцария терма жамоаси сафида Сербия дарвозасига гол урган ва голини Албания мустақиллиги ҳимоячиларига бағишлаган ҳолда қўллари билан ушбу мамлакат рамзи - бургутни ифодалаган Шердан Чақирини Белградга йўл олган таркибга киритмасликка мажбур бўлди.

«Црвена Звезда»нинг «Ливерпуль» устидан ғалабаси – кун сенсациясига айланди. Ўтган мавсумда ЕЧЛ финалчиси бўлган мерсисайдликлар бу мавсумда гуруҳ босқичидаги икки ўйинда мағлубиятга учрашди, Юрген Клопп жамоаси Неаполда ҳам, Белградда ҳам гол ура олмади.

Ўйин қаҳрамони кўпчиликка таниш бўлмаган 24 ёшли ҳужумчи Милан Павков бўлди, у ҳали ҳатто Сербия терма жамоасидан чақирув олмаган. Уни белградликлар ўтган мавсумда «Раднички»га ижарага бериб юборишганди, энди эса у бир неча дақиқа ичида «Ливерпуль» дарвозасига иккита гол урмоқда. Аввалига Павков бурчакдан тўп узатилган вазиятда Виржийл ван Дейк билан тўп учун курашда устун келиб ҳисобни очди, кейин эса Милнернинг хатосидан кейин тўпни эгаллаб олиб, Жоржиньо Вейналдумнинг таъқибидан қочиб кетган ҳолда узоқ масофадан аниқ зарба йўллади. 

«Ливерпуль»нинг ҳужумлари самарасиз кетди. Тўп гоҳ устундан, гоҳ тўсиндан қайтди, бошқа вазиятларда дарвозабон ва ҳимоячилар тўғри ҳаракат қилишди. 

«Црвена Звезда» «ўлим гуруҳи»да ўлмоқчи эмас, турнирни «ПСЖ» устидан ёрқин ғалаба билан бошлаган «Ливерпуль» эса ЕЧЛда қаторасига учинчи сафар учрашувида мағлуб бўлмоқда (жамоа ўтган мавсумда ярим финалда «Рома»га қарши жавоб учрашувида 2:4 ҳисобида мағлуб бўлган, «Реал»га қарши финал учрашуви бетараф майдонда - Киев шаҳрида ўтказилганди). Энди ЕЧЛдаги юбилей - 200-учрашувида «Ливерпуль» имкон қадар тезроқ рақиб дарвозасини ишғол этиши керак бўлади.

«Наполи» - «ПСЖ» – 1:1 (Инсинье, 62, пенальти – Бернат, 45+2)

Жанлуижи Буффоннинг Италияга, Эдинсон Каванининг Неаполга қайтиши «Сан-Пауло»даги ўйинни янада томошабопроқ қилиши кутилганди. Уругвайлик ҳужумчи белидаги оғриқ туфайли захира ўриндиғида қолди ва фақат охирги 15 дақиқа давомида майдонда ҳаракат қилди. «Ювентус»нинг собиқ дарвозабони эса «ПСЖ»ни бир неча марта голдан сақлади. Французлар жамоаси биринчи бўлим охирида Хуан Бернатнинг голи эвазига ҳисобни очди. Бу вазиятда Килиан Мбаппе бўш қолган дарвоза қаршисидаги Бернатнинг оёғига тўпни қўндириб қўйганди. Бу гол Бернат учун ЕЧЛда кейинги 2 мавсумдаги биринчи голи бўлди. У охирги марта 2016 йили Ростовда, «Бавария» сафида урганди.

«Наполи» камида дуранг учун ҳаракат қилди. Ва неаполитанликлар ўз мақсадларига эришишди. Тьяго Силванинг хатоси пенальтига олиб келди ва Инсинье Буффон билан дуэлда устун келди. Ушбу италиялик футболчи ЕЧЛдаги охирги 3 ўйинида 3 гол урмоқда. 

Бу ўйин Марек Ҳамшик учун «Наполи» сафидаги 512-ўйин бўлди – словакиялик футболчи клуб тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланди. Яқинда у клуб учун 120-голини уриб, клуб тарихидаги тўпурарлар рўйхатида афсонавий Диего Марадонани ортда қолдирганди.

Бу ўйиндаги дурангдан «Ливерпуль» хурсанд бўлди. Бу икки жамоа ўзаро ўйинларда 2тадан очко олишга эришди холос.

«Шальке» «Локо»га умид қолдирди

D гуруҳи
«Шальке» – «Галатасарой» – 2:0 (Бургшталлер, 4. Ут, 57)
«Порту» – «Локомотив» – 4:1 (Эррера, 2, Марега, 42, Корона, 67, Отавиу, 90+3 – Фарфан, 59)

Икки ҳафта олдин, 3-тур доирасида Истанбулда кечган учрашувда мезбонлар фақат мўъжиза туфайли дурангга эришишганди. Турклар жамоаси мураббийи Фотиҳ Терим ҳам буни тан олганди. Аммо бу сафар уларга омад кулиб боқмади. Ўйин бошидаёқ Муслера қўпол хатога йўл қўйиб, жамоасини қийин аҳволга солиб қўйди.

Иккинчи бўлимда Ут иккинчи голни уриб, жамоасининг ҳақли ғалабасини таъминлади.

«Локомотив» эса «Порту» қаршисида яна ожиз қолди - 1:4. Россиянинг амалдаги чемпиони 4 учрашувдаги 4 мағлубиятдан кейин ҳам Европа Лигасига йўлланма олиш имкониятини сақлаб қолмоқда. Бунинг учун москваликларга «Галатасарой» асосий рақиб бўлади. Туркларнинг Гельзенкирхендаги мағлубиятидан кейин икки жамоа ўртасидаги 4 очколик фарқ сақланиб қолган. Фотиҳ Терим ҳамон ЕЧЛ плей-оффини орзу қилиши мумкин, Юрий Сёмин эса фақат Европа Лигасини ўйлай олади.