Америка компанияси француз клубини 100 миллион еврога сотиб олди
Nov. 7, 2018, 2:17 p.m. 4311

Франциянинг M6 Metropole Television хусусий медиакомпанияси салкам 20 йиллик тасарруфидан сўнг «Бордо» клубини Американинг GACP инвестиция компаниясига сотди.

Reuters агентлигининг маълум қилишича, M6 Group бугун «Girondins de Bordeaux» футбол клубини Американинг General American Capital Partners инвестицион фондига 100 миллион евро (114 млн доллар)га сотиш ишларини якунлаган.

Телекомпания Бордо шаҳри жамоасини 1999 йилда харид қилган ва клубнинг 1980 йиллардаги шуҳратини қайта тиклашга умид қилган. Саксонинчи йилларда ушбу клуб 3 карра Франция чемпиони бўлиб, икки марта мамлакат кубогини қўлга киритган. M6 тасарруфига ўтгач эса, «Бордо» фақат бир мартадан биринчи дивизион чемпионлиги (2009) ва Франция кубогига (2013) сазовор бўлди.

Бу йилги мавсумда Рикардо Гомес қўл остидаги жамоа мусобақа жадвалининг ўрта поғоналарида бормоқда.