А Серияда мавсумдаги учинчи истеъфо. «Эмполи» бош мураббийи туғилган кунида ишсиз қолди
Nov. 6, 2018, 8:35 a.m. 635

«Эмполи» бош мураббийи Аурелио Андреаццоли қониқарсиз натижалар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берди.

Италиялик мутахассис кеча, 65 ёшга тўлган куни ишдан бўшатилган.

Эмполи шаҳри клуби А Сериянинг жорий мавсумдаги 11 та ўйинидан фақат биттасида ғалаба қозонди. Жамоа 1-турдагина 3 очко олишга эришган, шундан сўнг 10 та ўйиндан буён мағлубият ва дуранг қайд этиб келмоқда. Клуб 2 ноябрь куни «Наполи» майдонидан 1:5 ҳисобидаги мағлубият билан қайтган эди.

Ҳозирда «Эмполи» 6 очко билан жадвалнинг 18-поғонасида бормоқда.

Андреаццоли бундан бир йил аввал жамоа устозлигига тайинланган ва уни B Серия чемпиони сифатида юқори лигага олиб чиққан эди. ОАВда ўрнини Жузеппе Якини эгаллаши мумкинлиги айтиляпти.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда «Кьево» ва «Женоа» клублари ҳам бош мураббийни истеъфога чиқарган эди.