Станислав Андреев муғомбирлиги учун мавсум якунига қадар четлатилди
Nov. 6, 2018, 6:40 p.m. 5155

Суперлиганинг 29-туридан жой олган “Металлург” — “Навбаҳор” (1:0) ўйинида юз берган воқеалар ПФЛ тартиб-интизом қўмитаси томонидан кўриб чиқилди. 

ПФЛ хабарига кўра, комиссия аъзолари 27-дақиқада огоҳлантирилган Ислом Исоқжонов ҳамда 94-дақиқада огоҳлантирилган Станислав Андреевнинг ҳатти-ҳаракатларига жиддий эътибор қаратган.

Комиссия хулосасига кўра, Исоқжонов сариқ карточкани ўзи учун қасддан тилаб олмаган. Бироқ Андреевнинг ҳаракатларини бундай деб бўлмайди. У ўйин сўнгида вақтни атайин чўзган ва ҳакам томонидан сариқ карточка ишлаб олган. 

Комиссия хулосасига кўра, Андреев келаси турдаги “Пахтакор”га қарши ўйинни ўтказиб юбориш мақсадида бу ишга қўл урган. Чунки, энди унинг огоҳлантиришлари сони 4тага етган эди. Бу орқали Андреев мавсумнинг сўнгги икки турида бемалол ҳаракат қила олиши мумкин эди.

Тартиб-интизом қўмитаси регламентининг “Интизомий ва жарималар кодекси” 5-бўлим 5.6 бандида кўрсатилган “аҳлоқий меъёрларга амал қилмаслик, муғомбирлик ишлатиш ҳамда спортчига хос бўлмаган хулқи учун” қисмига беписандлик билан муносабатда бўлган “Металлург” футболчиси Станислав Андреевни 5 миллион сўм жаримага тортди ва қўшимча тарзда 31-тур ўйинидан ҳам четлатди. Андреев бунгача худди шундай банд билан жазога тортилганидан хулоса чиқармагани учун 32-турни ҳам ўтказиб юборади. Демак, унинг учун 2018 йилги мавсум ўз якунига етди.

Шу тариқа Станислав Андреев “Металлург”нинг нафақат “Пахтакор”, балки “Бунёдкор” ва “Бухоро” жамоаларига қарши ўйинларда иштирок эта олмайди. Келгусида ПФЛ бу каби ҳолатларни аниқлайдиган бўлса, футболчиларни жиддий жазо кутади. 

Бундан ташқари, ПФЛ комиссияси 29-турдан жой олган “Бухоро” — “Пахтакор” ўйинидаги Марко Симичнинг ҳам сариқ карточкасини ўрганиб чиққан. Чунки унда ҳам сариқлар сони 4 тага етган. Хулосага кўра, Симич ва “Бухоро” вакили Шаҳбоз Эркинов ўйин бошидан буён ўзаро чиқиша олмаган ҳамда сариқ карточка келишмовчилик ортидан келиб чиққан. ПФЛ бу ҳолатни ортиқча жазоларсиз ёпишга қарор қилди. Агар Симичда ҳам Андреевдаги каби ҳолат бор деб хулоса берилганида, “Пахтакор” ҳимоячиси учун ҳам 2018 йилги мавсум “эшиклари” ёпиларди.